Максим Шацких – Купер истеъфоси, Шомуродов ва мундиалга чиқиш ҳақида
Замонавий ўзбек футболининг энг машҳур ва афсонавий ҳужумчиларидан бири Максим Шацких десак муболаға бўлмайди. Киевнинг «Динамо» клуби сафида Украинада ва Европада ном қозонган, шунингдек Ўзбекистон миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар бўлиб турган ҳамюртимиз ҳозирда мураббийлик фаолиятини бошлаган.
Биз Максим билан Киевда учрашиб, Kun.uz ва Tribuna.uz ўқувчилари учун махсус интервью олдик.
Интервьюнинг биринчи қисми Максим Шацкихнинг «Динамо Киев» клубидаги, иккинчи қисми эса Ўзбекистон миллий жамоасидаги фаолиятига бағишланди. Учинчи қисмида ўзбек футболидаги муаммолар ҳақида гаплашдик. Шунингдек, мухлислардан тушган саволларга жавоб олдик.
– Ўзбекистон миллий жамоаси ўйинларини кузатиб борасизми? Сўнгги натижалар ҳақидаги фикрингиз.
– Ҳа. Саудия Арабистонига қарши ўйинни кўрдим, менга ёқди (ЖЧ-2022 саралаши, Ўзбекистон – Саудия Арабистони 2:3, Kun.uz изоҳи). Менимча, бир неча футболчи алмаштирилгач, ўйин суръати ўзгарди. Жамоа орқага чекина бошлади. Албатта, бу футболчиларнинг руҳияти билан боғлиқ – муҳим ўйин, 2:1 ҳисобида олдиндамиз, уни ушлаб қолишга интиляпмиз.
Рақибда вазиятлар деярли йўқ эди. Бир неча футболчи алмаштирилгач, ўйин охирида тўпни бериб қўйдик. Қарши ҳужумда ўйнайдиган футболчиларимиз қолмади, балки мағлубият сабаби шундадир.
Бундан ташқари, омад ҳам юз ўгирди. Ҳисоб тенглаштирилгандаги зарбани кузатдим. Тўп йўналиши умуман тушунарсиз бўлди. Ҳимоячилар тўсишга уринишди, аммо бефойда... Учинчи гол ҳам шундай...
Бу вазиятларда кимнидир шахсан айбдор қилиб бўлмайди. Хатолар кетма-кетлиги, чарчоқлик, катта босим... Жуда муҳим ўйин эди, нима қилиб бўлса ҳам ғалаба қозониш керак эди. Аммо, ҳали ҳам ҳеч нарса йўқотилмади. Шунчаки энди сафарда қийинроқ бўлади. Чунки бу охирги ўйин бўлади, рақиб ҳам бор кучини сарфлайди.
Менимча, араблар бошқа очко йўқотмаса керак. Саудия Арабистонини мағлуб этиш осон бўлмайди.
– Фаластиндан учралган мағлубиятдан сўнг Эктор Купер истеъфога чиқарилди. Бу ҳақдаги фикрингиз қандай?
– Унга камида цикл охиригача имкон бериш керак эди, деб ҳисоблайман. Ўртоқлик ўйинлари ўз йўлига. У бирорта расмий ўйин ўтказмаганди. У жамоани бир йил тайёрлади. Ўртоқлик ўйинларидаги рақиблар ҳам яхши эди.
Бегона мамлакатга келиб, бу ернинг футболи, даражаси ва бошқа нарсалар ҳақида тасаввурга эга бўлмасдан ишлаш осонмас. Қисқа вақт ичида жамоани тайёрлаш ҳам мушкул. Буни ўзимизнинг мураббийни Африкага жўнатиб, натижа талаб қилишга ўхшатиш мумкин.
Фаластинга қарши ўйинни кўрдим (ЖЧ-2022 саралаши, Фаластин – Ўзбекистон 2:0, Kun.uz изоҳи). Жуда бўш ўйнаб ютқазишди, деб ўйламайман. Вазиятлар ҳам бўлди, бундан ташқари сунъий майдон...
