Ўзбекистон | 20:50 / 07.01.2020
8293
4 дақиқада ўқилади

Алишер Қодиров: Сайловчилар онгини ҳам ўзгартиришимиз керак

Сайловдаги мағлубият, келгуси 5 йиллик режалари, ЎзЛиДеП билан парламент блоки тузиш имконияти ва мухолифатда қолиш масаласи. «Миллий тикланиш» партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловлардан кейинги матбуот анжуманида шу ва бошқа мавзуларда сўз борди. 

«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров партиянинг сайловлардаги мағлубиятига доир хулосаларини маълум қилар экан, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг айрим округларда ғалаба қозонганига доир кескин фикрларини ҳам билдирди. 

«Чунки, ХДП барча нарсани бепул қилишга ваъда берди. Бу сайловчиларга ёқди. Бизнинг миллий тикланишимиз, ўсишимиз ҳақидаги қайғуришимиз сайловчиларни қизиқтирмади. Шу боисдан ҳам мағлуб бўлдик. 

Мен, биринчи турда қўпол хатолар бўлгани учун мағлуб бўлдим, дея олмайман. Мен бир нарсани тўла масъулият билан баёнот бера оламанки, сайловчи ўзгармас экан, сиёсий онг ўзгармас экан, натижага эришиш қийин. Ана ўшанда, партиялар ўз қадриятларини, дастурларини сайловчиларга етказиб, уларнинг овозини ола билади», - деди Қодиров.

У, шунингдек, партия келгуси парламент сайловларига ҳозирдан тайёргарликни бошлашини билдириб, партия ишлаш тизимида ўзгариш бўлишини таъкидлади. 

«Биз келгуси 5 йилда навбатдаги сайловларга тайёргарликни бошлаймиз. Партияни такомиллаштириш устида ишлаймиз. Хусусан, партиянинг туман кенгаши раҳбари Олий Мажлисдаги депутат ёрдамчиси бўлади. Бу депутатнинг ўз округи билан доим боғланиб туришини таъминлайди», - деди партия етакчиси.

«Миллий тикланиш» раҳбари мухолифат борасидаги фикрлари билан ўртоқлашар экан, хориждаги ўзларини мухолифатчи деб билганлар хусусидаги қарашларини ҳам маълум қилди.  

«Мухолифат масаласида мен президент қарашини маъқуллайман. Кўпчилик, қаерга ҳам борасан, маъқулламай, дейиши ҳам мумкин. Бу гапнинг ҳақиқатлиги шундаки, сиз кимгадир эмас, балки шу юртдаги халққа хизмат қилиш учун мухолифат бўласиз. Айрим фикрларга эътироз билдиришингиз, унинг муқобилини таклиф қила олишингиз керак.

Биз танқидларни кўп қилдик, бундан кўзланган мақсад, кимгадир чиройли кўриниш эмас, шу халққа фойдали бўлсин деган мақсадда гапирдик. Камчиликларни баралла айтяпмиз ва уларни тузатиш бўйича таклифларимизни илгари суряпмиз. Мана шу мухолифат аслида. Биз парламентда 36 ўринга эга бўлган партия сифатида вазирлар тайинланишида, бош вазир номзоди кўрсатилишида ўз фикримизни айтамиз. Биз билган мухолифат мана шу. 

Шахсан мен рақобатдан қўрқмайман, партиямиз ҳам. Ташқаридан, имконият берилганида бунча овоз олардик, дейдиганларга айтар сўзим шуки, марҳамат келсин, шу ерда фаолият олиб боришсин. Лекин, ўзларини мухолифат деб атайдиганларнинг фикрларида мантиқ кўра олмаяпман. Фақат ёмонлашдан яхшилик кутиш мумкинми?», - дея қайд этди Қодиров. 

Унинг фикрича, парламент партиялари бирор масалада келиша олиши ижобий ҳолатдир. 

«Парламентдаги партиялар бирор масалада келиша олса, бу ижобий хислат. Мен ҳозир умид қилиб турибман, блок тузиш жараёнида «Миллий тикланиш» партияси либералларни кўндириб, 4-5 масалада ўз қарашларини ўтказа олади. Ҳукумат фаолиятини биргаликда назорат қила олсак, бу парламентда ишлар тез ва самарали бўлишини таъминлайди. Буни амалга ошира олмасак, «Адолат» ва ХДП партиялари билан блок тузиш имконияти бўлмагач, мухолифатда қоламиз», - деди партия раҳбари.

Тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбири Алишер Қодировга савол билан мурожаат қилиб, яқин 25-30 йиллик тарихга холис баҳо бериш масаласида партия ташаббус кўрсата олиш имкониятлари бўйича қизиқди.

«Биз нафақат 25-30 йил, балки 200-300 йиллик тарихимизга баҳо бермаймиз. Баҳо берсак, келажакда қилинадиган ишларни бажара олмай қоламиз. Партиянинг бу борадаги қараши шундайки, биз тарихга баҳо бериш ўрнига, ундан тегишли хулосаларни қилиб, келажакка интилиш керак», - дея қайд этди Алишер Қодиров.

Мавзуга оид