Жаҳон | 18:53 / 06.01.2020
102971
7 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Сулаймонийдан аввалги душманлари: Саддам Ҳусайндан ал-Бағдодийгача

Эроннинг энг нуфузли шахсларидан бири бўлган генерал Қосим Сулаймонийнинг АҚШ ҳарбий операцияси натижасида ўлдирилиши жаҳон бўйлаб шов-шув кўтарди. Кимдир АҚШнинг ўзга давлат ҳудудида рухсатсиз ҳарбий ҳаракат олиб бориши ва яна бир давлатнинг арбоби йўқ қилинишини қоралаган бўлса, яна кимлардир бу ҳаракат кўпчиликка душман мақомини сақлаб турган Эронни жиловлашда муҳим қадам бўлганини олқишламоқда.

Сулаймонийни ўлдиришга шахсан топшириқ берган Дональд Трамп, у йўқ қилингандан кейин эронлик генерал жаҳоннинг биринчи рақамли террорчиси бўлгани ва Яқин Шарқ ҳудудида ҳалок бўлган миллионлаб кишилар ўлимига жавобгар эканлиги, бундан кейин ҳам янги терактлар ўтказишга тайёргарлик кўргани ҳақида айтиб ўтди.

Қуйида АҚШнинг бевосита ёки билвосита аралашуви билан жисмонан йўқ қилинган 5 шахс келтирилади.

  • Қизиқ факт: ўз мустақиллигини қўлга киритгандан буён АҚШ ҳарбий ҳаракатлар олиб бормаган бирор йил бўлмаган. Лекин шунга қарамай  беқиёс ҳарбий қудратга эга бу давлат бор-йўғи 11 марта расман уруш эълон қилган.

Саддам Ҳусайн

© AFP 2019, DAVID FURST

Саддам Ҳусайнни кўпчилик ёқтирмасди. Ўз халқини узлуксиз қийноқда тутгани, ҳокимиятнинг барча тизгинини ўзида сақлагани, намойишларни аёвсиз бостиргани, ўғилларининг бебошликлари ва энг муҳими – Эрон билан тинкани қуритган уруш олиб боргани кўпчиликда бу арбобга нисбатан нафрат шакллантирганди. АҚШ 1990 йилда ҳам Кувайтни ҳимоя қилиш мақсадида Ироқни бомбардимон қилганди. 2003 йилда бошланган навбатдаги уруш натижасида эса Саддам Ҳусайн тахтдан ағдарилди ва қочиб қолди. Аммо кўп ўтмай ироқлик собиқ диктатор АҚШ аскарлари томонидан ушланди ва 2006 йилда Ироқ олий суди ҳукми билан қатл қилинди. Бу суд кимнинг таъсири остида ҳукм чиқаргани бўйича баҳслар ҳануз давом этади. 

Усама бин Лодин

Бин Лодин 2001 йил 11 сентябрда Нью-Йоркдаги «эгизак миноралар» ва бошқа қатор объектларга қилинган зарбалар ортидан «биринчи рақамли террорчи» номини олганди. Усаманинг боши учун АҚШ 25 млн. доллар ваъда қилди ва уни 10 йил қидирди.

Покистоннинг Абботобод шаҳрида яшириниб юрган бин Лодин барибир топилди ва 2011 йилнинг 2 май куни махсус операция чоғида ўлдирилди. АҚШ ҳарбийлари томонидан ўтказилган бу операцияни президент Обама бошлиқ АҚШ арбоблари бевосита кузатиб боришди.

Қабри тавоф қилинмаслиги мақсадида Усама бин Лодиннинг жасади денгизга чўктириб юборилган.

Покистон ўз ҳудудида рухсат берилмаган операцияни амалга оширгани учун қаттиқ норозилик билдирган, аммо барибир АҚШнинг залвори олдида ҳеч нарса қила олмади.

