Жаҳон | 16:10 / 06.01.2020
141356
4 дақиқада ўқилади

Фото: Теҳронда Қосим Сулаймоний билан видолашув маросими ўтказилди

Бугун, 6 январь куни генерал Қосим Сулаймонийнинг дафн маросимида иштирок этиш учун Теҳрон шаҳри кўчаларига юз минглаб кишилар чиқишди.

Эрон ташқи сиёсатининг бош ҳарбий стратеги ва архитектори саналган генерал Сулаймоний 3 январь куни Бағдодда уни «дунёнинг биринчи рақамли террорчиси» деб эълон қилган АҚШ президенти Дональд Трамп буйруғига кўра ўлдирилди.

Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаий маросимга бошчилик қилган. Тасвирларда унинг кўзига ёш келганини кўриш мумкин.

Ўз ҳарбий қўмондони ўлими учун шафқатсиз қасос олишга ваъда берган Эрон якшанба куни ядро келишувидан чиқди ва бу орқали АҚШга ядровий зарба бериш билан таҳдид қилди.

62 ёшда бўлган Сулаймоний Эроннинг Яқин Шарқдаги ҳарбий операцияларига бошчилик қилган, ўз вақтида Афғонистонда у билан «Толибон»га қарши курашда ҳамроҳлик қилган АҚШ уни кейинчалик террорчи деб эълон қилган. Трампнинг айтишича, Сулаймоний америкалик дипломатларга, Ироқ ва бошқа мамлакатлардаги америкалик ҳарбийларга ҳужумлар уюштиришни режалаштираётган эди.

Дафн маросимида нималар бўлди?

Сулаймоний Эрондаги кўпчилик учун миллий қаҳрамонга айланганди. У мамлакатда оятуллоҳдан кейинги иккинчи рақамли инсон ҳисобланарди.

Одамлар йиғлашди, кўпчилик марҳумнинг портретларини кўтариб олганди. Тобут ортидан юрган оломон «Америкага ўлим!» дея ҳайқирарди.

Генералнинг қизи Зайнаб Сулаймоний отасининг дафн маросимида тез орада қасос олиниши, АҚШ ва унинг иттифоқдоши Исроил учун «қора кунлар» келиши билан таҳдид қилди.

«Ақлдан озган Трамп, отамнинг шафқатсизларча ўлдирилишидан сўнг ҳаммаси тугади, деб ўйламанг», деган Зайнаб Сулаймоний маросим вақтида. У америкаликларга ҳам ўз фарзандлари учун ўлишни таклиф қилган.

Дафн маросимлари Қум шаҳрида давом этди - Сулаймонийнинг тобути шиа мазҳабидаги мусулмонларнинг асосий шаҳарларидан ҳисобланадиган ушбу шаҳарга ҳам олиб борилди. Сешанба куни унинг жасади она шаҳри Кирмонда дафн этилади.

Аввалроқ Сулаймонийлар оиласининг Теҳрондаги уйида бўлган Эрон президенти Ҳасан Руҳоний шундай деганди: «Америкаликлар қандай фожиали хатога йўл қўйишганини англашмаяпти».

Эрон Сулаймонийнинг ўлимига қандай жавоб қайтариши мумкин?

Якшанба куни Эрон ҳукумати 2015 йили мамлакат ҳукумати ва олти воситачи мамлакат ўртасида эришилган ядровий келишувдан тўлиқ чиқишини эълон қилди.

Расман «Биргаликдаги ҳаракатлар режаси» деб номланадиган келишув 2015 йилнинг июлида бир томондан Эрон, бошқа томондан халқаро воситачилар олтилиги — АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция ва Германия давлатлари томонидан имзолаган эди.

Ҳужжат Эрон уранни қайси даражагача бойитиши ва қанча миқдорда бойитилган уран сақлаши мумкинлигини белгилаб берарди. Унга кўра Эрон ядровий энергетикани ривожлантириши мумкин эди, бироқ ядровий қурол ярата олмасди. Келишув шартларига риоя этиш эвазига Эронга қарши санкциялар бекор қилинганди.

Германия канцлери Ангела Меркель, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Эронни ядровий дастур бўйича «Биргаликдаги ҳаракатлар режаси»га риоя қилишга чақирди.

Reuters агентлиги хабарига кўра, Эрон ракета кучлари юқори жанговар шай ҳолатга келтирилган.

Айни вақтда АҚШ ва коалициядаги бошқа давлатлар Эроннинг эҳтимолий ҳужумига тайёргарлик кўришмоқда.

АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг айтишича, Америка Эрон томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган ҳар қандай қадамга тайёр турибди. «Менинг жамоам агар Эрон хато қилиб, ҳужум қилишга қарор қилса, барча объектларнинг тайёр бўлиб туриши учун қўлидан келган ҳамма ишни қилмоқда», деган Помпео.

Мавзуга оид