Балки 1-2 кун эртароқ бориб, кўпроқ машғулот ўтказиш керакмиди, аммо ҳозир айтишга осон. Ўйинни назорат қилаётган эдик. Голларни қарши ҳужумларда ўтказиб юбордик. Шунчаки, биз камроқ вазият яратдик. Улар бошидан ҳимояни ушлаб, қарши ҳужумларда ўйнашини кўрсатиб қўйишди. Зич ҳимояни ҳам ёриб ўтиш осон бўлмайди. Ҳар хил усуллар билан дарвозага йўл излаш керак эди...
Ҳамма ғалаба қозонишимизни кутган эди. Аммо ютқазиб қўйдик... Албатта қарор қабул қилиш раҳбарият зиммасида. Аммо мураббийнинг алмаштирилгани тўғри ёки нотўғри бўлганини вақт кўрсатади.
– Ўзбекистон миллий жамоаси таркибида сизни қайси футболчи майдонда жуда яхши тушунган. Ким билан ўйинингиз яхши чиққан?
– Миржалол Қосимов билан бир-биримизни яхши тушунганмиз. Николай Карпенко, Виталий Денисов билан. Кейинчалик, Сервер Жепаров билан. Бир-биримизни, нимага қодир эканимизни жуда яхши билганмиз. Шу туфайли бир қарашдаёқ бир-биримизни тушунганмиз.
– Ўзбекистон миллий жамоасига янги чақирилган футболчилар қандай қабул қилинади? Махсус бир тадбир борми? Масалан, баъзи жамоаларда қўшиқ айтиб беришади, баъзиларида рақсга тушишади.
– Бутсасига қўйнинг қонини суркайди... Бу удум анча олдин ҳам бўлган. Майдон марказидаги тўп турадиган нуқтада қўй сўйилади. Унинг қони омад келтириши учун бутсаларга пуркалади. Ҳозир бу удум нисбатан кам қўлланса керак. Аммо миллий жамоа таркибида қўй гўштидан паловни ҳар доим еганмиз. Одатда бу ўйиндан бир кун олдин бўларди. Мен шуни икки кун олдин қилинишига эришганман. Чунки палов оғир, ёғли овқат. Ҳазм қилиш учун жуда кўп сув ичишга тўғри келади, эртаси куни эса ўйин. Футболчининг вужуди қийналади. Шу туфайли бу одат икки кун олдинга сурилган.
Пайтдан фойдаланиб, Максимдан бирга ўйнаган футболчиларидан иборат рамзий жамоани тузиб беришни илтимос қилдик.
Максим Шацкихнинг рамзий жамоаси қуйидагича бўлди:
Дарвозабон: Евгений Сафонов
Ҳимоячилар: Виталий Денисов, Андрей Фёдоров, Асрор Алиқулов, Ислом Иномов
Яримҳимоячилар: Сервер Жепаров, Миржалол Қосимов, Виктор Карпенко
Ҳужумчилар: Улуғбек Бақоев, Максим Шацких, Александр Гейнрих
Бош мураббий: Боб Ҳафтон
– Сиз 34та гол билан Ўзбекистон миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурарсиз. Сиздан кейинги ўринларни Александр Гейнрих, Миржалол Қосимов ва Игорь Шквирин эгаллаб турибди. Аммо улар футболчилик фаолиятини якунлаган. Сизга энг яқин турган футболчилар – Одил Аҳмедов (20та гол) ва Элдор Шомуродов (16та гол). Аҳмедовнинг яримҳимоячи эканини инобатга олсак, кўп гол урмаса керак. 24 ёшли Шомуродов эса 16та голидан 13тасини 1 йил ичида урди. Нима деб ўйлайсиз, у сизни қувиб ўтармикан?
– Қувиб ўтишига ишончим комил. Унинг ҳозирги ҳолати шунга далолат қилмоқда – мана бир йил ичида шунча гол урди. У кучли чемпионатда, чемпионлик учун, Чемпионлар лигаси учун курашаётган жамоада ўйнаяпти. У мана шу жамоада юқори савиядаги ўйинни намойиш этяпти. Бу миллий жамоага фақат фойда келтиряпти.
Олдин ҳам айтганман: агар таклиф бўлса, футболчиларни кучли чемпионатларга қўйиб юбориш керак. Бу миллий жамоа учун кони фойда.
