Ўзбекистон | 12:50 / 20.01.2020
33610
2 дақиқада ўқилади

Президент фаол депутатларни намуна қилиб кўрсатди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисидаги нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фаол депутатлар ҳақида фикр билдириб, уларни қолганларга намуна қилди. 

«Муаммоли вазиятларда депутатлар бир чеккада, томошабин бўлиб туришини бундан кейин халқимиз асло қабул қила олмайди. Ахир, фуқаролар ўз вакилларини халқ фикрини ифода этиш ва улар манфаатини ҳимоя қилиш учун сайлайди-ку?

Эл-юртимиз депутат тимсолида қонун ва ахлоқ-одоб мезонларини бузган мансабдорларга қарши тура оладиган талабчан, курашчи, халқ дардини қўрқмасдан кўтариб чиқадиган ўз ҳимоячиси, ўз вакилини кўришни истайди.

Бу борада дастлабки қадамлар ташланмоқда. Расул Кушербаев, Шуҳрат Полвонов, Алишер Ҳамроев каби ёш ва жонкуяр депутатлар фаолияти сайловчиларга жуда маъқул бўлмоқда», деди Шавкат Мирзиёев.

Президент депутатлардан ўрнидан туришни сўради ва депутат Расул Кушербаевнинг фаолиятини алоҳида эътироф этди.

«Айниқса, Расул тўғрисида кўп гаплар бўлади, ҳаммагаям ёқмайсан, менга ёқасан. Нимага? Гап савол беришда эмас, гап муҳокама қилишда эмас.

Нима учун уларни номма-ном айтяпман. Ким келса нега мухолифат йўқ дейди.

Аввалам айтганман, менга халқим ишонч билдирса, мен ҳеч қачон ташқаридан оппозицияни қўймайман. Биз ичкаридан тайёр бўлишимиз керак. Ўзимизнинг миллий урф-одатларимиз, халқимиз манфаати билан тайёр бўлишимиз керак. У оппозиция эмас, миллатпарварлик, ватанпарварлик тимсоли. 

Шунинг учун сизларга ташаккур! Соғ бўлинглар.

Биринчи қадам билан, биз яхшиларимизга мана шундай эҳтиром кўрсатсак, бу ҳам тўғри бўлади», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид