Юзлаб одамлар Хитойдаги янги вирусни юқтиришлари мумкин
Олимларнинг маълум қилишича, Хитойда пайдо бўлган янги сирли вирусни юқтирганлар сони расмий маълумотлардан анча юқори.
18 январь кунги ҳолатга кўра, Хитой расмийлари ушбу вирусни юқтирган 60дан ортиқ ҳолатни тасдиқлашди. Аммо британиялик мутахассислар аслида бу рақам 1700га яқинлашмоқда деган фикрда.
Тадқиқот Буюк Британия ҳукумати ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига ҳисобот берадиган Лондон Империал коллежи қошидаги MRC юқумли касалликларни глобал таҳлил қилиш марказида ўтказилди.
«Бу ҳолат мени бир ҳафта аввалгига қараганда кўпроқ ташвишга солмоқда», дейди эпидемиолог профессор Нил Фергюсон.
Декабрь ойида ўткир респиратор касалликларни келтириб чиқарувчи ушбу вирусдан икки киши вафот этгани маълум. Унинг биринчи тарқалиши Хитойнинг Уҳан шаҳрида қайд этилган.
Сингапур ва Ҳонгконг аллақачон Уҳандан келувчи барча йўловчиларни текширишни бошлаб юборишган, шу каби чоралар жума куни АҚШнинг учта йирик аэропортида ҳам жорий этилди: Сан-Франциско, Лос-Анжелес ва Нью-Йорк.
Янги маълумот қандай олинди?
Муаммо кўламини баҳолашнинг асосий мезони бошқа мамлакатларда аниқланган ҳолатлар сони эди.
Касаллик Хитой марказидаги Ухань шаҳрида ёйилган бўлса-да, Таиландда иккита, Японияда битта касалланиш ҳолати қайд этилди.
«Бу мени хавотирга солди. Уҳан ушбу уч ҳолатни бошқа мамлакатларга «экспорт» қилгани шуни англатадики, вирус кўлами эълон қилинганидан кўра кенгроқдир», дейди Фергюсон.
Аниқ рақамларни билишнинг иложи йўқ, аммо олимлар вируснинг ўзи, маҳаллий аҳоли сони ва йўловчилар томонидан ҳаво қатнови тўғрисидаги маълумотлар ҳисобга олиниб, тарқалиш даражаси тўғрисида тасаввурга эга бўлишлари мумкин.
Уҳан шаҳрида 18 миллионга яқин одам истиқомат қилади, аммо унинг халқаро аэропорти орқали атиги 3,4 минг йўловчи чет мамлакатларга учади.
Натижалари Империал коллежининг веб-сайтида эълон қилинган тўлиқ ҳисоб-китобларга кўра, гап 1700та касалланиш ҳолати ҳақида кетмоқда.
Вирус ҳақида нималар маълум?
Вирусни лабораторияда текшириш учун беморлардан таҳлил олинган.
Хитой расмийлари ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти инфекция коронавирусни келтириб чиқаради деган хулосага келишди.
Коронавируслар оиласи таркибига етарлича кўп вирус киритилади, аммо улардан фақат олтитаси (ва янги вирус билан етти) одамга юқиши мумкин.
2002 йилда, Хитойда бошланган коронавируснинг тарқалиши натижасида 8098 киши атипик пневмония (атипик – оддий бўлмаган, мураккаб шамоллаш; бу касаллик оғир ўткир респиратор синдроми (SARS) деб ҳам аталади) билан касалланган. 774 киши вафот этган.
«Одамлар SARS'ни ҳали ҳам даҳшат билан эслайдилар, қўрқув пайдо бўлади, аммо энди биз ушбу касалликларга қарши туришга кўпроқ тайёр бўлдик», дейди Wellcome Trust'дан доктор Жоси Голдинг.
Хавф қай даражада?
Коронавирус инфекциясининг оқибатлари турлича: ўртача шамоллашдан ўлимгача.
Янги вирус ушбу диапазоннинг ўртасида жойлашган кўринади.
«Биз янги коронавирус билан дуч келганимизда, аломатлар жиддийлигини аниқлашга интиламиз. Бу сафар симптомлар шамоллашни эслатади, яъни хавотирланишга асос бор, лекин бу SARS'дек қўрқинчли эмас», — дейди Эдинбург университети профессори Марк Вулҳаус.
У қаердан келган?
Янги вируслар доимий равишда аниқланмоқда. Улар вирус борлиги сезилмаган ҳайвонлардан одамларга юқади.
