Жаҳон | 12:24 / 08.01.2020
110060
3 дақиқада ўқилади

Эрон АҚШнинг яна 100та объектига ҳужум билан таҳдид қилди

Фото: Associated Press

Теҳроннинг таъкидлашича, АҚШнинг Ироқдаги базасига ракета зарбаси оқибатида камида 80 нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган. Пентагон зарарни баҳолашда давом этмоқда. АҚШ президенти Трампнинг Twitter’да ёзишича, «ҳаммаси жойида».

Эрон, 8 январь, чоршанбага ўтар кечаси Ироқдаги Айн ал-Асад Америка базасига ракета ҳужуми натижасида АҚШга катта миқёсда зарар етказилганини маълум қилди. Эрон давлат телевидениеси хабарига кўра, камида 80 нафар «америкалик террорчи» ўлдирилган, базада бўлган Америка вертолётлари ва бошқа жиҳозлари «жиддий зарар кўрган».

Хабарда қайд этилишича, Эрон Америка базасига 15та ракета учирган, аммо уларнинг ҳеч бири тутиб қолинмаган. Шунингдек, телевидение ҳам Ислом инқилоби соқчилар корпусининг юқори мартабали вакили сўзларидан иқтибос келтирди. Унинг маълум қилишича, агар Вашингтон жавоб зарбаси беришга аҳд қилса, унда Эрон АҚШнинг яна 100та объектига ҳужум қилишга тайёр.

Шу билан бирга, CNN телекомпаниясининг АҚШ қўшинларидаги манбаларга таяниб хабар беришича, Ироқда жойлаштирилган Американинг эрта огоҳлантириш тизимлари тайёрланаётган ракета ҳужуми ҳақида ўз вақтида огоҳлантирилган ва ҳарбийлар бункерларда яшириниш имконига эга бўлган. Пентагонда маълум қилишларича, Эроннинг ракета ҳужуми оқибатида етказилган зарар ҳозирги вақтда баҳоланмоқда.

АҚШ президенти Дональд Трамп Twitter’даги микроблогида ҳам шунга ўхшаш баёнот билан чиқиб, «ҳаммаси жойида» дея қўшимча қилди. 

Эслатиб ўтамиз, Эрон генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлими учун қасос олиш мақсадида, Ироқ ғарби ва шимолидаги АҚШ ҳарбий базаларига зарбалар берди.

АҚШ Мудофаа вазирлиги ўзининг иккита базасига ҳужум қилингани тўғрисида хабар берди. Пентагон маълумотларига кўра, Эрбилдаги база ҳам ракета зарбасига учраган. АҚШ ҳарбийларига кўра, Эрон ўндан ортиқ баллистик ракеталар учирди. 

Эрон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви Ироқда эронлик генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши ортидан рўй берди.

Эрон ташқи сиёсатидаги бош стратеги, Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг махсус бўлинмаси «Ал-Қудс» қўмондони, амалда Эронда оятуллоҳ Али Хоминаийдан кейинги иккинчи одам саналган Қосим Сулаймоний 3 январь куни Бағдоддаги аэропорт ҳудудида америкалик ҳарбийларнинг дрон орқали берган ракета зарбалари оқибатида ҳалок бўлди. 

Мавзуга оид