Спорт | 23:04 / 06.03.2020
74254
3 дақиқада ўқилади

Рустам Иноятов Ўзбекистон теннис федерацияси раиси лавозимини тарк этди

Ўзбекистон теннис федерациясига янги раҳбар сайланди. Узоқ йиллар бу лавозимни эгаллаб келган 75 ёшли Рустам Иноятов ўрнида эндиликда Алишер Мирсоатов фаолият олиб боради.

Фото: Kun.uz

6 март куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон теннис федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда федерацияга янги раҳбар сайлаш кун тартибидаги асосий масала эди, деб хабар бермоқда МОҚ ахборот хизмати.

«Конференцияни Ўзбекистон теннис федерацияси бош котиби, Осиё теннис федерацияси вице-президенти Ирода Тўлаганова олиб борди ва дастлаб федерация фаолиятидаги янгиликлар, ютуқ ва камчиликлар ҳақида ҳисоботни ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг федерациянинг янги раҳбарлигига Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки бошқарув раиси Алишер Кудратуллаевич Мирсоатов номзоди илгари сурилди.

Конференция иштирокчилари номзодни бир овоздан маъқуллашди ва Алишер Мирсоатов Ўзбекистон теннис федерациясининг янги раиси деб эълон қилинди», – дейилади расмий хабарда.

Шундан сўнг сўзга чиққан МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов ва Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Комилжон Худойберганов номзод ҳақида ўз фикрларини билдириб, янги раҳбарнинг фаолиятида омад тилаган.

«Федерацияни узоқ йиллар давомида бошқариб келган Рустам Иноятовга ҳам алоҳида миннатдорчилик изҳор этаман. Айнан шу кишининг бошқарувида теннис федерациясида иш дарҳақиқат профессионал тарзда йўлга қўйилди», – деган Рустам Шоабдураҳмонов.

У Рустам Расулевични федерациянинг фахрий президенти этиб сайлаш таклифини киритган ва таклиф конференция иштирокчилари томонидан бир овоздан маъқулланган.

Федерациянинг янги раиси Алишер Мирсоатов аввалги раҳбарият профессионал иш олиб борганини таъкидлаган.

«Теннис менинг энг севимли спорт турларимдан бири. Аввалги раҳбарият профессионал иш олиб борди. Энди мендан 2-3 баробар самарали ишлаш талаб этилади. Бу жамоа билан бор куч-ғайратимни бериб ишлашга ваъда бераман» – дея Алишер Мирсоатовдан иқтибос келтирилган хабарда.

Шунинг билан Ўзбекистон теннис федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўз ишини якунлади.

Мавзуга оид