Жаҳон | 12:45 / 17.01.2020
57594
3 дақиқада ўқилади

Украина бош вазири можароли аудиоёзув ортидан истеъфо берди

Украина бош вазири Алексей Гончарук истеъфога чиқиш тўғрисида ариза ёзди ва уни президент Владимир Зеленскийга топширди.

Владимир Зеленский ва Алексей Гончарук / AFP

«Мен бу лавозимга президент дастури ижросини бажариш учун келганман. У мен учун шаффофлик ва тартиб намунаси ҳисобланади. Аммо, президентга ишончимиз ва ҳурматимизга бўлган ҳар қандай шубҳаларни бартараф этиш учун мен истеъфо тўғрисида ариза ёздим ва уни парламентга киритиш ҳуқуқи билан президентга топширдим», — дея ёзган Гончарук фейсбукдаги саҳифасида.

Владимир Зеленский Гончарукнинг аризасини кўриб чиқиши ва яқин вақт ичида натижалар маълум қилинишини билдирган.

YouTube’даги можароли аудиолар

Шу кунларда интернетда Гончарук билан боғлиқ можароли аудиоёзувлар тарқалган, уларда Украина бош вазири экани айтилган овоз соҳиби Миллий банк раҳбари ва Молия вазири билан бирга мамлакат иқтисодий сиёсатини муҳокама қилишгани, улар президент Владимир Зеленскийни иқтисодий сиёсатда лаёқатсизлиги ҳақида гаплашишгани акс этганди. Масалан, Гончарукники айтилган овоз уни «жуда оддий фикрловчи, иқтисодий соҳада ҳеч нарсани тушунмайдиган ношуд» деб атаган.

Ёзувларнинг биринчиси YouTube’да 15 январь куни очилган «Как обмануть президента» каналида эълон қилинди. «Би-би-си»нинг ёзишича, бу ёзув 2019 йилнинг 16 декабрида украиналик амалдорларнинг норасмий учрашуви вақтида ёзиб олинганди.

16 январь куни Гончарук 3 дақиқали видеомурожаат билан чиқди, у бу чиқишида ёзувлар ҳақиқийлигини тасдиқламаган ҳам, рад этмаган ҳам. Лекин у сўнгги вақтларда коррупционерлар ва ичи қоралар томонидан шахсан унга ҳамда унинг бошқарувидаги ҳукуматга медиаҳужумлар кўпайганини қайд этган.

Истеъфо тўғрисидаги баёнотида Гончарук бу аудиоёзувларни ҳам эслаб ўтган. У «ўзи ва жамоаси президентни ҳурмат қилмайди» деган тасаввур сунъийлик билан ҳосил қилингани ҳақида гапирган.

«Молиявий оқимларга кириш учун интилаётган турли гуруҳлар учун шундай бўлиши фойдалидир. Аммо бу тўғри эмас», дея ёзган Гончарук.

У ўзининг истеъфо тўғрисидаги баёнотини «президентга ишончи ва ҳурматига бўлган барча шубҳаларни тарқатиш»ни исташи билан изоҳлаган.

«У - украинлар бемисл даражада ҳурмат кўрсатган инсондир. У мамлакатни ўзгартираётган жамоасининг ҳар бир аъзосининг самарадорлигини баҳолашга ҳақли», деган Украина бош вазири.

  • 35 ёшли Гончарук 2019 йил августидан буён Украина ҳукуматига раҳбарлик қилиб келаётганди. У мамлакат тарихидаги энг ёш бош вазир бўлганди. 2000-йилларда Гончарук бизнес соҳасида юрист сифатида фаолият кўрсатган. 2015 йилда Украина экология вазири маслаҳатчиси, кейинроқ — иқтисодий тараққиёт вазири маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган.

Мавзуга оид