Спорт | 21:22 / 21.01.2020
22522
2 дақиқада ўқилади

Друлович Ғаниев билан беллашганда. Саудия билан ўйинолди машғулотдан фотогалерея

Эртага, 22 январь куни Ўзбекистон U23 жамоаси Осиё чемпионати яримфиналида Саудияга қарши ўйнайди. Бугун Любинко Друлович жамоаси яримфинал олдидан якуний машғулотни ўтказди.

«Alpine» спорт мажмуасида ўтган машғулот бироз кечроқ бошланди. Сабаб Бангкок кўчаларидаги доимий тирбандлик. Таиланд пойтахтида тирбандлик ҳаддан ташқари кўп бўлгани сабаб буни бартараф этиш учун махсус ходимлар ҳам бириктирилган. Шундай бўлса-да, Бангкок кўчаларида машинада «қанот ёзиб» юра олмайсиз.

Одатда кечқурун машғулотни ўтказадиган жамоа бежизга бу гал маҳаллий вақт билан 17:00 ни танламаган деб ўйладик. Чунки эртага жамоа айнан шу вақтда майдонга тушади. Футболчилар машғулотларни кўтаринки руҳда ўтказишди десак бўлади. Фақат Бобур Абдухолиқов машғулот давомида дискомфорт ҳис қилди ва бироз вақт четда ўтирди. Балки у ОАВ учун очиқ бўлган 15 дақиқаликдан сўнг яна машғулотга қайтгандир, чунки мураббийларнинг реакциясига қараганда, вазият жиддий эмаслиги кўринди.

Машғулот давомида бир нарса эътиборни тортди. Қизиш машғулотлари бошида футболчилар иккитадан бўлиб тўпни бир-бирларига ошириб ўйнашди. Азиз Ғаниевга эса жамоа бош мураббийи Любинко Друлович шерик бўлди. Мураббий ўз шогирди билан беллашгани кўйи тўпни туширмасдан у билан ўзига хос мусобақага киришди. Айтиш жоиз, Друлович футболчи сифатида ёмон таассурот қолдирмади.

Яна бир диққатни тортган нарса Абдувоҳид Неъматовнинг оёқ билан ўйини бўлди. Дарвозабон худди Гвардиола ёқтирадиган посбонлар каби тўп билан қўрқмай муомала қила олишини кўрсатди. Дарвозабонлар мураббийи Михаил Наумов ҳам ҳамон яхши формада эканини футболчилар билан қизиш машғулотларидаги ҳаракатларидан кўрдик.

Бир сўз билан айтганда, машғулотнинг ОАВ учун очиқ бўлган қисми кўтаринки кайфиятда ўтди. Қуйида машғулот жараёнидан тайёрланган фотогелереяни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Муҳаммаджон Ғаниев олган суратлар

Мавзуга оид