Жамият | 22:17 / 18.02.2020
19316
4 дақиқада ўқилади

Истироҳат боғларида рўй берган фожиалар сабаби очиқланди - Билимсизлик

2019 йил Жиззах, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги истироҳат боғларида инсон ўлимига олиб келган фожиаларнинг бош сабаби билимсизликдир. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Ғуломов «Хавфсиз меҳнат – ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи» кўргазма-семинарида шундай фикрни билдирди. 

2019 йили Ўзбекистоннинг 3 вилоятидаги истироҳат боғларида аттракционлар қулаши билан боғлиқ ҳодисалар рўй берган ва уларда инсон ўлими билан боғлиқ ҳолатлар ҳам қайд этилган эди. Ўзбекистон Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раҳбари ушбу ҳодисаларга олиб келган асосий омилни билдирди. 

«Бу йилги давлат дастурида янги-янги маданият ва истироҳат боғлари қурилиши белгиланган. Яъни, ишдан келган фуқаролар муносиб дам олишларига шароитлар барпо қилинади. 

Мана, Жиззах, Фарғона ва Наманганда бўлган воқеалар. Асосий сабаби, яна ўша билимсизлик. Аттракционни ўрнатганлар махсус билимга эга бўлмаган. 

Мисол учун, Жиззахда бўлган воқеанинг асосий сабаби – тайёрлаш жараёнидаги ҳисоб-китоб йўқлиги. Чизмалар бўлмаган. Қандай металл йўллаш зарурлигига доир талаблари йўқ. Икки тадбиркор келишган. Бири эҳтиёт қисмни ишлатилган металлдан тайёрлаб берган, ишлатишга рухсати бўлмаса, пул топаман, деб ишлатган ва оқибатда бир аёлнинг ҳаётига зомин бўлди. 

Мавзуга доир: 

Худди шундай воқеа Наманганда ҳам рўй берди. Унда 18 яшар қиз вафот этди. Бунда ёш йигитлар ёшлигига бориб, аттракцион синови даврида, ўша қизга рухсат бериб, учиришади. Қиз ўтириб училадиган қурилмада тик турган ҳолатда бўлади, ўтирган ҳолатда бошга тегмайдиган темир детал тик турганда қизнинг бошига катта тезликда урилади ва фожиа рўй беради», - дейди қўмита раиси. 

Унинг сўзларига кўра, бош вазир топшириғига биноан, барча вилоятлардаги аттракционлар хавфсизлик нуқтаи назаридан текширилмоқда. Вилоятлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда талабга жавоб бермайдиган аттракционларни олдириб ташлаш, бу соҳадаги ходимларни ўқитиш, тайёрлаш, металга бўлган талаблар, техник қоидаларни ишлаб чиқиш устида иш олиб бориляпти. 

Умуман, маданият ва истироҳат боғларидаги аттракционларда ўтказилган назорат тадбирлари натижасида қуйидаги камчиликлар аниқланган:

- аттракционларнинг 1292тасида техник паспорт мавжуд эмас; 

- аттракционларни кунлик техник кўрикдан ўтказиш журнали 1106тасида мавжуд эмас;

- 1344та аттракционда режали таъмирлашга режалаштириш ва профилактика қилиш жадваллари тузилмаган;

- аттракционлардан фойдаланиш бўйича ахборот стендлари 738тасида ишлаб чиқилмаган; 

- Аттракционларни ишлатиш ва ўрнатиш бўйича ишлаб чиқарувчи томонидан йўриқномалар 928тасида мавжуд эмас;

- 1258та аттракционга бириктирилган ходимларда махсус курсларда ўқиганлиги бўйича гувоҳномаси йўқ;

- 695та аттракционда, уларни соз ҳолатда ва бехатар ишлатишга жавобгар шахс тайинланганига доир буйруқ тасдиқланмаган;

- аттракционларга хизмат кўрсатувчи жавобгар шахслар ва операторларнинг 931 нафарида лавозим йўриқномалари ишлаб чиқилмаган;

- 1845та аттракционда аниқланган камчиликлар боис, 354тасининг фаолияти вақтинчалик тўхтатилган;

- аттракционларнинг 943тасида навбатдаги статик ва динамик синовдан ўтказилганлиги тўғрисидаги далолатномалар тузилмаган; 

- аттракционларнинг 634тасида махсус корхона томонидан пўлат қисмларининг техник ҳолати бўйича хулосалари мавжуд эмас; 

- 854та аттракционда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш тўплами бўлмаган;

- 1313та аттракционда хизмат кўрсатувчи ходим белгиланган меъёрларга мувофиқ иш кийими билан таъминланмаган.

Мавзуга оид