Жамият | 11:24 / 13.02.2020
33340
2 дақиқада ўқилади

Беруний туманида содир бўлган ЙТҲда 4 киши ҳалок бўлди

Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида “Матиз” ва “МАН” тўқнашди, ҳодиса оқибатида тўрт киши ҳаётдан кўз юмди

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

Жорий йилнинг 12 февраль куни соат 11:30ларда А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлида Беруний туманида яшаган А.Б. “Матиз” русумли транспорт воситасини белгиланган тезлик талабига амал қилмасдан бошқариши оқибатида қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизматига кўра, у қаршисидан ҳаракатланиб келаётган Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи Ш.Т. бошқарувидаги “МАН” русумли юк автомобили билан тўқнашув содир этган.

Натижада, “Матиз” русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси А.Б., ушбу автомашина йўловчилари С.М., вояга етмаган М.Қ. ва Т.Р. олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этишган.

“МАН” ҳайдовчиси Ш.Т. ва “Матиз” русумли транспорт воситаси йўловчилари Д.Қ. ва С.С. тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

“Ҳурматли ҳаракат иштирокчилари, йўлларда ҳаракатланаётганда йўл ҳаракати қоидаларига белгиланган тезлик талабларига амал қилишингизни, об-ҳаво шароитида йўлнинг ҳолатига эътибор беришингизни сўраб қоламиз”, - дейилади маълумотда.

Мавзуга оид