Жамият | 21:24 / 05.02.2020
5063
4 дақиқада ўқилади

ХМТ: 2019 йилги пахта теримида мажбурий меҳнат мунтазам кузатилмаган

2019 йилги пахта терими даврида Ўзбекистонда мажбурий ҳолатлари қайд этилган, аммо бу мунтазамлик касб этмаган. Вояга етмаган болаларнинг пахта териши билан боғлиқ ҳолатлар саноқли бўлган. Умуман, мажбуран пахта теришга жалб қилиш 2018 йилга нисбатан 40 фоизга пасайган.

Фото : KUN.UZ

Халқаро Меҳнат ташкилотининг 2019 йил якунларига биноан ҳисоботида қайд этилишича, «мактаб ўқувчилари ва талабалар пахта теримига сафарбар қилинмаган, бироқ болалар меҳнатининг чекланган ҳолатлари ҳали ҳам рўй бермоқда. 2019 йилги пахта теримида мунтазам равишда мажбурий меҳнат содир бўлмаган». Бу ҳақда 5 февраль куни «Ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда муносиб меҳнат» мавзусидаги давра суҳбатида сўз борди, деб хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.  

ХМТнинг Ўзбекистондаги бош маслаҳатчиси Йонас Аструп ташкилот ҳисоботини эълон қилар экан, «2019 йилги пахта терими даврида мунтазам равишда мажбурий меҳнат содир бўлмагани, ислоҳотлар эса, босқичма-босқич давом этаётгани»ни билдирди. Шунга қарамай, «маҳаллий даражада ижрога боғлиқ муаммолар ҳамон мавжуд».

«2019 йилда пахта теришга мажбур қилинганлар сони камайган, аммо анчагина мажбурий меҳнат ҳолатлари кузатилган. 1,75 млн киши (меҳнатга лаёқатли аҳолининг 12,5 фоизи пахта теримида иштирок этган бўлса, уларнинг аксарияти ихтиёрий равишда теримда қатнашган. Шунинг баробарида 102 мингга яқин киши, (5,9) мажбурлашнинг шаклларидан бирига дуч келган. Бу 2019 йилда мажбурланган теримчилар сони 2018 йилга нисбатан 40 фоизга камайганлигини англатади».

Умуман олганда, пахта теримига жалб қилинган шахсларнинг умумий сони ҳам қисқаришда давом этган, бу, асосан, пахта етиштиришнинг қисқартирилиши ва аста-секин механизациянинг жорий қилиниши натижасидир.

Ҳисоботга кўра, мажбурий меҳнатни қисқартириш суръати ўтган йилларга нисбатан бироз секинлашган. Бундай «ҳолат» янги меъёрий ҳужжатлар қабул қилингач, улар амалиётга жорий қилинганидан кўп ўтмай сезиларли таъсир кўрсатгани билан изоҳланади. Мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг давом этиши «қамраб олиш қийин бўлган ҳудудлар»га хос ёки ўзгариши қийинроқ бўлган баъзи амалиётлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, Халқаро Меҳнат ташкилоти 2020 йилда мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида ўз таклифларини ҳам ҳукуматга тақдим этган. Унга биноан, Ўзбекистон ҳукумати 2020 йилда мажбурий меҳнатга барҳам бериш мақсадига тўлиқ эришиш ҳамда пахтачиликда ва ривожланаётган тўқимачилик ва тикувчилик соҳаларида меҳнатга оид асосий тамойиллар ва ҳуқуқларини илгари суриш бўйича саъй-ҳаракатларини кучайтириши керак.

Ҳукумат томонидан жорий этилаётган ислоҳотлар мажбурий меҳнат билан боғлиқ хатарларни бартараф этиш ва шу билан бирга зарур бандлик учун имкониятларни яратиш имкониятларига эга. Иқтисодий ўсиш таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма ва бошқа соҳаларда келгусидаги ислоҳотларни амалга оширишга имкон беради.

Бундан ташқари, халқаро ташкилот жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш борасида ўз тавсияларини берди.

Ҳисоботда таъкидланишича, «савдо ва инвестиция соҳасидаги масъулиятли халқаро инвесторларнинг қарорлари марказий режалаштирилган иқтисодиёт меросининг янада барҳам берилиши учун фойда келтириши мумкин. Шунингдек, улар халқаро меҳнат стандартларига риоя қилинишига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, агар тўқимачилик ва тикувчилик саноатида ҳамда иқтисодиётнинг бошқа қисмларида тўлиқ вақтли муносиб иш ўринлари кўпайса, бу кўпинча адолатсиз ёллаш амалиётига манба бўлувчи мавсумий меҳнатга талабни қисқартириши мумкин».

ХМТ, шунингдек, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларнинг мажбурий меҳнатга барҳам беришдаги таъсирига доир хулосаларини ҳам тақдим этди.

Хусусан, экинларни диверсификация қилиш ва пахта етиштиришни камайтиришга қаратилган қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар мажбурий меҳнатни қисқартиришга ижобий таъсир кўрсатмоқда. 2018 - 2019 йилларда пахта хом ашёсининг камроқ етиштирилиши ва механизациянинг босқичма-босқич жорий этилиши ихтиёрий ва мажбурий теримчилар умумий сонининг сезиларли даражада қисқаришига олиб келди.

Бунинг натижасида, мажбурий ишчиларнинг улуши пахта теримчиларининг умумий сонига нисбатан тезроқ камайишига олиб келган.

Мавзуга оид