Жаҳон | 17:09 / 05.03.2020
18737
3 дақиқада ўқилади

Исроилда илк марта ҳижобли аёл парламент депутати этиб сайланди

Исроилдаги парламент сайловларида 55 ёшли Имон Хатиб Ёсин ҳам депутатликка сайланди. Шу тариқа, Кнессет тарихида илк марта ҳижобли араб аёли фаолият юритадиган бўлди.

Фото: Getty Images / Anadolu Agency

The Times of Israel хабарига кўра, Хатиб Ёсиннинг номзодини кўрсатган «Қўшма рўйхат» алянци парламентда 15та ўринни қўлга киритиб, сайловда учинчи ўринни олган.

55 ёшли муслима бунга қадар мамлакат шимолидаги, 70 фоиз мусулмонлар яшайдиган Яфа ан-Насарийя шаҳарчасида жамоатчилик маркази раҳбари сифатида ишлаб келаётган эди.

«Қўшма рўйхат» алянцининг сайловолди роликларидан бирида Имон Хатиб Ёсин айниқса аёллар ҳуқуқлари ва ёшлар масалаларига жиддий эътибор қаратишини таъкидлаган.

Фото: Ahmad Gharabli / AFP

Бўлажак депутат Ҳайфа университетида Ижтимоий иш йўналишида бакалавр даражасини олган. Ушбу университет – Исроил ОТМлари орасида араб талабаларнинг улуши энг кўп университет (40дан юқори) саналади.

Хатиб Ёсин магистр даражасини хотин-қизлар масалалари йўналишида Тель-Авив университетида олган.

У 2019 йил апрель ва сентябрь ойларидаги сайловларда ҳам Кнессет депутатлигига даъвогарлик қилган, бу уринишлари муваффақиятсиз чиққанди.

Нетаньяху партияси яна кўпчилик ўринни эгаллай олмади

Фото: Reuters

2 март кунги сайловда, 99,9 фоиз бюллетенлар санаб чиқилганидан кейинги ҳолатга кўра, бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг партияси – «Ликуд» 36та овоз билан ғалаба қозонган бўлса-да, ҳукмрон партия мақомига эга чиқа олгани йўқ.

120та ўринга эга бир палатали Кнессетда назоратни қўлга олиш учун камида 61та ўринни эгаллаш талаб этилади.

«Кўклар ва оқлар» алянци («Кахоль-лаван») 33та ўрин, «Қўшма рўйхат» алянци 15та ўринни банд этди. Якуний натижа бугун, 5 март куни эълон қилиниши кутиляпти.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил апрель ва сентябрь ойларидаги сайловдан кейин парламентда ҳукумат коалициясини тузишга муваффақ бўлинмаган эди. Бундай ҳолат мамлакатнинг 72 йиллик тарихида илк бор юзага келган.

Исроилнинг турли молиявий институтлари ўтказган тадқиқотларга кўра, 11 ой ичида ўтказилган 3та умуммиллий сайлов иқтисодиёт учун 10 миллиард шекель (3 млрд доллар атрофида)га тушган.

Шу билан бирга, агар Нетаньяху бу гал ҳам бошқа партияларни алянц тузишга кўндира олмаса, тўртинчи сайловлар ҳам ўтказилиши эҳтимолдан холи эмас.

Мавзуга оид