Ўзбекистон | 10:15 / 10.03.2020
7257
7 дақиқада ўқилади

Автовокзалларнинг асосий вазифалари белгиланмоқда

Йўловчилар автовокзаллари, автостанциялари тўғрисидаги низом тасдиқланади

Фото: mahalladosh.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Йўловчилар автовокзаллари, автостанциялари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Низомга кўра, автовокзаллар (автостанциялар) мажбурий равишда паспорт олиши шарт. Автовокзал (автостанция) паспортини бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Автовокзаллар (автостанциялар) шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро автомобиль қатнови йўналишларида йўловчилар ташиш ҳаракатини тезкор бошқариш мақсадида, шаҳарларда, аҳоли яшаш жойларида ва автомобиль трассаларида, йўловчилар тўпланадиган манзиллар ва охирги бекатларда йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун ташкил этилади.

Автовокзал (автостанция) қуйидагиларни ўз ичига олади (категорияси ва класси ҳисобга олинган ҳолда):

а) йўловчилар кутиш учун мўлжалланган бинолар ва хоналар, чипта кассалари, болали йўловчиларга мўлжалланган хоналар, ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг узоқ вақт дам олишига мўлжалланган хоналар (меҳмонхона), маъмурият хонаси, қўл юкини сақлаш хоналари, милициянинг хизмат хоналари, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш учун монитор орқали кузатиш учун технологик анжомлар ўрнатилган хизмат хоналари, маданий-маиший ва санитария-гигиена мақсадидаги хоналар (автовокзалларда);

б) йўловчиларни чиқариш ва тушириш перронлари, рейслар ўртасида автотранспорт воситалари тўхтаб турадиган майдончалар, техник кўрикдан ўтказиш (автовокзалларда) ва автотранспорт воситалари салонларини тозалаш постлари;

в) шаҳар транспорти, шу жумладан такси сифатида ишлатиладиган автомобиллар кириб келиши ва туриши учун (автовокзалларда) мўлжалланган автовокзал олди майдони;

г) автовокзал (автостанция) ҳудуди бўйлаб ва чиқариш/тушириш перронларида ногиронлар аравачалари учун мўлжалланган шохобча йўллар, ногиронларни аравачалари билан чиқариш ва тушириш учун жиҳозланган жойлар.

Йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида автовокзал (автостанция) периметри бўйича тўсиқлар ҳамда видеокузатиш камералари (йўловчиларнинг кутиш залларида, чипта кассаларида ҳамда йўловчилар кўп тўпланадиган бошқа жойларда) ўрнатилади, автовокзаллар (автостанциялар)га кириш/чиқиш жойларида йўловчилар ва уларнинг багажини текшириш учун турғун металл детекторлар билан жиҳозланган текшириш постлари ва шлагбаумлар ташкил этилади.

Қуйидагилар автовокзалларнинг категориялари ва автостанцияларнинг классларини аниқлаш мезонлари ҳисобланади:

а) йўловчиларнинг айнан бир вақтдаги сиғими – киши;

б) автотранспорт воситаларининг бир суткадаги жўнаб кетишлари сони;

в) бинолар, иншоотлар, ишлаб чиқариш ҳудудлари, технологик анжомларнинг мавжудлиги.

Қуйидагилар автовокзал (автостанция)нинг асосий вазифалари ҳисобланади:

йўл ҳаракати хавфсизлигини ва автовокзал (автостанция)нинг хавфсиз ишлаш шароитларини таъминлаш;

автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида барча бўлинмалар ва хизматларнинг узлуксиз ишини ташкил етиш;

йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар оммабоплиги, зарур ҳажми ва сифатини таъминлаш.

Автовокзал (автостанция) юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) йўл ҳаракати хавфсизлигини ва автовокзал (автостанция)нинг хавфсиз ишлаш шароитларини таъминлаш соҳасида:

йўловчиларни ташиш хавфсизлиги меъёрлари ва қоидаларига риоя этиш;

автотранспорт воситаларини рейслар оралиғида техник кўрикдан ўтказиш ва ҳайдовчиларни рейсдан олдин тиббий кўрикдан ўтказиш постларини ташкил этиш;

ускуналар билан таъминлаш ва автотранспорт воситаларининг зарур тарздаги санитария ҳолатини назорат қилиш;

қонунчиликда белгиланган ҳайдовчиларнинг меҳнати ва дам олиш режимини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш;