Аммо Ўзбекистон чемпионатида яқин йилларда катта ўзгаришлар бўлишига, савияси ўсишига, болалар мактаблари кўпайишига ишончим комил эмас. Шу туфайли, имконият бўлса, ёшларни кучли чемпионатларга юбориш керак. Мана ҳозир Шомуродов мисолида бунинг фойдасини кўряпмиз. Кучли ҳужумкор футболчимиз пайдо бўлди.
У ҳужумчи бўлиб ҳам ўйнай олади, қанотларда ҳам ҳаракат қилади, икки уч нуқтада ўйнашга қодир. Яна бир шундай ҳужумчи пайдо бўлса, нур устига аъло нур эди. Ҳозирча у бизда ягона. Унда тезлик ҳам бор, зарба ҳам бор.
– Нима учун мураббийликни танладингиз? Кўплаб футболчилар мураббий бўлишга қарор қилади, аммо фақат саноқлилари муваффақият қозонади.
– Биринчидан, футболни яхши кўраман. Фаолиятимни якунлагач, мураббий бўлиш ҳақидаги қарорга анча олдин келганман.
Катта футболдан кетганимда ўйланиб, шубҳаланиб ўтирмадим. Мураббийликни танладим. Ўқидим, ўргандим. Барча зарур ҳужжатларни, дипломларни олдим. Ҳозир «Ротор» бош мураббийи Александр Хацкевичнинг ёрдамчисиман. Келажакда мустақил мураббийлик фаолиятимни бошламоқчиман, шу йўналишда ҳаракатланяпман.
– Мураббий сифатида ўзбек клубларидан таклиф олдингизми?
– Йўқ.
– Агар таклиф олсангиз, Ўзбекистон чемпионатида ишлармидингиз?
– Нега энди ишламас эканман, албатта таклифни ўрганиб чиқардим.
– Ўзбекистон миллий жамоасидан таклиф олсангиз-чи?
– Миллий жамоа – мураббий фаолиятининг чўққиси, бу ҳақда ҳамма орзу қилади.
– Айни пайтда Ўзбекистон миллий жамоасини бошқаришга тайёрмисиз?
– Албатта. Қандай ишлашни биламан. Бироқ 2 ёки 4 йилдан сўнг жаҳон чемпионатига чиқамиз, деган катта ваъдаларни беролмайман. Бор кучимни, билимимни шунга эришиш учун сарфлашга тайёрман. Аммо якунда қандай бўлишини натижа кўрсатади. Кимдир мени бундай вазифани бажаришга қодир деса, унга ишониш бемаънилик бўлади.
– Футболдаги кумирингиз ким?
– Месси.
– Болаликда-чи?
– Акам Олег. Ҳозир Москвада фирмада ишлаяпти. Футбол билан алоқадор эмас. Оиласи, қизи билан яшаяпти, ҳаммаси жойида. У сўзамол, дилкаш эмас. Интервьюларни ҳам жуда кам берган. Диққат-эътибор марказида бўлишни ёқтирмайди, ювош, босиқ йигит.
(Маълумот ўрнида, Максимнинг акаси Олег Шацких 1996 йили «Навбаҳор» таркибида Ўзбекистон чемпиони бўлган, 1995 йили Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси деб топилган. Оғир жароҳати туфайли футболчилик фаолиятини эрта якунлаган).
– Максим, ташқаридан қаралса, жуда жиддий инсонга ўхшайсиз, кам жилмаясиз.
– Сизга шундай туюляпти. Кўп одам менга шундай дейди, жуда жиддийсиз дейди. Аксинча, жуда қувноқман. Ҳамма ерда, дўстлар орасида, жамоада. Бу мен ҳақимдаги энг асосий нотўғри тушунча.
– Нега Украина фуқаролигини олдингиз?
– Чунки оилам билан шу ерда яшашга қарор қилдик. Ўзбек паспорти билан бу ерда яшаш – муаммоли. Элчихонадаги ходимларнинг уч-тўрт авлодини танийман, улар ҳам мени билади. Чунки бегона мамлакатда яшаяпман, ҳисобга туриш керак, виза олиш керак... Жуда кўп марта уларга ишим тушган.
Олдин 2 йиллик виза бўларди, мана ҳозир хорижга чиқиш паспортини қилишди, бу ҳам яхши. Мен учун хорижга чиқиш жуда қийин бўлган, шенген визасини олишни айтмаса ҳам бўлади.
