Жаҳон | 15:44 / 09.02.2020
25873
3 дақиқада ўқилади

Туркларнинг ҳарбий колоннаси Идлибга кирди

Расмий Анқара Сурия ҳудудига махсус топшириқли ҳарбий бўлинмаларини ҳам юборган.

Фото: Sky News Arabia

Туркия армиясининг танклар, зирҳли техникалар ва ўқ-дори ортилган машиналаридан иборат ҳарбий конвой Сурия билан чегарани кесиб ўтиб, Идлиб вилояти ҳудудига кирди. Бу ҳақда Sky News Arabia телеканали хабар тарқатди.

Манба маълумотида айтилишича, туркларнинг яна бир ҳарбий карвони 9 февралга ўтар кечаси чегарани кесиб ўтиб, Идлибдаги Боб-ал-Хава пунктига кирганди. Anadolu агентлиги маълумотига кўра, колоннада жами 300та ҳарбий техника бор. Шунингдек, махсус топшириқли ҳарбий бўлинмалар ҳам чегарадан ўтган.

Ўз навбатида, Идлиб ва Ҳалабда жойлашган Сурия мухолифати вакиллари ўз оила аъзоларини Туркия билан чегарадош ҳудуддаги Африн шаҳри томонга олиб кетмоқда.

Шанба куни Анқарада РФ ва Туркия ҳукуматлари ўртасида музокара ўтказилган, унда Идлибдаги кескинлашаётган вазият муҳокама қилинганди.

Туркия ва Россия ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари Седат Ўнал ва Сергей Вершинин бошчилигидаги делегациялар ўртасидаги музокаралар уч соатга яқин давом этган. Туркия томони Сочи келишуви доирасида Идлиб деэскалация ҳудуди чегаралари сақланиб қолишини ва ушбу ҳудуддан февраль охиригача Сурия қўшинлари олиб чиқиб кетилишини талаб қилган.

Шунингдек, Анқара деэскалация ҳудудидаги кузатув пунктларига Сурия қўшинлари томонидан уюштириладиган ҳар қандай ҳужумга жавоб қайтаришини билдирган.

2017 йил май ойида Остона шаҳрида (ҳозирги Нур-Султон) Россия, Эрон ва Туркия вакиллари иштирокида ўтказилган музокараларда Сурияда тўртта деэскалация ҳудуди ташкил этилган. 2018 йилда учта ҳудуд Дамашқ назорати остига ўтган. Идлиб вилоятида жойлашган тўртинчи ҳудуд Сурия ҳукумати назоратидан ташқарида бўлиб, унинг катта қисми туркларнинг иттифоқчиси саналадиган «Жабҳат ан-Нусра» ташкилоти томонидан назорат қилинади. 2018 йил сентябрда Россия ва Туркия Сочида ўтказилган музокараларда Идлибда демилитаризациялашган ҳудуд ташкил этишга келишиб олганди.

Россия ТИВ маълумотига кўра, россиялик ва туркиялик ҳарбийлар ҳудудда тинчлик ўрнатиш учун ҳаракат қилмоқда, аммо ҳудуддаги айирмачилар бунга халал бермоқда.

Январь ойи охири ва февраль ойи бошида қуролли ҳаракатлар давом этиши оқибатида россиялик ва туркиялик ҳарбийлар ҳалок бўлишганди.

2020 йилнинг 26 январида Сурия Араб Республикаси армияси Ҳалаб шарқига бу ҳудуддаги жангарилар томонидан шаҳарга доимий равишда зарбалар бериб келинаётгани оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётганини рўкач қилиб ҳужум бошлади. Башар Асад кучлари 5 февраль куни Идлиб яқинидаги Саракиб шаҳрини эгаллаб олди.

Мавзуга оид