Фан-техника | 23:31 / 06.02.2020
9269
2 дақиқада ўқилади

Apple Watch савдоси ҳажми барча швейцар соатлари савдоси ҳажмидан ошиб кетди

Strategy Analytics фирмаси маълумотларига кўра, 2019 йилда Apple компанияси 30,7 млн дона Apple Watch соати сотди. АҚШ компанияси бу кўрсаткич бўйича барча швейцар соатлари брендларининг умумий савдоси ҳажмини ортда қолдирди.

Маълумотларга кўра, Apple Watch савдоси ҳажми 2019 йилда 2018 йилга нисбатан 36 фоизга кўпроқни ташкил қилган. Барча швейцар брендларининг соатлари умумий савдоси ҳажми эса 2019 йилда 13 фоизга камайиб, 21,1 млн донани ташкил қилган.

The Verge нашрининг аниқлик киритишича, Apple’нинг ўзи Watch соатлари савдоси ҳақидаги маълумотларни ошкор этмайди. Strategy Analytics’нинг баҳоси ритейлер ва бошқа ишлаб чиқарувчилардан олган маълумотларга асосланган. Фирманинг ижрочи директори Нил Моустоннинг айтишича, оддий соатлар ёши катта истеъмолчилар орасида ҳали ҳам оммалашган, бироқ ёшлар ақлли соатлар ва фитнес-билакузукларни маъқул кўришмоқда.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Swatch ва Tissot швейцар соатлари брендлари смарт-соатларга курашни бой бермоқда. Apple истеъмолчиларга ёш харидорларга мўлжалланган қизиқроқ маҳсулот таклиф қилмоқда. Бозордаги жорий ҳолат ҳисобга олинса, Швейцария соатсозлик компанияларида вазиятни ўз фойдасига ўзгартириш учун оз вақт қолмоқда.

MacRumors нашрининг эслатишича, 2017 йилда Apple бир чорак бўйичагина швейцар компанияларини ортда қолдира олган, бироқ йил натижаларига кўра у бундай натижага илк бор эриша олди. 

Мавзуга оид