Молия институти профессори: «Муаммоларни ҳал қилмай туриб ЕОИИга кириш хавфли»
Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлиб кирса, бу маҳаллий корхоналар учун ҳалокатли бўлади. Тошкент Молия институти профессори Тўлқин Бобоқулов миллий иқтисодиётдаги муаммоларни ҳал қилмай туриб, иттифоққа қўшилмай туришга чақирди.
«Ўзбекистон24» телеканали орқали эфирга узатилган «Қарама-қарши» кўрсатувида Тошкент Молия институти профессори Тўлқин Ибодуллаевич Бобоқулов Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши салбий оқибатларга олиб келиши ҳақида фикр билдирди.
«Биз ҳозир ЕОИИга киришга тайёр эмасмиз. Чунки ҳамдўстлик давлатлари ичида миллий валютаси бизникичалик қадрсизланган давлат йўқ. Миллий валюта муомалага киритилганида 1 доллар 7 сўм эди, ҳозир 9527 сўм бўлди. Миллий валютамиз қадрсизланиш суръати шу даражада юқори бўлдики, бу импорт қимматлашишига олиб келди. Натижада корхоналарда маҳсулот таннархи ошиб кетди.
Корхоналарни ўргандик, улар қандай ишлаётганига ҳайронман. Маҳсулотларни сотишдан олинган ялпи тушум салмоғида маҳсулот таннархи 80-85 фоиз. Улар 15 фоиз билан қандай ишлаяпти? Харажат жуда ҳам юқори. Биз ҳозир ЕОИИга йўл очсак, Қозоғистон, Беларусь ва Россия корхоналари маҳсулотларини арзон сотади. Бизнинг корхоналар арзон сотолмайди, чунки таннарх баланд», дея таъкидлади у.
"Қарама-қарши" кўрсатувидан лавҳаПрофессор: "Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлишга тайёр эмас!" Сиз бу фикрга қўшиласизми?
Posted by UZBEK TV on Thursday, February 27, 2020
Бобоқулов республика иқтисодиётида ечимини кутаётган бир қанча муаммоларни айтиб ўтди.
«Биринчи навбатда инфляцияни пасайтириш керак. Инфляцияни 2023 йилга бориб 5 фоизга туширмоқчимиз. Ўтган йили инфляция даражаси Қозоғистонда 5,4, Россияда 3 фоиз бўлди, бизда эса 15,2 фоиз.
Иқтисодиётимизда ечилмаган муаммолар бор. Биринчиси, тўловсизлик муаммоси. 2019 йил 1 октябрь ҳолатига корхоналар ўртасидаги дебитор қарздорлик 93 триллион сўмдан ошди. Энг ёмони, бу қарздорлик олдинги йилга нисбатан 16,5 мартага ошди. Нима учун? Чунки иқтисодиётимизда бу қарздорликни тўлайдиган пул йўқ. 2019 йил якуни бўйича Ўзбекистон иқтисодиётининг пул маблағлари билан таъминланганлик даражаси бор-йўғи 17,6 фоизни ташкил қилди. Жаҳон банки экспертлари иқтисодиётда монетизация коэффициенти 40 фоиздан кам бўлса тўловсизлик муаммосини ҳал қилиб бўлмаслигини исботлаган. Бизда бу муаммо 30 йилдан бери ҳал бўлмади. Шунинг учун тўловсизлик муаммосини ҳал қилишимиз керак.
Кейинги муаммо - кредитлар жуда қимматлашиб кетгани. Кредит фоизи кредит олувчининг рентабеллигидан баланд. Агар кредит фоизи кредит олувчининг рентабеллигидан юқори бўлса, бу кредит ҳеч қачон қайтмайди. Демак, фоизни тушириш керак. Иккинчиси, давлат бюджети дефицит билан бажариляпти, бюджет канали ҳам ёпилиб қолди. Агар иқтисодиётга бюджет эффекти билан харажатни оширадиган бўлсак, бунинг ҳам иложи йўқ, чунки бюджетда дефицит, ортиқча пул йўқ.
Энг ёмони, 18та ёғ-экстракция заводи бор, асосий воситалари эскириб кетган. Агар Россиядан ёғ кириб келадиган бўлса бу заводлар бир йил ичида ёпилиши керак бўлади. Уларга юқори акциз солиғи қўллаб, хорижликларнинг олдида рақобатбардошликни таъминлаб турибмиз. Бошқа тармоқларимизда ҳам таннарх жуда баланд.
Шунинг учун ҳозир ичкаридаги ўта долзарб ечилмаган муаммоларни ҳал қилмасдан туриб ЕОИИга кириш бизнинг корхоналар учун жуда хавфли», дея фикр билдирди профессор.
Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириш-кирмаслик мавзуси бўйича баҳслар 2019 йил кузидан буён давом этмоқда. Бу масала президент мурожаатида ҳам алоҳида бандни эгаллади ва парламентга ҳавола қилинди.
Аввалроқ ташқи ишлар вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш масаласида ҳукуматнинг вақт жиҳатидан жадвали борлигини айтганди.
«Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириш ёки Жаҳон савдо ташкилотига кириш. Солиштиришнинг ҳожати йўқ. Чунки иккаласига кириш бўйича ҳам ҳозирги кунда музокара кетяпти. Ўрганиш кетяпти. Биринчи галда Ўзбекистон манфаатларини ҳамма томондан ҳимоя қилиб, келишганимиздан кейингина аъзо бўламиз. ЕОИИга ҳам худди шундай.
Ҳозирги кунда ўрганиш кетяпти. Ўрганиш натижасида парламент томонидан кўриб чиқилиб, қарор қилинганидан кейин аниқ бир жавоб бўлади», деганди Илҳом Неъматов.
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 17 февраль куни «Human хусусий бандлик агентлиги» фаолиятидан жабр кўрганлар билан учрашув вақтида Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо бўлиши эҳтимоли ҳақида фикр билдирганди.
«Евросиё иқтисодий иттифоқига кириш масаласида ҳозирда муҳокамалар олиб борилмоқда. Масала ўртага ташланган, ҳисоб-китоб қилинмоқда, қандай фойдаси бор, балки зарари бордир, ўрганилмоқда», — дея таъкидлади ҳукумат раҳбари.
Ҳукумат раҳбари Россияда ишлаётган ўзбекистонликлар ҳар ой мигрантлар учун жорий этилган патент ҳақини тўлашга мажбур бўлаётганига эътибор қаратганди.
«Россияда ишлаётган 2,2 миллион одамнинг ҳар бири ойига 100 долларга яқин патент учун пул тўлайди. Бир йилда 1000 доллар пул кетади. Энди, агар Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўладиган бўлсак, тўғри, бу кимгадир ёқар, кимгадир ёқмас — ўзича сиёсатдонлар кўпайиб кетди: «Мустақилликни бериб қўямиз», дейдиган. Кимга беряпмиз мустақилликни? Мустақилликнинг берилишини нимада кўряпсизлар, деб савол берадиган одамнинг ўзи йўқ», деганди Абдулла Арипов.
Мавзуга оид
07:09 / 14.12.2024
Абдулла Арипов ЕОИИ ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида қатнашди
14:38 / 07.11.2024
«Туркий давлатлар ташкилоти ЕОИИга рақобатчи бўлади» – қирғиз сиёсатшуноси
22:40 / 19.10.2024
Миллион долларлик лицензия, ЕОИИга рад жавоби ва 2х ЯИМ прогнози — ҳафта дайжести
21:12 / 17.10.2024