Жамият | 14:30 / 20.02.2020
33584
3 дақиқада ўқилади

Давлатназар Рўзметовни уриб юборган ҳайдовчи қамалмади, марҳумнинг беваси енгиллик беришни сўраган

Суд ўтган йилнинг ноябрида хоразмлик журналист Давлатназар Рўзметовни ўз бошқарувидаги автомашинада уриб юборган ҳайдовчига 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

19 февраль куни жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судида журналист Давлатназар Рўзметовнинг ўлимига сабабчи бўлган айбланувчи Умидбек Жуманазарович Сапаровга нисбатан бўлган жиноят иши юзасидан ҳукм ўқилди.

Олий суд матбуот хизмати маълумотига кўра, Умидбек Сапаров Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилган.

Ҳукмга кўра Сапаровга 3 (уч) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Озодликни чеклаш жазосини ўташ даврида У.Сапаровга нисбатан қуйидаги тақиқлар амал қилади:

  • Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБ жазоларни ижро этиш инспекциясининг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик, Хоразм вилояти маъмурий ҳудуддан ташқарига чиқмаслик;
  • Алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик;
  • Тайинланган озодликни чеклаш жазоси Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБ жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан амалга ошириш.

У шунингдек, 1 йил-у 6 ой муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Судланувчи Умидбек Сапаровга нисбатан белгиланган «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб дарҳол суд залидан озод қилинган.

Айбланувчининг адвокати Шерзод Қурбоновнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, жазо енгиллаштирилишига Давлатназар Рўзметовнинг турмуш ўртоғи Ленинза Алиева берган илтимоснома сабаб бўлган.

Аёл Умидбек Сапаров томонидан ўз оиласига моддий ва маънавий ёрдам берилганини айтган. Шунингдек, у энди вафот этган эрини ортга қайтариб бўлмаслигини инобатга олиб, суд ҳайъатидан айбланувчининг 2 фарзандини отасиз қолдирмасликни сўраган.

Марҳум журналист Давлатназар Рўзметов турли йилларда «Жамият» газетасида мухбир, «Хоразм ёшлари» газетасида эса муҳаррир ўринбосари лавозимида ишлаган. У сўнгги йилларда ўзининг шов-шувли постлари ва танқидий мақолалари билан танилган эди.

2019 йил 6 ноябрь куни кечаси йўлни кесиб ўтаётганида Умидбек Сапаров бошқарувидаги «ГАЗель» автомобили уни уриб юборган, бошидан жароҳат олган журналист воқеа жойида вафот этганди. Ижтимоий тармоқда бу ҳодиса бўйича турли шубҳалар билдирилгач, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа идоралар мутасаддилари иштирокида махсус матбуот анжумани ўтказилган ва Давлатназар Рўзметов ўлими бўйича воқеалар хронологияси эълон қилинганди.

Мавзуга оид