Ўзбекистон | 14:20 / 31.12.2019
45861
3 дақиқада ўқилади

Андижонда блогер учта айблов билан 15 суткага қамалди

Отабек Нуритдинов тахаллуси остида ижтимоий-сиёсий воқеаларга Facebook саҳифаси орқали ўз муносабатини билдириб келган блогер Абдуфатто Нуритдинов 15 суткага қамалди.

Туҳмат, ҳақорат ва майда безориликда айбланган блогер Андижон вилояти маъмурий судининг 30 декабрдаги қарорига асосан БҲМнинг 60 баравари миқдорида жаримага ҳам тортилган.

Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолат юзасидан айни пайтда Kun.uz мухбири суриштирув ўтказмоқда. Андижон вилоят ИИБ эса қуйидагича расмий изоҳ билан чиқди:

«Фуқаро Э.Якубов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилиб, «Facebook» ижтимоий тармоғи орқали «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт эгаси томонидан уни обрўсизлантирувчи, асоссиз ва туҳматдан иборат бўлган маълумотларни мунтазам равишда жойлаштириб келаётганлигини, шу сабабли унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Шунингдек, фуқаролар М.Исақова ва Ф.Бузруковлар ҳам «Facebook» ижтимоий тармоғидаги «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт эгасига нисбатан қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилган. М.Исақова ўзининг шикоятида жорий йилнинг 18 октябрь куни унинг шахсиятини шарманда қилувчи уйдирмалар тарқатиб, у ва унинг жамоасини «коррупцион ўчоқ» деб ҳақорат қилганлигини билдириб, туҳмат ва ҳақорат қилинганлиги, Ф.Бузруков эса ўзининг профили орқали «33 миллион аҳоли биттадан туфласа ҳам тупургига чўкиб ўласан, ойнага бир қарагин, яхшилаб эътибор бериб қарагин» деб ушбу профилга уни тасвирлаб, шахсиятига тегувчи «чўчқа» расмини жойлаб, уни қаттиқ ҳақорат қилганлигини билдирган.

Шунингдек, фуқаро А.Нуритдинов, жорий йилнинг 30 декабрь куни соат 10:30да жамоат жойи ҳисобланган Асака тумани Молия бўлимининг маъмурий биноси ёнида, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, ҳокимият ва давлат идораларининг вакилларига ноўрин талаблар қўйиб, фуқаро Б.Қоҳҳоровни хақоратли, уятли сўзлар билан сўкиб, фуқароларнинг осойишталигини бузувчи хатти-ҳаракатларни содир этган.

Олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида фуқаро А.К.Нуритдинов томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-(туҳмат), 41-(ҳақорат) ва 183-(майда безорилик) моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги аниқланиб, тўпланган ҳужжатлар ўрнатилган тартибда Андижон вилояти Маъмурий судига юборилган.

2019 йилнинг 30 декабрь куни Андижон вилояти Маъмурий судининг қарорига асосан, фуқаро Нуритдинов Абдуфатто Камолитдиновичга нисбатан:

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддаси билан БҲМнинг 30 баравари миқдорида 6.690.000 сўм жарима жазоси;

41-моддаси билан БҲМнинг 30 баравари миқдорида 6.690.000 сўм жарима жазоси;

183-моддаси билан 15 сутка маъмурий жазо белгиланиб, ушбу жазолар Кодекснинг 34-моддаси қўлланилган ҳолда узил-кесил ўташ учун 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган».

Мавзуга оид