Ўзбекистон | 17:51 / 14.02.2020
111229
3 дақиқада ўқилади

9 ёшидан бозорда ишлаб, машина ювган бола бугун катта бизнес эгаси – «1%»да Жаҳонгир Пўлатов

Kun.uz ва Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази ўзаро ҳамкорликда «1%» номли янги лойиҳага қўл урди.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – муваффақиятли ва иқтидорли инсонлар билан очиқ суҳбатлар уюштириб, томошабинларга қизиқарли ва фойдали маълумотлар етказиш.

Лойиҳанинг биринчи меҳмони – «Cambridge learning center» ўқув марказлари тармоғи асосчиси, 25 ёшдаги муваффақиятли тадбиркор Жаҳонгир Пўлатов бўлди.

Ўртаҳол оилада туғилиб ўсган Пўлатов ёшлигидан ўз олдига мақсад қўйиб, унга эришишга интилган. Ишлашни 9 ёшидан, Тошкентдаги «Фарҳод» бозорида чой сотишдан бошлаган, кейинчалик 3 йил давомида машина ювишни ўзига касб қилган. Автоҳалокатга учраб, ўмров суяги синганидан сўнг эса, бошқа ишга ўтишга мажбур бўлган.

Турли жойларда ўзини синаб кўрган Пўлатов охир-оқибат инглиз тилини ўрганиб, 17 ёшидан дарс бера бошлаган. Аввалига уйма-уй юриб дарс берган Пўлатов кейинчалик ўз ўқув марказини очишга қарор қилган.

Шундай қилиб, у 2014 йилда «Cambridge learning center» ўқув марказига асос солган. Яқин вақт ичида марказнинг пойтахтдаги филиаллари сони 7тага етиши режа қилинган.

Пўлатовнинг сўзларига кўра, ўтган йили яна иккита – «Get Coffee» ва «Hope» лойиҳаларини ҳам ишга туширибди. «Get Coffee» – кофе шохобчаси бўлса, «Hope» – хайрия фонди экан. «Cambridge learning center» ўқувчилари тўлаётган пулнинг маълум бир миқдори ана шу хайрия фондига йўналтирилар экан.

Қаҳрамонимиз 4 маротаба давлат ОТМларига кириш учун имтиҳон топширган, лекин кира олмаган. Сўнг Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университетига топшириб, биринчи уринишдаёқ талаба бўлган.

Жаҳонгир Пўлатов ўзининг профессионал тадбиркорлик фаолиятини эндигина бошлаб, моддий тарафдан қийналаётган вақтларида ҳаётидаги энг оғир дамлари бошланади. Отасидан жудо бўлиб, оилада ягона боқувчига айланган...

Интервьюда суҳбатдош бу қийинчиликларни қандай енгиб ўтиб, муваффақиятга эришгани, 2019 йилда гелендваген русумли машина олишни кўпчиликка ваъда қилиб, лекин олмагани ҳақида гапириб берди. Бундан ташқари, бир миллион доллар, бизнес, хайрия, мотивация, Илон Маск, кофе, гўштли гамбургер ва тўйи ҳақида ҳам гаплашдик.

Тўлиқ суҳбатни юқоридаги видеода кўришингиз мумкин.

Мавзуга оид