Ўзбекистон | 20:25 / 20.12.2019
19950
3 дақиқада ўқилади

«Табиий ўсиб келган мухолифатга қаршилик қилмаслик керак» – Содиқ Сафоев

Сунъий яратилган мухолифат ҳеч қачон яхши натижа бермайди, деб ҳисоблайди Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.

Сенатор бу ҳақда «Янги Ўзбекистон - янги сайловлар» мунозара клубининг навбатдаги тадбиридан сўнг Kun.uz мухбири билан суҳбатда айтиб ўтди.

«Мени мухолифатнинг йўқлиги хавотирга солмаяпти. Агар ҳозирги замонда қандайдир сунъий мухолифат партия пайдо бўлганда, мана шу мени хавотирга солган бўларди.

Ҳеч қачон сунъий ташкил қилинган ёки олиб келинган мухолифат партияси иш бермаган ва бермайди.

Мухолифат бу жамиятнинг ички палагидан табиий ўсиб чиқиши керак. Бу мухолифат халқнинг орзу умидларини ифодалай олиши керак. Яна ҳукумат ўзи мухолифат партияни таъсис этиши керак, деган айрим фикрларни эшитяпман. Ахир бу ғайритабиий.

Бугунги парламент бугунги қонунлар асосида иш олиб бориши керак. Ўзбекларда яхши бир гап бор – борига бозор. Бугунги партияларимиз шу. Бугунги жараёнлар таҳлил қилиниши, ўрганилиши керак.

Бугунги дебатлар, қарама-қарши ва кескин мунозаралар. Аслида мана шу мухолифат илдиз отаётганининг кўрсаткич белгилари. Бизда энди вазият шундай бўлиши керакки, табиий ўсиб келган мухолифатга қаршилик бўлиши керак эмас.

Келажакда эса партияларни рўйхатга олиш тизимини қайта кўриб чиқиш керак. Бу менинг шахсий фикрим», – дейди Сафоев.

Сиёсатчи  Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти шу пайтга қадар Ўзбекистондаги бирор сайловга тўлиқ делегация билан келмагани ва бу йилги сайловларда кузатувчилар сони ошганининг сабаби нимадалиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарди.

«Бунга сабаб, албатта, Ўзбекистондаги ўзгаришлар, ислоҳотларнинг самимий эканлиги. Ташкилот вакиллари мана шунга ишонч ҳосил қилди ва бунинг исботини топмоқчи.

Мен мамнуният билан айтмоқчиманки, кузатувчилар фикрини ижобий беришди. Улар Ўзбекистонда ҳуқуқий муҳит ўзгараётгани, дебатлар бўлаётганини эътироф этишмоқда.

Айрим журналистлар кузатувчиларнинг фикри танқидий бўлди, дейишди. Лекин мен буни кўрмадим. Тўғри, мақталмаган, лекин ҳолат объектив кўрсатиб берилди».

Содиқ Сафоев, шунингдек, туман (шаҳар) ва вилоят депутатларига ҳокимларга ишончсизлик вотуми эълон қилиш ҳуқуқини бериш борасида ҳам ўз фикрларини билдирди.

«Ўйлашимча, жойларда демократиянинг чуқур илдиз отишини хоҳласак, Тошкент билан чегараланиб қолишимиз керак эмас.

Ҳокимиятларнинг бир-бирини тийиб туриш ва назорат қилиш имкониятлари жойларга, туманларга ҳам тушиши керак. Ўйлашимча, келгусида ҳокимиятлар бир-биридан ажралиши ва бир-бирини тийиб туриш тизимини яратишимиз керак. Шу жумладан, сиз айтган функция ҳам шунинг ичига кириб кетади», – деди Сенат раисининг биринчи ўринбосари.

Мавзуга оид