Шавкат Мирзиёев Сергей Лавровни қабул қилди
Бугун, 16 январь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда расмий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сергей Лавровни қабул қилди.
Учрашув аввалида президент стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган икки томонлама муносабатларнинг ривожланиш суръати тобора ортиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.
Олий даражадаги мулоқот мунтазамлик касб этгани, ўзаро алмашинувлар мисли кўрилмаган даражада фаоллашгани, кўп қиррали ҳамкорлик, аввало, савдо-иқтисодий, инвестиция, энергетика, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалар, таълим ва бошқа устувор йўналишларда кенгайиб бораётгани бундан далолат беради.
Сергей Лавров самимий қабул учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдирди ҳамда Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг дилдан саломларини етказди. Икки раҳбарнинг мамлакатларимиз ўзаро ҳамкорликда бугунги даражага эришишидаги ҳал қилувчи роли алоҳида қайд этилди.
Учрашувда Ўзбекистон-Россия муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилди, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик мавзулар юзасидан фикр алмашилди.
Жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, дейилади президент матбуот хизмати маълумотида.
Аввалроқ, Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Россия ташқи ишлар вазири ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулализ Комилов билан музокаралар ўтказган эди. Лавровнинг учрашув бошида қайд этишича, ҳозирги вақтда Шавкат Мирзиёевнинг февраль ойида Россияга ташрифига тайёргарлик кўрилмоқда.
Мавзуга оид
13:37 / 06.12.2024
Кая Каллас Малтада Лавров билан мулоқот қилмайди
12:14 / 06.12.2024
ГФР ТИВ раҳбари: Лавровнинг ЕХҲТдаги баёнотлари - чидаб бўлмас ёлғон
11:11 / 20.11.2024
Лавров: РФ ҳудудига ATACMS зарбаси - эскалация ҳақида сигнал
14:01 / 15.11.2024