Спорт | 18:40 / 24.02.2020
32370
5 дақиқада ўқилади

5 асосий футболчи «Бунёдкор»ни тарк этди. Жамоа янги мавсумга тайёрми? (видео)

27 февралдан Ўзбекистон Суперлигасининг янги мавсуми старт олади. Tribuna.uz мухбири чемпионат аввалида Тошкентнинг «Бунёдкор» клубида бўлиб, жамоа тайёргарлиги, таркиб, трансферлар ва клуб олдига қўйилган мақсадлар ҳақида маълумот олди.

«Бунёдкор» бу мавсум чемпионат ва кубок баҳсларида ижобий натижаларга эришиш орқали Осиё Чемпионлар лигасига чиқишни мақсад қилган.

Клуб бош директори Улуғбек Мирзаев мавсумолди тайёргарлик, Хуршид Ғиёсовнинг трансфери, Жасур Жалолиддиновга Европа клубларидан таклифлар бўлаётгани ҳақида гапириб ўтди.

Улуғбек Мирзаев

«ОЧЛ саралашида иштирок этишимиз боис 16 декабрдан машғулотларга киришдик. Шу кунгача жами 17та ўртоқлик ўйини ўтказдик. Бу баҳсларда натижага катта эътибор қаратганимиз йўқ. Ҳимояда баъзи муаммоларимиз борлиги кўзга ташланди. Мураббийлар бундан тўғри хулоса чиқаришади, деб ўйлайман.

5 нафар асосий футболчимизни йўқотдик: Хуршид Ғиёсов («Анянг», Жанубий Корея), Жавоҳир Қаҳрамонов («Сўғдиёна»), Санжар Турсунов (ОКМК), Шоҳруҳ Гадоев («Кешли», Озарбайжон), Мурод Зуҳуров (футболчилик фаолиятини якунлади).

Йўқотишлар ўрнини Ҳумоюн Муртазоев («Машъал»), Сардор Абдураимов («Машъал»), Баҳодир Пардаев («Металлург»), Ғуломҳайдар Ғуломов (ОКМК), Сарвар Каримов («Қўқон-1912»), Даврон Эргашев («Хўжанд», Тожикистон), Селим Нурмуродов («Олтин аср», Туркманистон) каби маҳоратли ўйинчилар билан тўлдирдик.

Хуршид Ғиёсовнинг Жанубий Кореянинг «Анянг» клубига ўтишидан ҳеч қандай моддий манфаат кўрмадик. Чунки Хуршиднинг шартномаси муддати якунига етган эди.

Хуршид Ғиёсов

Жасур Жалолиддинов 18 ёшга тўлмагунча хориж клуби билан шартнома имзолай олмайди. Унга Италиянинг «Беневенто» ва бошқа жамоаларидан, Германия клубларидан таклифлар бор. Шунингдек, яримҳимоячига Молдованинг «Шериф» клубидан қизиқиш бўлди. Кутамиз. Қониқарли таклиф бўлса, футболчининг ўзи ва мураббийлар билан маслаҳатлашиб, унинг Европа жамоасига ўтишига имкон яратамиз.

Жасур Жалолиддинов

Стадионимиз апрель ойида тайёр бўлади. Март ойидаги «Машъал» ва «Қўқон-1912»га қарши уйдаги баҳсларни рақиб майдонида ўтказмоқчимиз.

Шунингдек, ЎФАдан 26 март куни Ўзбекистон миллий жамоасининг Арманистонга қарши ўртоқлик баҳсини «Миллий» стадионда ўтказмасликни сўрадик.

Молиявий муаммолар йўқ. Мавсумга яхши тайёргарлик кўриш учун хориж йиғинига ҳам бордик. Муаммоси бор жамоа эса хорижда йиғин ўтказмайди», –  дейди Улуғбек Мирзаев.

«Бунёдкор» мураббийи Шуҳрат Мақсудов эса Вадим Абрамов йўқлигида ҳам машғулотлар режа асосида кетаётганини таъкидлади.

«Ҳеч қачон тайёргарликдан мураббийнинг кўнгли тўлмайди. Афсус, ОЧЛда гуруҳ босқичига чиқа олмадик.

Абрамов миллий жамоа ихтиёрида бўлганида ҳам машғулотлар режадагидек кетмоқда.

2020 йилги мавсумда ҳам жамоамиз чиройли ўйинлар билан мухлисларини хурсанд қилиб, ОЧЛ йўлланмаси учун курашади.

Бош мураббий сифатида ишламаслигим? Айрим жамоалар бош мураббийликка таклиф этишган. Лекин бу – тақдир. Ҳозирча «Бунёдкор»даги фаолиятимдан мамнунман», – деди Шуҳрат Мақсудов.

«Қалдирғочлар»нинг айрим футболчилари ҳам янги мавсум олдидан ўз фикрларини билдириб ўтишди.

Анвар Ғофуров (ҳимоячи):

– Шамоллаганим боис сўнгги назорат ўйинларини ўтказиб юбордим. Таркибга қайтиб, албатта, жамоага ёрдам бераман. Янги мавсумда ҳам яхши ҳаракат қилиб, ОЧЛга йўлланма олишга ҳаракат қиламиз.

Бу футболчилик фаолиятимдаги сўнгги мавсум бўлиши ҳам мумкин. Буни вақт кўрсатади.

Қайсидир жамоани кучли учликка кириши аниқ, деб айта олмайман. Масалан, ўтган мавсум бизни аутсайдерга чиқаришганди, аммо акси бўлди.

Миржаҳон Мираҳмадов (ҳужумчи):

– Жисмоний жиҳатдан муаммолар йўқ. Етарлича дам олдик.

Тўпурарлар пойгасида яхши қатнашиб, ўзимни кўрсатиб хориж клубларига кетишни мақсад қилганман.

Сардор Абдураимов (яримҳимоячи):

– Ўзимни жамоанинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис қиляпман. Бунинг учун шерикларимга раҳмат.

«Машъал» мени 1 йилга ижарага берди. Муборак клуби билан 2022 йилгача мўлжалланган шартномам бор.

Янги мавсумда жамоамиз билан ўз олдимизга қўйган мақсадни амалга ошириб, Чемпионлар лигасига йўлланмани қўлга киритмоқчимиз.

Маълумот учун, «Бунёдкор» Суперлиганинг илк турини 1 март куни сафарда «Сурхон»га қарши ўтказади.

Аъзамжон Иззатиллаев, Tribuna.uz мухбири.
Тасвирчи – Отахон Юсупов.

Мавзуга оид