Жаҳон | 16:12 / 02.03.2020
34389
6 дақиқада ўқилади

«Баҳор қалқони» амалиёти: Суриянинг икки самолёти уриб туширилди, Идлиб осмони ёпилди

Туркия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими якшанба куни мухолифат назоратида бўлган Идлиб осмонида учаётган сурияликларнинг иккита қирувчи самолётини уриб туширди. Хабарларга кўра, учувчилар катапульта қилинган ва омон қолишган.

Фото: Ghaith Alsayed / AP

Шунингдек, Туркия суриялик ҳарбийларнинг Ҳалабдаги аэродромига зарбалар йўллаган ва эндиликда аэродром «фойдаланиш учун яроқсиз» аҳволга келган. Бу аэродром орқали турк ҳарбийларига ҳужумлар уюштирилганди.

Айни вақтда Сурия Идлиб ҳаво кенгликларини ёпиқ деб эълон қилди - энди сурияликлар Идлиб осмонидаги ҳар қандай учар объектни уриб туширишмоқчи.

Қуриқликда Сурия армияси ва мухолифат кучлари ўртасидаги тўқнашувлар давом этмоқда. Туркия ўз иттифоқчиларини артиллерия зарбалари орқали қўллаб-қувватламоқда - Сурия армиясининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва зирҳли техникаларига зарбалар берилмоқда.

Идлибдаги вазият 27 февраль куни кечқурун туркиялик 33 нафар ҳарбий Сурия авиацияси зарбалари оқибатида ҳалок бўлгач кескинлашди. Ўшанда Асад кучлари мухолифатнинг Серакибни қайтариб олиш бўйича уринишларига жавобан ҳаво зарбалари йўллаганди.

Пайшанба куни Идлибда ҳалок бўлган турк аскарларининг дафн маросими / Getty Images

Туркия Мудофаа вазири Хулуси Оқар якшанба куни телевидение орқали чиқиш қилиб, «Баҳор қалқони» амалиёти бошланганидан буён Сурия ҳукумати кучларининг 2212 нафар ҳарбийси йўқ қилингани, 103та танк, 8 вертолёт ва 1 дрон яксон этилгани, шунингдек, сурияликларнинг бошқа ҳарбий жиҳозларига зарбалар берилгани ҳақида маълум қилди.

Офиси Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари мониторинги маркази маълумотига кўра эса, Сурия ҳарбий хизматчилари йўқотишлари сони 74 нафар бўлган.

Идлибдаги вазият Туркиянинг Дамашқни қўлловчи Россия билан муносабатларини ҳам совуқлаштирмоқда. Аммо Хулуси Оқарнинг айтишича, турклар буни истамаслигини айтган.

«Биз Россия [Сурия] режими томонидан зарбалар берилишини тўхтатишини истаймиз. Биз Россия билан тўқнашиш истамаймиз ва тўқнашмоқчи ҳам эмасмиз», деган у.

Янги ҳафта давомида Эрдўған ва Путин ўзаро учрашиб, Идлибдаги вазиятни муҳокама қилмоқчи. Учрашув 5 март куни Хорватия пойтахти Загребда бўлиб ўтади, шу куни бу ерда Европа Иттифоқи давлатлари ташқи ишлар вазирлари учрашуви ҳам ўтказилади.

Идлиб нимаси билан муҳим?
Сурия шимоли-ғарбида, Туркия билан чегара ҳудудида жойлашган Идлиб вилояти - Башар Асад режимига қарши кучлар назоратида қолган сўнгги ҳудуддир. Бу вилоятда унинг ҳукмронлиги остида яшашни истамай мамлакатнинг турли бурчакларидан қочиб келган 3,5 миллионга яқин қочқинлар ҳам бор.

Ўтган йилнинг декабрида Эрон ва Россия томони кўмагида Сурия ҳукумати қўшинлари Идлибни эгаллаш учун юриш бошлади ҳамда шу вақтга қадар ҳудуднинг бир қисмида назорат ўрнатди.

