Жаҳон | 14:20 / 08.01.2020
33369
2 дақиқада ўқилади

Сулаймоний дафн этилди

Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони бўлган генерал Қосим Сулаймоний она шаҳри Кирмонда дафн этилди. Бу ҳақда CNN телеканали хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, у Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳарбийлари Американинг Ироқдаги икки авиабазасига ракеталар йўллаганидан бир неча соат ўтиб дафн этилган. Сулаймонийнинг тобути «шаҳидлар бўлими»га кўмилган.

Аввалига генерални дафн этиш маросими 7 январь кунига мўлжалланганди. Аммо дафн маросимига ҳаддан ташқари кўп одам тўплангани учун тиқилинч юзага келди ва талатўпда 50дан ортиқ киши ҳалок бўлди, маросим кейинга қолдирилди.

«Ал-Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони бўлган генерал Қосим Сулаймоний 3 январь куни Бағдодда америкалик ҳарбийлар томонидан ўлдирилганди. Пентагон баёнотига кўра эронлик генерал АҚШ президентининг буйруғига кўра ўлдирилган — Трамп Сулаймонийни биринчи рақамли террорчи деб атаган эди.

8 январь куни Эрон АҚШнинг Ироқдаги базаларига ракета зарбалари йўллади. Ушбу ҳужум Қосим Сулаймонийнинг ўлими учун жавоб сифатида баҳоланди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотларига кўра, жами 15та ракета учирилган. Улардан 10таси Айн ал-Асад авиабазасига, биттаси Ироқ шимолида жойлашган Арбилдаги базага келиб тушган, тўртта ракета эса нишонгача етиб бормаган. Ироқ расмийлари Эрон томондан 22та ракета учирилганини маълум қилди.

Кейинроқ Эрон давлат телевидениеси ушбу ҳужум оқибатида АҚШ ҳарбий хизматчиларидан 80 нафари ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатди. Эфирда ҳужум қурбонлари «америкалик террорчилар» деб аталган. Пентагон бу маълумотга изоҳ бермади, аммо аввалроқ ҳалок бўлганлар ҳақида ҳам маълумот келиб тушмаган.
 

Мавзуга оид