Спорт | 14:12 / 27.02.2020
20742
5 дақиқада ўқилади

«Машъал» қайтди. «Барселона» тарбияланувчиси билан кучайган «газчилар» мавсумга тайёрми?

Фото: KUN.UZ

Бугун Ўзбекистон миллий жамоаси сафида ўйнаётган кўплаб футболчилар «Машъал» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. Элдор Шомуродов, Отабек Шукуров, Элдор Суюнов каби миллий жамоанинг асосий таркиб аъзолари айнан Муборакдаги «Машъал» академиясидан чиққан. Мамлакатнинг деярли ҳамма клубида бу жамоа тарбияланувчисини кўришингиз мумкин.

Суратдаги Сардор Раҳмонов (ўнгдан биринчи), Элдор Шомуродовлар (ўнгдан учинчи) юқори даражадаги футболчи бўлиб етишди

Кўп футболчилар учун ёрқин келажакка йўл очган бу жамоа 2 йилдан буён қуйи дивизионда ўйнаётганди. Аввалига «Машъал»ни асоссиз тарзда мусобақадан четлаштиришди. Кейин «газчилар» биринчи уринишда юқори дивизион учун курашда «Андижон»га имкониятни бой берди, ўтиш ўйинида эса «Сўғдиёна» «Машъал»дан кучлилик қилди. Суперлига формати яна ўзгариб, «Сурхон» ва «Динамо» ҳеч қандай саралашсиз юқори дивизионга чиққач, «Машъал» ўтган мавсумда деярли қаршиликсиз юқори дивизионга қайтди.

Яқинда Муборак клубига Португалиядан мураббий келар экан деган хабарлар пайдо бўлди, аммо жамоани ўз вақтида «Машъал»да ўйнаган собиқ футболчилар янги мавсумга тайёрламоқда. Футболчилик фаолиятининг аксарият қисмини айнан «Машъал»да ўтказган собиқ ҳимоячи Дилавер Ваниев клуб тарихидаги 17-мураббий бўлди. Унга Ботир Қораев ва футболчилик фаолиятини ўтган йил якунлаган Отабек Нарзуллаевлар ёрдам беришади.

«Машъал» янги мавсум олдидан бир қатор футболчиларни ўз сафига қўшиб олди. Улар орасида легионерлар ҳам бор. Клубнинг янги мавсумга тайёргарлигини кузатиш жараёнида «Шўртан»га қарши ўртоқлик ўйинини томоша қилдик.

Бу ўйинда нигериялик Ифеани Ифеани ҳамда камерунлик Элла Кен яхши таассурот қолдирди. Бу футболчилар «Машъал» билан шартнома имзолаган. «Шўртан» билан ўйинда Денис Васильев, Георгий Бугулов, Васил Белий каби легионер футболчилар ҳам ўйнаганди, аммо клуб улар билан шартнома имзоламасликка қарор қилган.

Шу ўринда «Машъал» билан шартнома имзолаган Элла Кен «Барселона» тарбияланувчиси эканини айтиш керак. У ҳужумчи ортида ҳаракат қилади. Шу вақтгача Украинанинг бир қатор клубларида ўйнаб, тўғрисини айтиш керак, унчалик ном чиқармаган Кен «Машъал»да очилишига умид қилмоқда.

Жамоа бир қатор маҳаллий футболчилар билан ҳам кучайган. Масалан, ўтган мавсумни «Шўртан»да ўтказган «Насаф» тарбияланувчиси Шерзод Темиров, «Динамо» билан қуйи лигага тушиб кетган Аббос Шодмонов, «Бухоро» билан лигада жон сақлаб қолишни уддалаган Жамолиддин Убайдуллаев янги мавсумни Муборакда ўтказади. Дарвоқе, ўтган мавсум «Бухоро»нинг асосий дарвозабони бўлган Раҳимжон Давронов ҳам «Машъал»га қайтган.

Янги мавсумга кетаётган тайёргарлик ҳақида «Машъал» бош мураббийи Дилавер Ваниевнинг фикри билан қизиқдик: «Мавсумга тайёргарлик режа асосида кетмоқда. Бугун охирги ўртоқлик ўйинини ўтказдик ва бу баҳсга рақиб сифатида «Шўртан»ни танлагандик ва унда 29 февралдаги биринчи тур ўйинига тайёрландик.

Биз ўз тарбияланувчиларимизга таяниб ўйнаймиз. Мавсумга тайёргарлик қандай ўтганини биринчи турдаги натижадан кўрамиз. Илк рақибимиз «Сўғдиёна» ўз олдига юқори мақсадларни қўйган. Биз ҳам бу ўйинда фақат ғалаба учун ўйнаймиз.

Легионерлар билан шартнома имзолаш ҳақида бир қарорга келмадик. Марказий ҳимояни кучайтиришимиз керак. Ҳужумдаги бўйи баланд футболчилар? Биз рақибдан келиб чиқиб ўйнаймиз. Ҳозир ҳамма сирларни очишни истамайман, аммо баланд футболчилардан «столба сифатида» фойдаланиш режаси ҳам йўқ эмас».

Бош мураббий ёрдамчиси бўлган Отабек Нарзуллаев ҳам мавсумолди тайёргарлик ҳақида ўз фикрларини билдирди: «Жароҳатдан сўнг фаолиятимни якунладим. Илҳом Қурбонов мураббийларга ёрдам беришимни сўраб чақирди. Дилавер Ваниев ҳамда Ботир Қораевларга ёрдам беряпман. Жамоага легионерлар таклиф қилганмиз. Асосий эътиборимизни ўз академиямиздан чиққан ёш футболчиларга қаратганмиз. Улардан баъзиларига катта футболдан нафас олиш имконини берамиз. Клуб янги мавсумда ўз ўрнини топади деб умид қиламан».

Сўзимиз охирида Муборак аҳлини катта футбол қайтгани билан табриклаб, «Машъал» мураббийларига янги юлдузлар тарбиялашда ҳорманглар деб қоламиз.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Монтажчи Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид