ЎМИ Саудия элчихонасидан умра визасини фақат рўйхат асосида беришни сўраган
Маълум бўлишича, Ўзбекистон мусулмонлар идораси Саудия Арабистони подшоҳлигининг Тошкентдаги элчихонасига илтимоснома киритиб, идора тақдим этган рўйхатдан ташқари бошқа фуқароларга умра визаси бермасликни сўраган.
Бу ҳақда идора Халқаро алоқалар бўлими мудири Муҳаммад Акмалхон Шокиров 11 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Тасаввур қилинг, ота-онангиз умрага бориш учун уч йилдан бери навбатда турибди. Навбатлари яқинлашиб келаётганда, бу ёқдан бошқа бир одам элчихонага келиб, умрага бориш истагини билдирмоқда ва кетяпти ҳам. Бу ерда адолат мезони бузилмоқда. Шунақа ҳолатда нима қилган бўлардингиз?
Ҳалиги одамни тўхтатиб, нега навбатсиз тиқиляпсан, деган саволни берардингиз. Ана шу адолат мезони бузилмаслигининг олдини олиш мақсадида Саудия Арабистони подшоҳлигининг Ўзбекистондаги элчихонасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тақдим этган рўйхатдан ташқари бошқа фуқароларга, иложи бўлса, умра визаси берманг, деб илтимос қилинган», – деди у.
Саудия Арабистони Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари нега ўзбекистонликларга туристик виза бермайди?
Бу ҳақдаги саволга Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов жавоб берди. Унинг айтишича, Ўзбекистон Саудия Арабистони томонидан туризм визаси бериладиган давлатлар рўйхатига киритилмаган.
«Ўзбекистон фуқароларига туризм визаси эмас, умра визаси берилади. Туризм визаси бериладиган давлатлар рўйхатида эмасмиз.
Нимага берилмайди, биласизми? Ким нима деяётганини билмайман, лекин куни кеча муфтий ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси биргаликда Саудия Арабистонига ҳукуматлараро келишувга бориб келишди. Шу ерда шу масала кўтарилган.
Аввалроқ қўмита раиси томонидан эътироз бўлдики, нимага берилмайди. Шундан кейин ўша ернинг ўзида таҳлил қилиб кўрилди ва туризм визасини бериш бўйича [Саудия Арабистони] ҳукуматига мурожаат қилинди.
Ўзбекистон фуқароларига турли йўллар билан, яъни хусусий йўллар билан келган ҳолатда жуда кўп ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди, деб фактларни беришган. Бу фактларни ошкор қилолмаймиз.
Улар: «Биз ҳозирча туризм визасинимас, умра визасини берамиз», деб айтишди.
Хусусий туризм ширкатлари фаолиятларини олиб боряпти, бунга ҳеч қандай тўсқинлик бўлаётгани йўқ. Ўзбекистон фуқароларига туризм ёки умра визаси берилмаётгани ҳақида элчихонанинг ўзидан сўранглар, бизнинг бу ҳақда маълумотимиз йўқ», деб айтди Музаффар Комилов.
Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, Ўзбекистонда ҳаж ва умра зиёратларини ташкиллаштириш билан Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасигина шуғуллана олиши мумкин холос.
Гарчи қонунчиликда хусусий туроператорларнинг мазкур фаолият билан шуғулланишига расмий чеклов бўлмаса-да, «ҳужжатларда бу нарса кўзда тутилмаган» деган сабаб билан уларнинг умра зиёратини ташкил этиши, зиёратчилар учун умра визасини олишига йўл берилмай келмоқда.
Мавзуга оид
18:07 / 24.12.2024
Саудия Арабистонидаги кўзгусимон мегашаҳарни роботлар қуради
15:04 / 22.12.2024
Магдебургдаги ярмаркага ҳужум. Ҳозиргача нималар маълум?
23:55 / 03.12.2024
Саудия Арабистони машинистсиз бошқариладиган дунёдаги энг узун метрони ишга туширди
15:20 / 03.12.2024