Жаҳон | 12:45 / 12.01.2020
83132
5 дақиқада ўқилади

Теҳронда бошланган намойишларда оятуллоҳ Хоминаийдан истеъфо талаб қилинмоқда

11 январь куни Теҳрондаги Амир Кабир номидаги университет яқинида юзлаб кишилар норозилик намойишига чиқишди ва мамлакат олий диний раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаийнинг кетишини ҳам талаб қилишди.

«Бош қўмондон, йўқол!», дея ҳайқиришган Украина йўловчи самолёти эронлик ҳарбийлар хатоси билан уриб туширилганидан ғазабланган намойишчилар. 

Шанба куни Эрон ҳукумати «Украина халқаро авиалиниялари»нинг «Боинг» русумли йўловчи самолёти Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳарбийларининг хатолик билан берилган зарбаси туфайли уриб туширилганини тан олди.

Авиаҳалокат оқибатида ҳалок бўлган 176 кишининг 83 нафари Эрон фуқаролари эди, шунингдек ҳалок бўлган 60 нафардан ортиқ Канада фуқаролари ҳам келиб чиқишига кўра эронлик эди.

Асосан талабалар ва марҳумларнинг яқинлари бўлган намойишчилар марҳумлар хотираси учун шамлар ёққан, ҳукуматга қарши шиорлар айтишган.

Ижтимоий тармоқда тарқалган видеолардан бирида оломон шундай ҳайқиради: «Истеъфо етарли эмас, суд керак!»

Мамлакатдаги энг нуфузли университет биноси олдида тўқнашувлар юз берган, полиция ёруғлик-шовқинли гранаталардан фойдаланган.

Эрондаги иккита асосий янгилик агентликлари - IRNA ва ISNA агентликлари ҳам намойишлар тўғрисида хабар берган.

Британ элчисининг қўлга олиниши

Теҳрондаги намойишларда қатнашган Буюк Британиянинг Эрондаги элчиси Роберт Макэйр бир неча соатни ҳибсда ўтказди.

Tasnim агентлигининг ёзишича, Макэйр митинг вақтида «радикал ҳаракатларга бошчилик қилган».

«Элчимиз Теҳронда қўлга олиниши асоссизми ёки асослими, бу халқаро ҳуқуқнинг қўпол даражада бузилиши ҳисобланади. Айни пайтда Эрон ҳукумати учун ҳал қилувчи паллалар. Улар ўзининг сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан яккаланиш сари маршини давом этиши мумкин, ёки дипломатик йўл сари қадам ташлаб, олдинга юриши мумкин», деган Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб.

Маълумот учун, авиаҳалокатда қурбон бўлганларнинг 4 нафари Буюк Британия фуқаролари эди.

Ижтимоий тармоқлардаги реакция

Эронлик интернет фойдаланувчилари твиттерда (ундан фойдаланиш Эронда тақиқланган) ва инстаграмда Эрон ҳукуматининг ларзага солувчи баёнотидан кейинги ғазабларини тўкиб сочишмоқда.

«Сизнинг хато бехосдан содир бўлди. Лекин сизнинг ёлғонингиз қасддан айтилди. Одамларни алдаш керак эмас», дейилади шундай твитлардан бирида.

Эронлик политолог, муқаддам Теҳрондаги университетлардан бирида дарс берган профессор Задех Зибакалам энди ҳукумат сўнгги уч кундаги ёлғонлари учун ўзини оқлаш иложсиз эканини айтиб ўтди.

Ҳукумат реакцияси

Ҳукуматнинг IRNA агентлиги хабарига кўра, оятуллоҳ Хоминаий самолёт ҳалокатига сабаб бўлган бепарволик бўйича текширув ўтказишга кўрсатма берган.

У хатога йўл қўйилгани исботини топганини маълум қилган ва бундай ҳолат бошқа қайтарилмаслиги учун чоралар кўришга чақирган.

Эрон парламенти якшанба куни авиаҳалокат тафсилотлари очиқ мажлисда кўриб чиқилишини эълон қилди.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Эрон ҳукумати ҳодисадан чуқур қайғуда эканини айтди ва айбдорлар жазоланишига ваъда берди.

Эроннинг Буюк Британиядаги элчиси аввалги ёлғон баёнотлари учун узр сўради. У баёнотларида: Эрон бу самолётга ракета зарба бермаганига ишончи комиллигини таъкидлаганди.

АҚШ президенти Дональд Трамп твиттердаги саҳифасида форс тилида намойишчиларни қўллаб-қувватлади.

«Анчадан бери жафо чекаётган, бироқ жасур эронликларга: Мен президентлигимнинг бошидан сиз билан биргаман ва менинг маъмуриятим ҳам сиз билан бирга бўлиб қолади. Биз сизнинг норозилигингиз ортидан синчков кузатмоқдамиз ва мардлигингиздан илҳомланмоқдамиз.

Тинч намойишчиларга қарши навбатдаги қирғин, интернетдан узиб қўйиш бошқа бўлиши керак эмас. Дунё кузатмоқда», дея ёзди Трамп.

Ғазаб, шок, ишончсизлик
Би-би-сининг Форс хизмати мухбири Рана Раҳимпур:

Ғазаб, шок ҳолати ва бўлиб ўтган воқеаларга ишончсизлик. Ҳозир эронликлар самолёт ҳалокати бўйича муносабатларини билдиришда шу сўзлардан фойдаланишмоқда.

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси уч кун давомида аслида нима бўлганини рад этиб келгач, уларга ҳеч ким ишонмай қўйди.

Бугун оқшом Эронда одамлар Теҳрон марказида йиғилиб, марҳумларни хотирлашди ва «Диктаторга ўлим!» дея ҳайқиришди.

Улар армия бош қўмондони ҳисобланадиган оятуллоҳ Хоминаий истеъфога чиқишини талаб қилишмоқда.

Кўпчиликнинг фикрича, агар бошқа давлатлар ҳукуматлари томонидан босим бўлмаганида, Эрон ҳукумати хатони ҳеч қачон тан олмаган бўларди.

Ҳозирча бир муҳим савол очиқ қолмоқда: нима учун Теҳрон Американинг Ироқдаги ҳарбий базаларига ҳужум бошланишидан олдин Эрон ҳаво кенгликлари ёпилмаган?

Мавзуга оид