Муаммар Қаззофий

Ливия етакчиси, полковник Қаззофийнинг ҳам душманлари етарлича эди. Ўз давлатида шоҳлик тузуми ва мутлақ ҳокимият ўрнатган Муаммар Қаззофий турли давлатлардаги урушларни қўллаб тургани ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд. Шунингдек, мазкур полковник ақл бовар қилмас даражада катта бойлик тўплаган, кўплаб ўғиллари ҳам маишат ичида ҳаёт кечиришарди. АҚШнинг 40-президенти Рейган Қаззофийни «қутурган ит» деб атагани ҳам бу икки давлат ўртасидаги муносабатларни ифодалаб бера оларди.

Шарқнинг қатор давлатларида бошланган талотўплар бу давлатни ҳам четлаб ўтмади. Турли давлатлар, жумладан НАТО томонидан қўлланган мухолифат кучлари Ливия ҳудудларини бирин-кетин эгаллай бошлади. Ҳаводан берилган зарбаларга қарши Қаззофий аскарлари самарали восита топа олмади. Охир-оқибат полковник пойтахт Триполини тарк этишга мажбур бўлди. Унинг сўнгги қароргоҳи – Сирт шаҳри ҳам ишғол қилинганидан сўнг Қаззофийни олиб қочишга уринган автомобиллар карвонига ҳаводан зарбалар берилди.

2011 йилнинг 20 октябрь куни Ливияни 42 йил бошқарган полковник ярадор ҳолда қўлга олинди ва азоблаб ўлдирилди. Таъкидлаш жоизки, бу жараёнда АҚШ бевосита иштирок этмаган. Аммо Қаззофийнинг ўлими ҳақидаги хабарни эшитган АҚШ Давлат департаментининг ўша вақтдаги раҳбари Ҳиллари Клинтон «бу жуда яхши хабар, биз унинг ўлганига гувоҳ бўлдик» дегани қайд этилган.

Абу Бакр ал-Бағдодий

Қисқа муддатда ақл бовар қилмас даражадаги хунрезликларни амалга оширган ИШИД террорчилик гуруҳи етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий энг кўп қидирилган террорчилар рўйхатида биринчи эди. АҚШ унинг бошини 10 йил қидирилган бин Лодинники билан тенг баҳолаганди – 25 млн. доллар.

Сурия ва Ироқдаги қатор ҳудудларини аста-секин бой берган ал-Бағдодий уч йил давомида минг яширинмасин охир-оқибат АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари авиазарбаси пайтида ўзини портлатиб ҳалок бўлди.

Трамп ҳам Обама каби бу операцияни бевосита кузатиб борди ва худди кино кўргандек бўлганини билдирди. Трамп бу операцияни катта ютуқ сифатида баҳолади ҳамда «Бағдодий ит каби ўлим топди» дея таърифлади.

Қосим Сулаймоний

2020 йилнинг 3 январига ўтар кечаси генерал Қосим Сулаймоний Бағдод аэропорти яқинида авизарба натижасида ўлдирилди.

Эрондаги жуда катта қудратга эга бўлган Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг махсус бўлинмаси «Ал-Қудс» қўмондони бўлган генерал АҚШ томонидан йўқ қилиниши кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди. Сабаби, олдинги махсус операцияларнинг қурбонлари жуда кўп давлатлар томонидан халқаро жиноятчи дея тан олинган, сиртдан бўлсада, ҳукм ўқилган эди.

Аммо амалда АҚШ билан бевосита уруш жараёнида бўлмаган Эроннинг иккинчи рақамли давлат арбоби учинчи бир давлатда ҳеч бир суд ва терговсиз йўқ қилиниши турлича баҳоланди.

Кутилганидек, Эрон бу йўқотиш учун аёвсиз қасд олинишини билдирди, АҚШ президенти эса Эроннинг ҳарбий ҳаракат бошлаши бу давлат учун ҳалокатли бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Ҳозир ҳар икки давлат жанговар шайликни кучайтирган ва ҳатто айрим экспертлар мавжуд вазиятни «учинчи жаҳон уруши» олдидаги ҳолат дея баҳолашмоқда.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид