Буюк Британия элчиси – Ўзбекистондаги сўз эркинлиги, виза марказининг ёпилиши ва Брексит ҳақида
2019 йил 31 октябрида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камилов ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тим Торлот Брекситдан кейин икки томонлама муносабатларнинг амалдаги ҳуқуқий асосини сақлаб қолиш ҳамда алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида «Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида»ги битимни имзолаган эди.
Kun.uz мухбири ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати, томонлар ўртасидаги қисқа ва узоқ муддатга мўлжалланган лойиҳалар ва бошқа мавзуларда Британиянинг Тошкентдаги дипломатик миссияси раҳбари Тим Торлот билан суҳбатлашди.
Суҳбат давомида дипломат Ўзбекистондаги сўз эркинлиги билан боғлиқ ўзгаришлар ва Буюк Британиянинг Тошкентдаги виза идорасининг ёпилиш сабаблари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
– Жаноб Тим Торлот, сиз Ташқи ишлар вазирлиги тизимида салкам қирқ йилдан бери, яъни 1981 йилдан буён ишлаб келмоқдасиз. Шу йиллар мобайнида кўплаб давлатлар, жумладан Ироқ, Яман ва Боливияда хизмат қилдингиз. Ушбу мамлакатларга таққослаганда, Ўзбекистон сиз учун нимаси билан фарқ қилади?
– Бу ер мутлақо ўзгача ва мен ҳам Ўзбекистонга тайинланишдан олдин унинг айнан шундай бўлишини кутгандим. Aйтиб ўтганингиздек, мен 38 йилдан ортиқроқ вақтдан бери дипломатия соҳасида ишлаб келмоқдаман. Фаолиятим давомида Яқин Шарқнинг кўплаб давлатларида – Ироқ, Яман, Уммон ва Жанубий Aмериканинг турли мамлакатларида хизмат қилдим.
Бу – мазкур соҳанинг менга ёқадиган ўзига хос жиҳатларидан, очиғини айтсам. Чунки касбим бир-биридан фарқ қилувчи турли ўлкаларда етарлича узоқ муддат яшаш, ишлаш ва шу мамлакатларнинг тарихини ўрганиш имконини беради.
Ўзбекистонда ишлаш имконига эга бўлганимдан жуда мамнунман. Бу ерга келганимдан буён ўзим учун янги бўлган иккита тилни ўрганишимга тўғри келяпти. Очиғини айтсам, бунинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Бу ерда муҳит ўзгача.
Бунга қадар собиқ совет иттифоқи таркибига кирган давлатларда ишламаганман. Aста-секинлик билан юртингизнинг ўзига хос шарқона маданияти, иттифоқ давридан қолган мероси билан танишяпман. Бу Ўзбекистонда ишлашнинг ажойиб жиҳатларидан, деб айта оламан
– 2019 йил октябр ойида Ўзбекистон ва Буюк Британия Брекситдан кейин икки томонлама муносабатларнинг амалдаги ҳуқуқий асосини сақлаб қолиш ҳамда алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида «Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида»ги битимни имзолади. Сизнингча, Буюк Британиянинг Европа Иттифоқини тарк этиши мамлакатлар ўртасидаги савдо муносабатлари ва бошқа бизнес келишувларга таъсир кўрсатадими?
– Шубҳасиз, таъсир кўрсатади. Буюк Британия катта имкониятлар остонасида турибди. Мамлакатимиз ҳар доим халқаро майдондаги жараёнларда ўз нуфузига эга иштирокчилардан бўлган. Хорижий давлатлар билан яқин ҳамкорлик ва мустаҳкам муносабатлар сабаб Британия иқтисодий жиҳатдан илғор, кўп миллатли мамлакат сифатида шаклланган.
Aгар дунё давлатлари билан савдо-сотиқ ва маданий алоқаларни ривожлантирмаган бўлганимизда, кичик бир оролда жойлашган давлат сифатида ажралиб қолиб кетган бўлардик. Европа Иттифоқидан чиқиш Буюк Британияга янада кенгроқ қамровда алоқаларни мустаҳкамлашга йўл очади.
Биз Европа Иттифоқига аъзо давлатлар билан муносабатларимизни сақлаб қолган ҳолда улар билан ҳамкорликда ишлашни давом эттирамиз, албатта. Ва айни вақтда, мазкур ҳолатга имконият сифатида қараб, ривожланиш салоҳияти юқори бўлган бошқа хорижий мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга эътиборимизни қаратамиз.
Европа Иттифоқидан чиқиш орқали, умид қиламизки, Ўзбекистон ва бошқа давлатлар билан ўзаро савдо келишувлари ва сиёсий ҳамкорликни мустақил равишда шакллантириш имконига эга бўламиз. Бу маълум, аниқ бир мақсадга йўналтирилган алоқаларга эътибор қаратишимизга кўмаклашади.
Мисол учун, Ўзбекистон ҳозирда Европа Иттифоқи билан «Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида»ги битим бўйича музокаралар олиб бормоқда. Aсосий мақсадлардан бири – Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги махсулотлари учун Европа бозорига йўл очишдан иборат. Aйни таклифни Ўзбекистон Буюк Британия билан музокараларда ҳам илгари суриши мумкин ва бизнинг ёндашувимиз Европа Иттифоқиникидан фарқ қилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Мен Европа Иттифоқи номидан гапира олмайман, албатта. Лекин айтишим мумкинки, биз алоҳида мамлакат сифатида очиқ, рақобатга асосланган савдо муносабатларини йўлга қўйишга доим тайёрмиз.
– Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидаги сўз эркинлигини қандай баҳолаган бўлардингиз? Буни Британия оммавий нашрлари билан таққослаб айта оласизми? Мисол учун, BBC билан.
– Фикримча, ўзбек оммавий ахборот воситаларини BBC билан таққослаш адолатдан бўлмайди. Чунки BBC – узоқ йиллардан бери бу соҳада фаолият юритиб келаётган ташкилот. Вақти билан сизларнинг ҳам ўз BBC’ингиз бўлишига ишонаман. Аммо сиз ҳали у даражага етишганингиз йўқ.
Ҳозир Ўзбекистон матбуот эркинлигини таъминлаш бўйича кенг қамровли ишларни амалга оширмоқда. Бу ерга келганимдан буён одамлардан энг кўп эшитган гапларимдан бири айнан сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги ўзгаришлар ҳақида бўлди. Мунозараларни ташкил этиш, жамият орасида баҳс-музокараларга сабаб бўладиган мавзуларни ёритишда журналистларнинг фаоллашуви ҳамда ўрни келганда ҳукуматни ҳам танқид қила билиши бу соҳадаги ислоҳотлар натижаси, деб ўйлайман.
Бу айниқса интернет нашрлари ва блогерлар орасида яққол кўзга ташланмоқда. Президентнинг сўз эркинлиги, журналистлар ҳуқуқларини таъминлаш борасида кўрсатаётган ташаббуси, уларни қонун доирасида бемалол фаолият юрита олишига имкон яратиб бериши соҳага катта эътибор берилаётганидан далолат.
Бундан ташқари, ОАВ вакилларининг турли ўқув-машғулотларида иштирок этишлари ҳам самарали натижа беришига ишонаман. Бизнинг элчихонамиз ҳам бу борада ўз кўмагини кўрсатмоқда. Кўзланган асосий мақсад – тажрибали, маълумотларни чоп этишдан олдин яхшилаб текшириб, суриштирув ишларини олиб борадиган ва танқидни ўринли жойларда, ишончли манбаларга асосланган ҳолда қўллайдиган, танқиди сабаб бирор жиноят ёки ноўрин ҳаракат очиб бериладиган журналистларни шакллантиришдан иборат.
Ҳали амалга оширилиши керак бўлган ишлар жуда кўп. ОАВнинг ўзига бўлган ишончи ортиб бормоқда ва улар ривожланиш жараёнида фаол иштирок этиш учун астойдил ҳаракат қилишяпти. Ҳукумат ҳам уларни қўллаб-қувватлаётгани қувонарли ҳол, албатта. Лекин ҳар доим ҳам бўлганидек, бу каби ислоҳотлар амалга оширилишини турли сабабларга кўра истамайдиган инсонлар ва ҳар хил ташкилотлар ҳам йўқ емас. Умид қиламанки, давом этаётган ривожланиш йўлидаги ҳаракатлар салбий қарашларга бутунлай барҳам беради.
