Спорт | 00:56 / 24.01.2020
69017
2 дақиқада ўқилади

Финалдан муҳимроқ ўйин. Ўзбекистон Австралияни енгишга тайёрми?

25 январь куни Ўзбекистон U23 жамоаси Осиё чемпионати учинчи ўрин учун ўйинда Австралияга қарши майдонга тушади. Яримфиналда Саудия ва Жанубий Кореяга имкониятни бой берган бу икки жамоа Токио олимпиадасига бериладиган учинчи йўлланма учун кураш олиб боради. 23 январь куни Ўзбекистон U23 Бангкокдаги «Alpine» спорт мажмуасида Австралияга қарши ўйин олдидан машғулотларда қатнашди.

Таъкидлаш керак, бир кун олдин Жанубий Кореяга имкониятни бой берган Австралия машғулот ўтказмади. Австралиялик мураббийлар футболчиларга дам беришга қарор қилишган. Друлович жамоаси эса Саудияга ютқазганининг эртасига машғулот ўтказди.

Бу тикланиш машғулоти эди десак, тўғри бўлади. Саудияга қарши ўйнаган футболчилар асосан алоҳида шуғулланишди ва уларга камроқ юкламалар берилди. Яримфиналда ўйнамаган футболчилар кўпроқ машқ қилишди. Машғулотга футболчилар кўтаринки кайфиятда келишди десак, сизни алдаган бўламиз. Аммо машғулот бошлангач мураббийлар кичик йиғилиш ўтказиб футболчиларга гапиришди. Балки шу гаплар таъсири биландир, йигитлар машғулотни яхши кайфиятда бошлашди.

Футболчилар жамоаларга бўлиниб турли хил ўйинлар ўйнашди, бу эса уларнинг кайфиятига ижобий таъсир қилди. Бизнингча, мураббийлар ҳал қилувчи ўйин олдидан асосан футболчиларнинг тикланишига ва яхши кайфиятга майдонга тушишига эътибор беришмоқда. Одатда бундай йўлланма ўйналадиган ўйинларда жисмоний, тактик ҳолатдан кўра руҳий кўтаринкилик муҳимроқ рол ўйнайди.

Мураббийлар қайсидир маънода буни уддалашди деса бўлади. Футболчилар машғулотни бутунлай бошқача кўтаринкилик билан тарк этишди. Улар Саудия билан ўйиндаги ғуборларини бугунги машғулотларда тўкиб юборгандек гўё... Қуйида футболчиларнинг муҳим ўйин олдидан ўтказган машғулотидан фотогалереяни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Дарвоқе, футболчилар ҳал қилувчи машғулотни эртага, 24 январь куни ўтказишади.

Матн муаллифи: Ўткир Жалолхонов
Муҳаммаджон Ғаниев олган суратлар

Мавзуга оид