Жамият | 08:17 / 23.02.2020
8633
4 дақиқада ўқилади

Киройи йўллар қандай қурилиши керак? — Экологик партия вакилидан таклиф

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега шаҳар ва қишлоқлардаги автойўлларимиз хориждаги сингари ойнадек текис эмас? Чунки йўлсозларларимиз қатор йиллардан буён йўл қурилишида хато ва камчиликларга йўл қўйиб келишмоқда экан.

Ўзбекистон Экологик партияси Уйчи тумани партия ташкилоти кенгаши ижроия қўмитаси раиси Б.Отахонов томонидан билдирилган таклифлар йўл қурилишидан кейинги носозликларни бартараф этиш йўлида дастуриламал бўлса ажаб эмас.

Фақат уни парламент даражасида ўрганиб, тегишли қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар қўшиш талаб этилади.

Қуйида мутахассиснинг билдирган таклифлари билан танишинг:

«Йўллар қайси тоифали йўл бўлишидан қатъи назар, бу йўллардан автомеханизмлар (автомобиллар, тракторлар ва бошқалар) ҳаракатланади.

Агар катта маблағ сарфлаб қурилган йўллар айрим сабабларга кўра кўп ўтмасдан ўйилиб кетса ёки чўка бошласа — уни қайта таъмирлаш учун яна маблағ талаб этилади. Демак, биз йўллар бузилишига сабаб бўлаётган ўша омилларни бартараф этишимиз керак.

Йўл қурилишида белгиланган стандарт ва меъёрларга амал қилмаслик ҳам бор, албатта. Лекин тан олиш керак, аксарият ҳолатларда йўллар бузилишига унинг остидаги бўш қатлам сабаб бўлмоқда. Хўш, бу бўш қатлам қаердан пайдо бўлади ўзи?

90-95 фоиз ҳолатларда бўш қатламларни ўзимиз ҳосил қиляпмиз. Йўлнинг ўзидан ва йўл четидан ўтиши лозим бўлган коммуникация (сув, газ, канализация ва бошқалар) тармоқларининг лойиҳалари хато тузилмоқда.

«Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонундаги меъёр ва стандартларда айрим номукаммалликлар борлиги сабабли, ана шундай хато лойиҳалар давлат экспертизасидан ўтиб кетмоқда. Натижада, коммуникация тармоқларига алоҳида йўлаклар ва йўлни кесиб ўтиш йўлаклари кўрсатилмасдан, ажратилмасдан, улар йўлнинг қатнов қисми остида жойлашиб қолмоқда.

Шу кунларда шаҳарлар ва қишлоқларда эски тураржойлар ва нотурар жойлар бузилиб, йўлларни кенгайтирилиб, янгидан қурилмоқда. Афсуски, давлатнинг миллиардлаб маблағи сарфланаётган бу янги йўлларнинг лойиҳасида ҳам коммуникация тармоқларига алоҳида йўлаклар ва йўлни кесиб ўтиш йўлаклари ажратилмасдан, уларни йўлнинг қатнов қисми остига жойлаштиришда давом этишмоқда.

Бу коммуникация тармоқлари учун кавланган чуқурларни кўмиб, 100 фоиз зичлашнинг иложи йўқ. Сабаби — бу коммуникация тармоғига аҳоли ингичка қувурлар орқали улангани сабабли, юқори босим ва юқори тебраниш бериб, зичлашга ҳаракат қилинса, уланган жойлар (узеллар) узилиб кетади ва янада кўпроқ ташвиш келтириб чиқаради.

Йўл битказилгандан кейинги коммуникация тармоқларига аҳолининг уланишлари ҳам йўлларнинг қатнов қисми остида янада кўпроқ бўш қатлам ҳосил қилади. Натижада, йўллар тез бузилиб кетмоқда. Миллиардлаб маблағ беҳуда совурилишига, атроф-муҳитга чанг-тўзон кўтарилишига, экология бузилишига сабаб бўлмоқда. Чанг эса, маълумки, одамларнинг организмига, соғлиғига салбий таъсир кўрсатади.

Бундай ҳолатларга чек қўйиш фурсати етди. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонуннинг тегишли моддаларига ва автомобиль йўлларини лойиҳалаш соҳасидаги нормалар ва стандартларга қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш лозим, деб ўйлайман:

  • автомобиль йўлининг неча полосали бўлишидан келиб чиқиб, йўл ўртасидаги барьер ҳамда йўл полосалари ва велойўлаклар, кейин икки четга ариқ (лоток), сўнгра коммуникация тармоқларига алоҳида йўлаклар, ундан кейин соя-салқин берадиган дарахтлар экишга ва кўкаламзорлаштириш, сўнгра кейин пиёдалар йўлкаси (тротуар) учун маълум бир кенгликда жой ажратиш меъёрларининг мажбурий тартибини жорий этиш;
  • Коммуникация тармоқларини йўлларнинг қатнов қисми остидан ўтказишга мажбур бўлинганда ёки йўлнинг у бетидан бу бетига кесиб ўтадиган коммуникация тармоқларини алоҳида темирбетон туннеллар орқали олиб ўтиш бўйича аниқ мажбурий тартибни жорий этиш;

Ушбу санаб ўтилган талаб ва меъёрларга амал қилинмаган лойиҳалар давлат экспертизасида ноқонуний деб баҳоланиши зарур».

Мавзуга оид