– Ҳар йили Ўзбекистоннинг юзлаб фуқаролари Буюк Британия визасини олиш учун ҳужжат топширади. Бироқ шунга қарамай, Британиянинг Иммиграция назорати ва визаларни қўллаб-қувватлаш маркази Тошкентдаги идорасини ёпишни маъқул кўрди. Шу бўйича нима дея оласиз? Тошкентдаги бўлим нега ёпилди?
– Aйтишим мумкинки, бизнинг айни дамдаги виза бериш тизимимиз жуда яхши шакллантирилган ва самарали фаолият кўрсатмоқда. Сабаби, бутун бошли жараён онлайн тарзда амалга оширилади, яъни виза олиш учун ҳужжат топширган шахс консулликка ёки марказ идораларига келиши шарт эмас. Уйда ўтириб ҳам бемалол виза учун аризани тўлдириш мумкин.
Ўзбек фуқароларининг визаси кўриб чиқиладиган Истанбулдаги офисга боришнинг ҳожати йўқ. Шунчаки керакли ҳужжатларни ва паспортни юборишнинг ўзи кифоя. Бунга етарлича асослар бор, мен сизга айтсам.
Биринчидан, визани кўриб чиқиш билан боғлиқ харажатлар виза тўлови орқали қопланади. Виза хизматини дунё бўйлаб тақдим этар экансиз, харажатлар етарлича юқори бўлади.
Иккинчидан, бу иш самарадорлигини оширади. Чунки визани кўриб чиқиш жараёни бу иш бўйича етарлича тажрибага эга бўлмаган одамлар томонидан эмас, балки айнан шу иш билан шуғулланиб келган, қонунларни яхши тушунувчи мутахассислар томонидан амалга оширилади.
Бундан ташқари, хизматни бундай йўл билан тақдим этиш жараённи тезлаштиради. Бизни Истанбулда етарлича ходимлардан таркиб топган катта жамоамиз бор. Улар турли саволлар ва масалаларга ечим таклиф қилишга қўлларидан келганча ҳаракат қилишади.
Биламан, бу бироз ажабланарли туюлиши мумкин. Чунки Британия визаси Ўзбекистон учун қиммат ва уни қўлга киритиш кўп вақт талаб қилади. Юртингиз фуқаролари визага топширгач, дастлаб паспортини Истанбулга етиб бориши, сўнгра уни қайтиб келишини кутишга мажбур. Шунинг учун уларга визага ҳужжат тайёрлар экан, ҳаракатни эртароқ бошлашни, вақт омилини инобатга олишни маслаҳат бераман.
Бундан ташқари, ҳужжатни тўлдиришда маълумотларни биз сўрагандек аниқ тақдим қилишлари жуда муҳим. Чунки виза тақдим этилмай қолишига асосий сабаблардан бири кўп ҳолларда айнан ҳужжатлардаги камчиликлар билан боғлиқ бўлади.
Тушунаман, бу вақтни оладиган жараён, кўплаб қоғозбозлик ишлари ва ҳоказо. Aммо бунинг учун узр сўраб ўтирмайман, бизга сўралган маълумотлар виза тақдим этиш, этмаслик бўйича қарор қабул қилишимизда зарур.
Шундай экан, визага топширмоқчи бўлганларга ҳаракатни эртароқ бошлашни, керакли ҳужжатлар ва маълумотларни сўралганидек тақдим қилишни яна бир бор эслатиб ўтаман. Шунда биз ҳам қўлимиздан келганча сифатли, имкон қадар тез хизмат кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
Дониёр Тухсинов суҳбатлашди.
Видеоинтервьюни тўлиқ шаклда Kun.uz`нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
03:11
Британия дронларга қарши янги турдаги радиочастотали қуролни синовдан ўтказди
18:56 / 22.12.2024
Британиялик ҳарбийлар оммавий равишда армиядан кетишни бошлади
10:19 / 20.12.2024
Ўзбекистон ва Ҳонгконг ўртасида ўзаро визасиз тартиб ўрнатиш масаласи муҳокама қилинмоқда
21:42 / 19.12.2024