Light | 12:10 / 12.01.2020
24552
6 дақиқада ўқилади

Нега ҳамма ҳам аъло натижага эриша олмайди?

Khan Academy O’zbek лойиҳаси таълим ва инсон феъл-атвори соҳаларида изланишлар олиб борувчи таниқли тадқиқотчи, ўндан ортиқ китоблар муаллифи, бир нечта ихтисослик бўйича мукофотларга сазовор бўлган Алфи Коннинг мақоласини ўзбек тилида тақдим этди.

Ҳозирги замон мактабларининг иш услуби мажбурий тарзда ўқитиладиган фанларга ва ўқувчилардан юқори натижаларни талаб қилувчи стандартлаштирилган тестларга қаратилган. Буларнинг бари «қаттиққўллик», «мақсадларни кенгайтириш» ва «янада оғир стандартлар» каби шиорларга асосланган.

Тасаввур қилайлик, кейинги йилда деярли барча талабалар имтиҳонда аъло баҳолар олишди. Бу ҳолатга сиёсатчилар, ишбилармонлар ҳамда ОАВнинг муносабати қандай бўлади? Балки, улар ҳайрат билан: «Офарин, бу ўқитувчиларнинг тинимсиз меҳнати натижасидир!» дейишар. 
Албатта, йўқ. Улар бундай ажойиб муваффақиятни тест синовларининг жуда осон бўлгани билан изоҳлашади.

Бизда натижаларнинг жуда тез яхшиланишига муносабат доим шу кўринишда бўлиб келган. Мисол учун, 2009 йилда Нью-Йоркда бўлиб ўтган математика бўйича имтиҳонда юқори натижалар қайд этилганида, штат бошқарув кенгаши раиси шундай деган эди: «Фикримча, бугунги натижаларни нишонлашнинг ўрнига, Нью-Йорк штати ўзи учун янада юқори стандартларни белгилаши керак».

Ташвишга соладиган томони шундаки, «юқори стандартлар»нинг асл маъноси «бир вақтнинг ўзида барча талабалар ета олмайдиган стандартлар»дир. Агар барча талабалар мос келадиган ҳолат юз берса, қайсидир талаба, албатта, йиқилиши учун бу стандартлар, шунчаки, янада оғирлаштириб қўйилади.

Стандартларни белгилашдан мақсад – ҳеч бир болани четда қолдирмаслик эмас. Аксинча, бундай ёндашув буғдойни сомондан ажратиш учун яратилган мураккаб саралаш ускунасига ўхшайди. Танасининг ранги бошқача ўқувчилар, даромади кам оиладан чиққан ва она тили инглиз тили бўлмаган ўқувчиларнинг сомон сифатида ажратилиши бу ҳаракатнинг қанчалик нотўғрилигини кўрсатади.

Аммо, юқорида тасаввур қилган мисолимиз таълим муассасалари учун «мақсадларни кенгайтириш» шиорининг асл моҳиятини кўрсатиб беради. Бизни ҳар сафар қайсидир гуруҳнинг барча аъзолари ғалаба эришганда шубҳа билан қарашга ўргатишган. Ғирром йўл тутилганига ҳеч қандай исбот бўлмаса-да, бундай гумонга бориш барчамизга сингдирилган. Америкада аъло натижага эришиш жуда қийин деб ҳисобланади. Муваффақият фақат саноқли инсонлар томонидан эришилгандагина тан олинади.

Бундай хулосага келишнинг сабабларидан бири қиёслашдир. Яъни, натижалар яхшиланишига қарамасдан, натижаларнинг тенг ярми ўртадан паст бўлади ва мағлубият сифатида баҳоланади.

Бошқа томондан, олий таълимда кенг тарқалган «баҳоларнинг ошиши» муаммосига эътибор қаратайлик. Масалага реал қарасак, ҳозирда кўпчилик талабалар аъло баҳолар олаётган бўлса-да, бу аъло баҳолар сонининг аввалгига нисбатан ошганини билдирмайди. Аммо, аксарият танқидчилар: «Вақт ўтиши билан арзимаган сабабларга кўра баҳолар ошиб борган ва ўқувчилар бунга лойиқ эмас», деб таъкидлашмоқда. Улар гўё кўп миқдорда аъло баҳо олиш номақбул ишдай, маълум бир мактаб ёки синфларда аъло баҳога лойиқ кўрилганлар сонига шубҳа билан қарашмоқда. 

Нью-Жерси коллежида фаолият олиб борувчи файласуф Ричард Камбер шундай дейди: «Агар баҳолар қандайдир маънога эга бўлса, унда ўз даражасига мос муваффақиятга олиб бориши керак».

Бошқача айтганда, баҳо ким ғолиб бўлаётганини кўрсатиши керак. Талабалар кириш имтиҳонларидан ўтган бўлса, нима қилибди? Улар яна ва яна сараланиши керак. Бунда таълим масканларининг асосий вазифаси билим бериш эмас, балки доим кимдир мағлуб бўладиган ўйин яратиш бўлиб қолмаяптими?

Қайси томондан ўйлаб кўрманг, бу ҳеч бир қарашга тўғри келмайди. Эҳтимол, ҳавонинг ифлосланганлик даражаси, соғлиқни сақлаш тизими ёки таълим тизимининг ишлашига қараб, штат ва ҳудудларга баҳо бериб чиқармиз. Аммо бундан нима фойда? Бир-бирига қиёслаш бизга қониқарли натижа бермайди, чунки бу қандай ўлчовни ишлатишимизга қараб, уялтирадиган даражада паст ёки ҳайратда қолдирадиган даражада юқори бўлиши мумкин. Қиёслаш фақатгина ғолибга фахрланиш ҳуқуқини беради («Биз 1-ўриндамиз!»). Бу эса аксарият инсонлар учун доимий ва муқаррар муваффаққиятсизликларнинг ёлғон тасаввурини яратади.

Лекин, нима бўлса ҳам, биз қиёслаб баҳо беришни яхши кўрамиз. Бунданда ёмони – баъзилар эриша олмайдиган чекланган миқдордаги совринларни атайин ўйлаб топамиз.

Рақобат шароитида аъло натижа кўрсатиш амалда ҳам муваффақият калити бўлишига кафолат йўқ. Дарҳақиқат, ижтимоий соҳадаги баъзи тадқиқотларга кўра, рақобат инсон потенциалини пасайтиради. Бу самарали ҳамкорлик даражасини камайтириб, тизимда турли «ўйинлар»ни рағбатлантиради ва эътиборни ривожланишга эмас, бошқалардан ўзиб кетишга жалб қилади.

Бир сўз билан айтганда, ҳамма ҳам муваффақиятга эришмаётган бўлиши мумкин, лекин назарий жиҳатдан барчамиз муваффақиятли бўла олишимиз мумкин.

Алфи Кон.
Мақола Khan Academy Oʻzbek томонидан таржима қилинди.
Telegram | Facebook

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назари билан мос келмаслиги мумкин

Мавзуга оид