«Аввалги вирус ёйилиши ёдга олинса, янги коронавирус пайдо бўлганда унинг ташувчиси ҳайвонлар эди», — деди Ноттингем университети вирусологи, профессор Жонатан Болл.
Инсон атипик пневмонияни илк марта Африка циветидан юқтирган.
Яқин Шарқ респиратор синдроми (Mers) одамларга дромедарлардан — бир ўркачли туялардан мунтазам равишда юқиши кузатилади. У аниқланган 2012 йилдан бери маълум бўлган 2494 зарарланиш ҳолатидан 858таси ўлим билан якунланган.
Қайси ҳайвон ташувчи бўлган?
Вирус ташувчи қайси ҳайвон эканлиги аниқланганда, муаммо осонлашади.
Бу сафар инфекцияни юқтириш ҳолатлари Уҳандаги улгуржи денгиз маҳсулотлари бозори билан боғлиқ эди.
Коронавируснинг ташувчиси бозорда сотиладиган белуха (Шимолий қутб денгизида яшовчи йирик дельфин) каби денгиз сутэмизувчилари бўлиши мумкин, шунингдек, у ерда товуқ, кўршапалак, қуёнлар ва илонлари ҳам сотилади. Инфекция манбасини улар орасидан ҳам излаш керак.
Нима учун бу Хитойда юз берди?
Вулҳауснинг сўзларига кўра, бу аҳоли сони, унинг зичлиги ва вирус ташувчи ҳайвонлар билан яқин алоқада бўлишига боғлиқ.
«Ҳеч ким навбатдаги вируснинг Хитойда ёки ўша минтақа мамлакатларида содир бўлганига ажабланмаяпти», — дейди у.
Вирус қанчалик тез тарқалади?
Эҳтимол, ушбу вазиятда энг тинчлантирувчи нарса шуки, янги вирус одамдан одамга юқмайди.
Ўпкани зарарловчи янги вирусларни ўрганишда мутахассислар биринчи навбатда ушбу жиҳатга қизиқишади, чунки вирус ҳаво томчилари - йўталиш ва аксириш орқали жуда тез тарқалади.
Агар у одамдан одамга юқадиган бўлса, тиббиёт ходимлари орасида ҳам юқтириш ҳолатлари рўй бериши мумкин эди, чунки улар беморлар билан яқин алоқада бўлишади.
Хитой расмийлари бу ҳолат кузатилмаганини таъкидлашмоқда.
Аммо баъзи экспертларнинг фикрига кўра, вирус одамдан одамга юқмаслиги ҳақида гапиришга жуда эрта.
«Жуда қисқа вақт ичида зарарланган 59 кишининг барчаси ҳайвондан юқтирган бўлиши керак. Интуиция бу жуда кўп эканлигини кўрсатмоқда, шунинг учун савол очиқ қолмоқда», — деди Жонатан Болл.
«Мен баҳолашда эҳтиёткорроқман. Аниқ гап айтишга жуда эрта. Коронавирусларнинг кўпи (одамдан одамга) юқумлидир ва бу мени безовта қилади», — дея қўшимча қилади Вулҳаус.
Тарқалиш тезлиги қандай?
Барча беморларда аломатлар 2019 йил 12 декабрдан 29 декабргача пайдо бўла бошлаган.
Янги инфекцияланиш ҳақида хабар берилмаган.
«Бошқа ҳолатлар йўқлигини ижобий дея оламиз. Хитой жиддий қарамоқда ва эпидемияни тўхтатиш мумкин. Бу ёғини вақт кўрсатади», — дейди Голдинг.
Хитой янги йили олдидан миллионлаб одамлар мамлакат бўйлаб саёҳат қилишлари натижасида вирус тарқалиши мумкин деган хавотирлар бор.
Хитой расмийлари қандай чоралар кўряпти?
Вирус юқтирган одамлар бошқа беморларга тарқалиш хавфини бартараф этиш учун изоляторларда даволанишди.
Беморлар билан алоқада бўлган 150 нафардан ортиқ одам ҳам ҳозирда кузатув остида.
Йўловчиларни текшириш учун тана ҳароратини аниқловчи сканерлар ўрнатилди.
Денгиз маҳсулотлари бозори тозалаш ва зарарсизлантириш учун ёпилди.
Мавзуга оид
19:57
Хитойда ёлғиз инсонларни оила қуришга ундовчи тарғиботлар кучайтирилди
14:53
Хитой компанияси Аския бозорини 225,6 млрд сўмга сотиб олди
23:04 / 24.12.2024
Хитой қутб сувларида сузишга қодир дунёдаги энг йирик юк ташувчи кемани синовдан ўтказди
21:52 / 24.12.2024