Жаҳон | 23:56 / 22.01.2020
6038
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Миссисипи штати губернатори инаугурациясида Ўзбекистон элчиси иштирок этди

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов бошчилигидаги делегация Миссисипи штатининг янги губернатори Тейт Ривзнинг инаугурацияси маросимида иштирок этди. Маросим штат пойтахти ҳисобланмиш Жексон шаҳрида бўлиб ўтган. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди. 

Штатнинг 65-губернатори бўлган Ривз 2019 йил 5 ноябрдаги губернатор сайловларида ғалаба қозонган. У 2004 йилдан бери штат маъмуриятида ишлаб келган, 2012-2020 йиллар давомида губернатор ўринбосари лавозимини эгаллаб келган.

Ўзбекистон делегациясининг Жексонга ташрифи давомида губернатор офиси вакиллари, штатнинг собиқ губернатори Фил Брайант, штатнинг иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги вазирлари Глен Макколух ва Энди Гибсон билан учрашувлар бўлиб ўтган.

Миссисипи губернатори офиси Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ва инвестицион соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлаб ўтган. Шунингдек, Тейт Ривзнинг жорий йил октябрида Ўзбекистонга ташриф буюриши бўйича келишувга эришилган.    

Учрашувда Миссисипининг собиқ губернатори Фил Брайант 2019 йил майида Ўзбекистонга уюштирган ташрифини илиқ хотиралар билан эслаб ўтган.

“Мен учун Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин унга ташриф буюрган биринчи америкалик губернатор бўлиш шарафлидир. Янги Ўзбекистон – бу жадал ривожланаётган ислоҳотчи давлат бўлиб, у бутун минтақанинг кун тартибини белгиламоқда ва дунёдаги бошқа давлатларга муносиб ўрнак бўлиб хизмат қилмоқда”, деб таъкидлаб ўтган Брайант.

Мавзуга оид