Бу ҳужум туфайли яна миллионга яқин киши ўз бошпаналарини тарк этиб, Туркия билан чегара ҳудудида тўпланди. Туркия эса аллақачон 3,7 млн қочқинни ўз ҳудудига қабул қилиб бўлган, мамлакат раҳбарияти янги қочқинларни қабул қилиш учун ресурслар етарли эмаслигини маълум қилган.

2018 йил сентябрида Россия ва Туркия ўртасида тузилган Сочи келишувига кўра, Идлиб қуролли ҳаракатлардан холи ҳудудга айлантирилиши, Туркия эса бу ҳудудда қочқинлар хавфсизлигини таъминлаш учун кузатув постларини ўрнатиши кўзда тутилганди.

Февраль ойи бошида президент Эрдўған агар ой охирига қадар суриялик ҳарбийлар Идлибдан кетмаса, Туркия армияси уларни куч билан сиқиб чиқаришини маълум қилганди.

Ҳозирча турклар ва сурияликлар ҳаво зарбалари ва артиллерия зарбалари билан алмашишмоқда / Getty Images

Россия ва Туркия Сурия армиясининг ушбу вилоятдаги ҳаракатлари бўйича турли қарашларга эга. Москва минтақада вазият кескинлашишида Асад режимига қарши мухолифат кучларини айблайди, РФ президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков уларни «Идлибда пистирма қўйган террорчилар» деб атаган. Анқара эса Сурия ҳукумати шунчаки Сочи келишувини бузган ҳолда Идлибни тўлиқ эгаллашга уринишни мақсад қилгани ҳақида айтади.

Россия томони мамлакат ҳарбийлари Серакиб атрофидаги сўнгги тўқнашувларда иштирок этмагани, рус ҳарбийлари турк аскарлари ўлимига алоқадор эмаслигини билдирган. Туркия ҳам Россияга нисбатан расмий айблов қўймаган.

Россия аввалроқ БМТ Хавфсизлик кенгашида Идлибда гуманитар сулҳ тузилиши бўйича резолюцияга тўсиқ қўйган ва бу ҳудудда тинчлик ўрнатилишининг ягона чораси - мамлакатда террорчиларни қўллаб келаётганларнинг барчасини ҳайдаш эканини билдирганди.

Тинч аҳоли вакилларига нисбатан зўравонлик ишлатишда айбланаётган Сурия ҳукумати эса «Идлибни террорчилардан озод қилиш» мақсадида эканини маълум қилган.

Жума куни Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўған телефон орқали мулоқот қилишди ва Идлибдаги вазият барқарорлашиши учун Россия ва Туркия ўз ҳаракатларини янада мувофиқлаштириши бўйича келишиб олиши кераклигини таъкидлашди.

Туркия нима учун Идлибни тарк этолмайди?
Туркия Сурия билан умумий чегараларга эга, бу чегара орқали суриялик қочқинлар шимолга томон ҳаракатланишади.

Шанба куни президент Эрдўған унинг мамлакати бундан кейин қочқинларни қабул қила олмаслиги ва Европага ўтишни истаганларга қаршилик қилмаслигини маълум қилди.

Бундан ташқари, Анқара Сурия шимолидаги ҳудудлар курдлар назоратига ўтишини истамайди. Ҳукумат бу ҳолда Туркия ичкарисида курд миллатчилиги кучайиши мумкинлигидан хавотирланади. Сурия курдлари аввал АҚШнинг минтақадаги иттифоқчилари бўлишган, аммо Дональд Трамп қарорига кўра америкалик ҳарбийларнинг катта қисми бу ҳудуддан олиб кетилгач, курдлар Сурия ҳукумати билан иттифоқ тузишга мажбур бўлган.

Туркия Идлибни икки сабабга кўра ўзи назорат қилишни истайди: курд бўлинмаларидан ҳимоя тўсиғи ҳосил қилиш ва бу ерга ўз ҳудудидаги суриялик қочқинларни жойлаштириш учун.

Мавзуга оид