Афсуски, Европада Ўзбекистонга муносабат бошқача, баъзилари ҳатто бундай мамлакат борлигини ҳам билмайди. Виза бериш ёки бермаслик ҳақида ўйланиб қолишади. Мана шунақа турмуш муаммолари...
Агар Тошкентда яшашга қарор қилганимизда, табиийки фуқароликни ўзгартирмаган бўлардим. Аммо кенжа қизим ҳам шу ерда, Киевда туғилди. Мактабни, олий таълим даргоҳини тугатди. Муаммо фақат шу нарсаларда эди.
– Ўзбекистон сиз учун нимани англатади?
– Ўзбекистон – ватаним. Кўп марта айтганман: ватан танланмайди, мен ўша ерда туғилганман. Ўзбекистонда шахс, инсон ва футболчи сифатида шаклланган даврим ўтган. 15-16 ёшимгача бўлган қувончли дамларни ўша ерда бошимдан ўтказганман – болалик, боғча, мактаб ва бошқа нарсалар. У ердан кетгач, бошқача, катталар ҳаётини кўрганман. Энг қувончли, бахтиёр дамларим Ўзбекистонда ўтган.
– Сиз билан бирга ўйнаган энг зўр футболчи ким?
– Валентин Белькевич, беларуслик футболчи (Максим у билан «Динамо Киев»да бирга ўйнаган. Белькевич 2014 йилда 41 ёшида вафот этган – Kun.uz изоҳи). Майдонда бир-биримизни жуда яхши тушунганмиз.
– Ўзбекистон миллий жамоасида-чи?
– Миржалол Қосимов. У билан жуда осон бўлган, бир-биримизни яхши тушунганмиз. Зўр пас ва зарбага эга эди. У билан тўп тепиш мен учун осон эди.
– У жамоа етакчиси эдими?
– Албатта. Бир неча йиллар давомида.
– Сиз Ўзбекистон миллий жамоасида етакчи бўлганмисиз?
– Ҳеч қачон ўзимни етакчи деб ҳисобламаганман. Футболчи ўзини етакчи деб ҳисоблай олмайди. Бу нотўғри ёндашув. Мураббий, мухлислар, мутахассислар, футболчилар етакчи деб ҳисоблаши мумкин, аммо футболчининг ўзи эмас.
Қандай қилиб футболчи ўзини етакчи деб айтиши мумкин? Балки мен сал-пал тажрибалироқ бўлгандирман, аммо етакчиликнинг бунга алоқаси йўқ. Мен ҳам майдонда йўл-йўриқ кўрсатганман, ортимдан эргаштира олганман. Аммо ўзимни етакчи деб ҳисобламаганман.
– Саволларимизга жавоб берганингиз учун сизга миннатдорчилик билдирамиз. Албатта мураббийлик фаолиятингизни кузатиб борамиз. Сизга муваффақият, соғлиқ-саломатлик, шахсий ҳаётингизда бахт-саодат тилаймиз. Якунда ўзбек мухлисларига тилакларингиз.
– Сабр тилайман. Барча мухлислар орзуси ушалиши учун ҳали вақти келмади, шекилли. Аммо орзулар ушаладиган вақт келади, ишонинг, биз мундиалга чиқамиз. Сабр қилинг, ҳар бир мағлубиятдан кейин раҳбариятни, мураббийларни, футболчиларни койиманг. Чунки бу шунчаки оддий ўйин. Кимдир ютади, кимдир ютқазади, демак тақдир тақозоси шундай экан.
Футболга келинг, ким билан ўйнашидан қатъи назар миллий жамоани қўллаб-қувватланг. Менимча, охир-оқибатда бу албатта мукофотланади. Қачонлардир биз жаҳон чемпионатига чиқамиз.
Сардор Юсупов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
12:00 / 04.12.2024
«Пахтакор» португалиялик янги бош мураббийини таништирди
13:05 / 09.03.2024
Шацких бу сафар ҳам Бердиевни енголмаган — «Пахтакор» - «Насаф» баҳсидан фотожамланма
18:08 / 08.01.2024
Шацкихнинг Хитойга бормагани, Қосимов ва Гейнрихдан супергол ва Баҳрайндан аламли мағлубият. Осиё кубоги-2004ни қандай эслаймиз?
11:51 / 02.08.2023