Жаҳон | 19:58 / 17.01.2020
60534
7 дақиқада ўқилади

«Қатъиятли ва қаттиққўл»: Михаил Мишустин ҳақида нималар маълум?

15 январь куни Дмитрий Медведев Россия ҳукуматининг тўлиқ таркибда истеъфога кетишини маълум қилгач, Россия президенти Владимир Путин Федерал солиқ хизмати (ФСХ) раҳбари Михаил Мишустин номзодини бош вазир лавозимига таклиф қилди. 16 январь куни Давлат думаси депутатлари унинг номзодини бир овоздан маъқуллади ва шундан кейин Путин уни бош вазир этиб тайинлаш ҳақидаги фармонни имзолади.

Евгения Новоженина / Reuters / Scanpix / LETA

Кўпчилик юқори доирадаги шахслар «қаттиққўл» деб таърифлайдиган Михаил Мишустин ҳақида нималар маълум?

Мансаб пиллапоялари узра

Мишустин 53 ёшда бўлиб, Москвада туғилган. Отаси Владимир Мишустин расмий маълумотларга кўра, «Аэрофлот»да ва Шереметьево хавфсизлик хизматида ишлаган. Онаси эса тиббиёт тизимида фаолият юритган.

Мишустин Москва станок институтини «автоматлаштирилган лойиҳалаш тизимлари» ихтисослиги бўйича тамомлаган. Иқтисод фанлари доктори.

Ўтган асрнинг 90-йилларида у Халқаро компьютер клуби синов лабораториясининг директори, кейин эса клуб бош директори ўринбосари ва бошқаруви раиси бўлган.

Мишустин 1998 йил августда давлат идораларидаги фаолиятини бошлади. У давлат солиқ хизмати бошлиғининг ўринбосари бўлди. 2004-2006 йилларда Кўчмас мулк объектлари кадастри федерал агентлигини бошқарди, 2007-2008 йилларда эса Алоҳида иқтисодий зоналарни бошқариш бўйича федерал агентликка раҳбарлик қилди.

2008 йил мартда Мишустин бизнесга ўтди ва активлар ҳамда тўғридан-тўғри инвестицияларни бошқариш билан шуғулланадиган UFG компаниялар гуруҳи президенти бўлди.

Мишустин 2010 йил апрелда Федерал солиқ хизмати раҳбари этиб тайинланди, уни бу лавозимга ўша пайтда бош вазир бўлган Путин қўйганди. 

Forbes суҳбатлашган собиқ амалдорлардан бирининг айтишича, унинг бу лавозимга тайинланиши осон бўлмаган. «Бошқа номзодлар ҳам бор эди», — дейди у. Гап собиқ мудофаа вазири, Мишустиндан аввал солиқ хизматини бошқарган Анатолий Сердюков билан бўлган қарама-қаршилик тўғрисида бормоқда. Сердюков 2007 йил февралда мудофаа вазири бўлган, аммо амалда яна бир неча йил солиқ хизматини идора қилиб келган, деб ёзади «Ведомости». Газетанинг ёзишича, Сердюков «бу ерда қолган ўз жамоаси аъзоларига кўрсатмалар бериб келган». 

«Қатъиятли ва қаттиққўл»

«Қатъиятли ва қаттиққўл эркак, керак пайтида қаттиққўл. У ўз принципларини ҳимоя қила олади», — дейди унинг собиқ ҳамкасбларидан бири.

Мишустиннинг қаттиққўллигини яна бир собиқ федерал амалдор тасдиқлайди. Унинг сўзларига кўра, «Мишустин тоғни ўрнидан силжита олади».  

«10-15 йил аввал тадбиркорлар солиқчилардан зада бўлиб кетишганини айтишарди. Ҳозир эса улар билан солиқчилар ўртасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Мишустин бу хизматни шундай йўлга қўйдики, у Ғарбга ўргангани бормайди, балки ундан ўргангани келишади. Солиқ хизмати – мисли кўрилмаган муваффақиятли лойиҳа», деб қўшиб қўяди у.

