Ўзбекистон | 21:27 / 29.02.2020
56958
2 дақиқада ўқилади

Бухоро вилоятининг Олот туманига аёл киши ҳоким этиб тайинланди

Бугун Бухоро вилояти Олот туманида ҳам фаоллар йиғилиши ўтказилди. Ушбу йиғилишда Олот туманига аёл киши янги ҳоким сифатида тайинланди. Бу — Бухоро вилояти тарихида аёл киши ҳоким этиб тайинланган илк воқеадир.

Йиғилишда Бухоро вилоятининг янги ҳокими Карим Камолов, Ўзбекистон Президентининг давлат хизмати ва давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоев иштирок этган.

Аввал хабар берганимиздек, Олот тумани ҳокими лавозимида шу кунгача ишлаб келган Шерали Саломов Қоракўл тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Олот тумани ҳокими вазифасига Бухоро вилояти тарихида илк бор аёл киши тайинланган. Бухоро вилояти ҳокими К.Камоловнинг қарорига кўра, 2004 йилдан буён Олот тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, сўнгги кунларда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келган Наргиза Исомиддиновна Неъматова Олот тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Н.Неъматова 1964 йилда туғилган, маълумоти бўйича мутахассислиги врач-терапевт. У 1991 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтининг кундузги бўлимини тамомлаган. Фаолияти давомида Олот тумани марказий касалхонаси кардиолог врачи, туман марказий касалхонаси туғруққа тайёрлаш бўлими мудири, терапевт врачи, бош врачи вазифаларида ишлаган.

2004 йилдан ҳозиргача Халқ депутатлари Олот туман кенгашининг депутати саналади. 

Мавзуга оид