Жамият | 11:00 / 10.02.2020
12880
2 дақиқада ўқилади

«Чорсу»ни меҳмонхона эмас, бизнес марказга айлантириш мумкинми?

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳрининг марказида жойлашган собиқ «Чорсу» меҳмонхонаси e-auksion.uz электрон савдо майдонига қайта савдога чиқарилганидан буён ушбу объект хусусида юртдошларимиз томонидан ҳар хил саволлар берилмоқда. Кимдир «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази»га қўнғироқ қилса, бошқа биров ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалар орқали ўзларини қизиқтирган масалаларда мурожаат қилмоқда.

Ушбу давлат мулки объектини ким харид қилиши ва унинг келажагига қизиқмаган инсон бўлмаса керак. Шу кунларда собиқ «Чорсу»ни меҳмонхона эмас, савдо маркази ёки бизнес марказ сифатида қайта қуриш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлаган мурожаатчилар кўп бўлди.

Айтиш мумкинки, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан такрорий савдога чиқарилган собиқ меҳмонхона мажмуасини сотиб оладиган тадбиркорлар учун бир қатор имкониятлар яратилди, бунда биринчи навбатда фуқароларнинг фикрлари инобатга олинганини алоҳида қайд этиб ўтиш ўринлидир.

1982 йилда қурилган, умумий майдони қарийб 2 гектарни ташкил этувчи объект уч юлдузли меҳмонхона ташкил этиш талаби билан сотувга қўйилган. Мулкни харид қилган аукцион ғолиби олди-сотди шартномаси имзоланган санадан бошлаб 10 йил давомида асосий фаолият турини (меҳмонхона хизматини кўрсатиш) сақлаш мажбуриятини қабул қилиб олади. Бироқ бунда меҳмонхона мажмуаси бино-иншоотларининг бир қисмида, бино-иншоотларнинг умумий фойдали майдонининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳудудда бизнес-марказ фаолиятини йўлга қўйиш имконияти тақдим этилади.

Мамлакатимизда бошланган ислоҳотлар жараёнида меҳмонхона ҳамда бизнес марказнинг яқин жойда ташкил этилиши ушбу бинонинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

«Электрон онлайн-аукционларни
ташкил этиш маркази» ДУК PR-хизмати

Мавзуга оид