Жаҳон | 20:10 / 05.01.2020
32384
3 дақиқада ўқилади

Ироқ парламенти мамлакатдан хорижлик ҳарбийлар олиб чиқилиши учун овоз берди

Reuters © Alaa Al-Marjani

Ироқ парламенти ИШИДга қарши кураш учун халқаро коалиция билан тузилган келишувни бекор қилиб, мамлакатдан хорижлик ҳарбийларни олиб чиқиб кетиш учун овоз берди. Бу ҳақда Al Arabiya телеканали хабар қилмоқда.

Аввалроқ Ироқ бош вазири вазифасини бажарувчи Одил Абдул-Маҳди хорижлик ҳарбийларни чиқариб юбориш масаласи парламент томонидан кўриб чиқилаётгани ҳақида маълум қилганди.

Унинг сўзларига кўра, бу қарор АҚШ ва бошқа давлатлар билан муносабатларни қайта кўриб чиқишга, шу билан биргаликда бу давлатлар билан муносабатларни мамлакат суверенитетини ҳурмат қилиш ва ички ишларга аралашмаслик асосида дўстона сақлаб қолишга қаратилган. 

Ироқдагиларнинг маълум қилишича, Вашингтон эронлик генерал Қосим Сулаймонийни йўқ қилиш бўйича амалиёт бошланишидан бир неча дақиқа олдин ҳужум ҳақида огоҳлантирган, расмий Бағдод ҳужумга рухсат бермаган.

Ироқ ТИВ Сулаймонийга қарши амалиётни қоралаб чиққан.

Ўз навбатида, АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Роберт О'Брайен Бағдодни америкалик ҳарбийларнинг келгусидаги фаолияти бўйича қарор чиқаришда тийилишга чақирганди.

АҚШ бошчилигидаги коалиция аввалроқ Ироқдаги ҳарбийларни ўқитишни тўхтатганди. Шу билан бирга, қўмондонлик ИШИДга қарши курашда ҳамкорлик сақланиб қолишини билдирганди.

Ироқдаги намойишлар ва Сулаймонийнинг ўлдирилиши

Ироқдаги вазият 31 декабрь куни АҚШнинг Бағдоддаги элчихонаси шиалар томонидан қамал қилингач кескинлаша бошлади. Намойишчилар Американинг Киркукдаги базасига шиаларнинг «Катаиб Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ҳужумидан кейин америкалик ҳарбийлар томонидан берилган авиазарбалар оқибатида ҳалок бўлганларнинг дафн маросимидан чиқиб элчихонага ҳужум қилишганди. Ҳарбийлар кўздан ёш оқизувчи газ қўллаб, 1 январь куни намойишчиларни тарқатиб юборди.

Ироқ президенти Барҳам Солиҳ намойишчиларнинг АҚШ элчихонасига ҳужумини қоралаган ва бундай ҳаракатни «Ироқ суверенитетига ҳужум» деб баҳолаганди.

3 январга ўтар кечаси Бағдоддаги аэропорт яқинида АҚШ ҳарбийларининг авиазарбаси оқибатида Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси генерали Қосим Сулаймоний ўлдирилди.

Ироқ ТИВ генерал Сулаймонийга қарши амалиётни мамлакат суверенитети бузилиши деб баҳолади.

Мавзуга оид