Жаҳон | 22:07 / 04.01.2020
29584
1 дақиқада ўқилади

Ироқ ўз ҳудудида америкалик ҳарбийларнинг фаолиятига чеклов қўйди

Абдул Карим Халаф

Ироқ ўз ҳудудида АҚШ ҳарбий кучларининг фаолиятини чеклаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Ироқ қуролли кучлари қўмондонлиги расмий вакили Абдул Карим Халаф маълум қилди.

"Юз берган охирги воқелардан сўнг Ироқ ҳудудида Америка кучлари фаолиятини чеклашга қарор қилинди. Америка томони бундан хабардор қилинди. Улар фақатгина Ироқ томонининг розилиги билан ҳаракат қилиши мумкин, аммо орқадан берилган бундай зарбадан кейин биз албатта уларнинг ишлашини чеклаймиз", - деди у.

Халаф шунингдек, ўлдирилган Эрон генералининг ҳаракатланиши, хусусан, унинг Дамашқдан Бағдодга учиб келиши тўғрисида маълумотга эга бўлган барча шахсларга нисбатан суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2 январдан 3 январга ўтар кечаси Бағдодда эронлик генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилди. У шахсан Дональд Трампнинг топшириғи билан амалга оширилган операция натижасида ҳалок бўлди.

Мавзуга оид