йўловчи перронлар, касса заллари, кутиш заллари ва бошқа йўловчиларга хизмат кўрсатиш объектларини техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаш;

тегишли ёруғлик ва товушли ишоралари, белгилар, кўрсаткичлар ва бошқа йўловчиларни хабардор қилиш техник воситаларини ўрнатиш;

ёнғинга қарши тадбирларни амалга ошириш;

автовокзал (автостанция) ҳудудида техноген ва террористик таҳдидларни олдини олишга оид чора-тадбирларни амалга ошириш;

б) автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида барча бўлинмалар ва хизматларнинг узлуксиз ишини ташкил етиш соҳасида:

диспетчерлик раҳбарлиги, ҳар бир автотранспорт воситасининг сиғимидан самарали фойдаланишни ҳисобга олган, йўловчилар ташиш хавфсизлиги нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиш жадвалига риоя қилинишини ташкил этиш ва таъминлаш;

автотранспорт воситалари ҳаракатини тартибга солиш;

йўл варақалари ва диспетчерлик ҳужжатларини расмийлаштириш;

йўловчиларда чипталар бўлишини ҳамда йўлкира ва багаж учун белгиланган тарифларга риоя этилишини назорат қилиш;

автовокзаллар (автостанциялар)ни жўнатилаётган автотранспорт воситаларидаги бўш ва бўшаётган ўринлар, йўлдаги шароитларнинг ўзгариши ва автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиш жадвалидан четга чиқишлар тўғрисида ўзаро хабардор қилиш;

йўлкира чипталари сотилганлиги ва багаж ташилганлиги учун йиғимлар тўплаш, рейсга қатнайдиган автотранспорт воситаларида почта жўнатмаларини қабул қилиб олиш ва жўнатиш, багажни йўловчилардан алоҳида ташиш учун қабул қилиб олиш ва расмийлаштириш (юк ва багаж автомобиллари ҳаракати ташкил этилган йўналишларда);

сотилган чипталар ва кўрсатилган хизматлар учун ташувчилар билан ўзаро ҳисоб-китоб қилиш (шу жумладан чипталарни олдиндан сотиш, чипталарни уйга етказиб бериш, багажни сақлаш хизматлари);

в) йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар оммабоплиги, зарур ҳажми ва сифатини таъминлаш соҳасида:

йўловчиларни автовокзаллар (автостанциялар)дан фойдаланиш ва автотранспорт воситасида сафар (саёҳат) билан боғлиқ масалалар юзасидан ўз вақтида ва тўғри хабардор қилиш;

аҳолини янги очилаётган йўналишлар, автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиш жадвалидаги ўзгаришлар, аҳолига кўрсатиладиган янги хизмат турларидан хабардор қилиш (Интернет, маҳаллий матбуот, радио, телевидение ва ҳоказолар орқали);

йўловчиларга кўнгилочар маиший хизмат кўрсатиш, автовокзал (автостанция) томонидан кўрсатиладиган хизматлар турларини кенгайтириш;

хизмат кўрсатиладиган йўналишларда автотранспорт воситалари ишини яхшилаш масалалари бўйича йўловчиларнинг таклифларини тўплаш, ҳисобга олиш ва таҳлил қилиш, ҳаракат жадвалини ўзгартириш, у ёки бу йўналишда рейслар сонини кўпайтириш, автотранспорт воситасининг тури ёки русумини ўзгартириш, транзит автотранспорт воситаларининг тўхтаб туриш вақтини қисқартириш ёки кўпайтириш, рейсни бажариш учун вақтни қисқартириш ёки кўпайтириш;

вокзал олдидаги ҳудудни ободонлаштириш ишларини бажариш, автовокзал (автостанция)ни сақлашнинг санитария шарт-шароитларини таъминлаш.

Автовокзаллар (автостанциялар) ва ташувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар шартномалар асосида қурилади. Бунда чипталар сотилганлиги ва хизмат кўрсатилганлиги учун ташувчилар томонидан автовокзаллар (автостанциялар)га ажратмалар миқдори автовокзал (автостанция)нинг рентабеллигидан келиб чиқиб, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва мансублигидан қатъи назар, ташувчилар учун бир хил миқдорда белгиланиши керак.

Чипталар сотилганлиги ва хизмат кўрсатилганлиги учун ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш (автотранспорт воситаси рейсга жўнатилгандан кейин 3 кун мобайнида) автовокзал (автостанция)нинг мажбуриятларидан бири ҳисобланади.

Мавзуга оид