Жаҳон | 11:00 / 10.01.2020
78164
6 дақиқада ўқилади

Трюдо самолётни Эрон ракетаси уриб туширганини маълум қилди, Жонсон унга қўшилди

Канада бош вазири Жастин Трюдонинг Канада разведкаси маълумотларига асосланиб маълум қилишича, «Украина халқаро авиалиниялари» (МАУ)нинг Теҳрон яқинидаги ҳалокатга учраган Boeing 737 русумли самолёти Эроннинг «ер—ҳаво» таснифидаги ракетаси томонидан уриб туширилган.

Канада бош вазири Жастин Трюдо 8 январь куни Теҳрон яқинида қулаб тушган украинларнинг йўловчи самолёти ҳалокатида Эронни айблади.

«Бизда самолёт Эрон ракетаси томонидан уриб туширилганини исботловчи кўплаб манбалар маълумотлари бор. Бу катта эҳтимол билан хатолик туфайли рўй берган», деган Жастин Трюдо. Авиаҳалокатда Канаданинг 63 нафар фуқароси ҳам ҳалок бўлганди.

Трюдо Канада «Боинг» ҳалокати билан боғлиқ саволларга жавоб талаб қилишини билдирган. У жавоблар олинмагунича Канада ҳукумати тинчимаслигини таъкидлаб ўтган. У фожиа юзасидан кенг кўламли текширув бошлашга чақирган.

Канада бош вазири ортидан Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ҳам шунга ўхшаш баёнот берди. Унинг айтишича, Британияда самолёт Эрон ракетаси билан уриб туширилганини тасдиқловчи далиллар бор.

«Мавжуд маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, самолёт Эроннинг «ер—ҳаво» таснифидаги ракетаси билан уриб туширилган. Катта эҳтимол билан бу қасддан содир этилмаган», деган Жонсон.

Самолёт ҳалокати оқибатида 3 нафар британиялик ҳам ҳалок бўлганди.

Ракета учирилиши излари

Аввалроқ Америкадаги нашрлар Пентагондаги манбалари, шунингдек, АҚШ ва Ироқ разведкалари маълумотларига асосланган ҳолда украинлар самолёти Эроннинг «Тор» зенит-ракета мажмуасидан учирилган ракета билан уриб туширилгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Американинг CBS News янгиликлар компанияси Америка разведкасидаги манбасига асосланиб, Украина самолёти «Эриб» ҳаводан ҳимоя кучлари томонидан уриб туширилгани ҳақида хабар берди. АҚШ Эрон радарининг ишга тушганини қайд этган, шунингдек, ракеталарнинг фаоллашгани ҳақидаги иккита чақнаш ҳодисасини аниқлаган. Уларнинг тахминига кўра, бу «Тор» зенит ракеталарининг ҳавога чиқарилганидан кейин кузатилган инфрақизил нурлар чақнаши эди. Бу чақнашлар ортидан ҳавода портлаш (самолёт портлаши) рўй берган.

Reuters агентлигининг Америка ҳукуматидаги манбаси ҳукуматдагилар самолёт Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан уриб туширилгани эҳтимоли юқори экани ҳақида хулосага келганини маълум қилганди.

CNN телеканали ҳам АҚШ ҳукумати Украина самолёти Эроннинг ракета учиришдаги хатоси туфайли қулагани ҳақидаги фаразга қаттиқ ишонаётгани ҳақида хабар берган. Ушбу хулосага Америка разведкаси йиғаётган сунъий йўлдош, радарлар ва электрон маълумотлар умумлаштирилиши орқали келинган.

Newsweek нашри эса Пентагоннинг разведка хизматидаги юқори лавозимли амалдорига асосланиб, Украинанинг Boeing 737 самолёти Россия томонидан ишлаб чиқарилган «Тор» зенит-ракета мажмуаси орқали уриб туширилгани хабар қилганди.

АҚШ президенти Дональд Трамп эса, самолёт ҳалокати техник носозлик туфайли рўй берганига ишонмаслигини айтиб ўтди.

«Бунга шубҳам бор. Ушбу мавзуда гапирмоқчи эмасман, чунки мендан бошқа одамларнинг бу борадаги фикри бутунлай бошқача ва гумонлар ҳам турлича. Нариги томонда турганлардан кимдир хатога йўл қўйган бўлиши мумкин… Бизда хато бўлмаган. Самолёт қулашига алоқамиз йўқ», деган Трамп.

Эрон фуқаролик авиацияси бошқармаси раҳбари Али Обидзода ОАВда тарқалган хабарлар асоссизлигини айтиб ўтди.

«Илмий нуқтайи назардан ракета Украина самолётини уриб тушириши мумкин эмас, бундай миш-мишлар асоссиз», дея эронлик амалдорнинг сўзларини келтирган ISNA агентлиги.

У CNN’га берган интервьюсида ҳам самолётнинг ракета воситасида уриб туширилганини инкор этган.

«Агар ракета ёки ракета снаряди уриб туширганда самолёт эркин қулаган бўларди», деган Али Обидзода.

Бундан аввалроқ Украина ҳукуматидагилар самолёт ракета орқали уриб туширилгани эҳтимолини ўрганилаётгани ҳақида маълум қилганди.

«Украина халқаро авиалиниялари» (МАУ)нинг Boeing 737 самолёти 8 январь куни тонгида Теҳрондаги Имом Хумайний аэропортидан ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай қулаганди. Самолёт бортида 176 киши бўлган: уларнинг 82 нафари Эрон, 63 нафари Канада, 11 нафари Украина, 10 нафари Швеция, 4 нафари Афғонистон, 3 нафари Буюк Британия ва яна 3 нафари Германия фуқаролари эди.

Самолёт ҳалокати Эрон АҚШнинг Ироқдаги базаларига ракета зарбалари берган вақтга тўғри келганди.

Дастлаб Иорданиянинг Al-Hadath нашри самолёт тасодифан Эрон ракетаси билан уриб туширилган бўлиши мумкинлиги ҳақида тахмин билдирганди. Эрон ҳукумати эса двигателдаги алангаланиш ҳалокатга сабаб бўлганини маълум қилди. Теҳрон самолётнинг «қора қути»лари Boeing компаниясига ёки Америка ҳукуматига берилмаслигини билдирди.

Халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, Эрон текширувни мустақил ўтказиш ҳуқуқига эга, аммо бундай ҳолатларда уриб туширилган самолётнинг ишлаб чиқарувчилари ҳам текширув ишларига жалб этилади.

Мавзуга оид