Солиқ хизматини «гуллатган» раҳбар

Мишустин 2010 йилда ФСХ раҳбари этиб тайинлангач, тадбиркорлар бизнесдан чиққан Мишустин бу хизматни тадбиркорларга нисбатан «дўст» бўлган хизматга айлантиришига умид билдиришганди. Мишустин бизнес ва фуқароларнинг солиқ органлари билан муносабатини соддалаштиришни қўллаб-қувватлади. Одамларга қулай бўлиши ва коррупцияга қарши курашиш мақсадида у солиқ хизматида электрон сервисларни максимал даражада ривожлантиришини маълум қилди.

У бу лавозимга келган куниданоқ «ифлос маълумотлар»га қарши кураш эълон қилди.

Мишустин раҳбарлиги вақтида ФСХда солиқ хизмати ислоҳоти ўтказилди: барча солиқ хизматлари функцияларини бирлаштирган автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилди.

У шунингдек, касса аппаратлари ислоҳотини ўтказди ҳамда жойлардаги солиқ текширувларини 34,4 фоизга камайтирди — минг нафар солиқ тўловчидан фақат иккитаси текширилади, кичик бизнесда эса 5 минг тадбиркордан биттаси текширилади.

2019 йил апрелда Солиқ маъмурчилиги бўйича форумда (FTA) иштирок этган FTA ва Норвегия солиқ хизмати раҳбари Ханс Христиан Хольте Россия солиқ хизмати ушбу соҳани рақамлаштириш бўйича дунёда етакчи ўринни эгаллаганини маълум қилди.

Даромади ва ҳоббиси

ОАВнинг ёзишича, Мишустин 2018 йилда 19 млн, турмуш ўртоғи Владлена Мишустина 48 млн рубль даромад топган. Унинг рафиқаси 2016 йилда Forbes журналининг россиялик амалдорларнинг энг бой турмуш ўртоқлари рейтингида 160,1 млн рубль билан 9-ўринни эгаллаган.

Михаил Мишустин спортга қизиқади, Тунги ҳоккей лигасида шайба суради. 2019 йилда унинг жамоаси Гагарин Кубогини қўлга киритган. Мишустин ЦСКА хоккей клуби кузатув кенгаши таркибига киради.

Лапар (частушка) ва эпиграммалар ёзиб туради, рояль чалади. Григорий Лепс ижросидаги «Ҳақиқий аёл» ва «Кул» қўшиқлари мусиқаси муаллифи ҳисобланади.

Мишустин ҳақида ким қандай фикрда?

Никита Кричевский, иқтисодчи: «Мишустин – мамлакатнинг ҳар бир бурчагидаги вазиятни ипидан-игнасигача биладиган инсон. Янги вазирлар маҳкамаси бугунги кун талаб қилаётган тарзда шакллантирилишига ишончим комил. Аммо менимча, кўплаб ҳозирги давлат хизматчилари Россиядан кетиши мумкин, чунки ҳукумат тепасига уларнинг барча «эркаликлари» тўғрисида биладиган инсон келди».

Алексей Репик, «Р-Фарм» АЖ директорлар кенгаши раиси: «Мишустин технократ (билимли ва юқори малакали), жуда ақлли, ўз ишига масъулият билан ёндашади. Унинг учун адолат ўта муҳим. У бошқаларнинг қўлида қўғирчоқ бўлмайди».

Анатолий Аксаков, Давлат думасининг молиявий бозор бўйича қўмитаси раиси: «Михаил Мишустин — жуда сермаҳсул, профессионал, сўзининг устидан чиқадиган инсон. У дунёдаги энг яхши солиқ тизимларидан бирини яратди.

У вазифаларни бажаришда ўзига ҳам, қўл остидагиларга ҳам қатъий. Бу инсон ҳукуматда жамоа шакллантира олади ва миллий лойиҳаларни бажаришнинг уддасидан чиқади».

Давид Якобашвили, «Вимм-Билль-Данн» асосчиси: «У — интилувчан ва ҳар қандай вазифани бажаришга қодир ақлли инсон».

Вадим Зарипов, «Пепеляев Групп» таҳлилий хизмати раҳбари: «Мишустин тажрибали ва қаттиққўл бошқарувчи, шу билан бирга профессионаллар ва матбуот билан мулоқот учун ҳамиша очиқ. У қўл остидагиларга бажариш қийин бўлган вазифаларни қўйиб, келажакни яратади».

Мавзуга оид