Ўзбекистон | 22:46 / 10.03.2020
7707
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев «Рақамли Тошкент» лойиҳаси бўйича кўрсатмалар берди

Пойтахт ҳокимлиги таркибида қатор йўналишлар бўйича алоҳида лойиҳа офислари ташкил этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 10 март куни қатор соҳаларда амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Президент матбуот хизмати хабарида айтилишича, Ўзбекистонда ЯИМ ҳажмини 2 баробарга ошириш мақсад қилинган. Бунга эришишда рақамли иқтисодиёт механизмларидан кенг фойдаланиш муҳим ўрин тутади.

Дунё ялпи маҳсулотининг 15,5 фоизгача улушини рақамли иқтисодиёт ташкил этмоқда. Сўнгги 15 йил ичида рақамли иқтисодиёт глобал ялпи маҳсулотга нисбатан 2,5 баробар тез ошган.

«Кейинги йилларда дунёда «рақамли шаҳар» концепцияси оммалашмоқда. Шу тажрибадан келиб чиқиб, «рақамли Тошкент» тизимини жорий этиш, уни 2 йил давомида синовдан ўтказиб, бошқа ҳудудларга эса тайёр дастурий таъминотларни етказиб бериш режалаштирилмоқда.

Бугунги тақдимотда рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

«Тиббиёт муассасалари паспорти», «UzTrans», туристлар ҳисобини юритиш бўйича «Е-Mehmon» ва бошқа ахборот тизимлари юртимиз аҳолиси ҳамда меҳмонларига катта қулайлик яратди.

Президентимиз жорий йилда болалар боғчаси, масофавий таълим, шаҳар жамоат транспортлари учун ягона электрон чипта, қурилишни назорат қилиш, электрон тиббиёт картаси каби янги дастурий таъминотлар ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш бўйича топшириқлар берди.

Масалан, электрон тиббиёт картаси жорий этилса, шифокорларнинг қоғоз тўлдиришга кетадиган вақти анча қисқариб, аҳоли билан ишлаши учун кўпроқ имконият бўлади.

Шу мақсадда Тошкент шаҳридаги 15та ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази, 11та кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда 62та поликлиника «Ягона электрон тиббий карта» ва «Электрон поликлиника» ахборот тизимига уланиб, хусусий клиникалар билан интеграция қилинади.

Бундай тизим бошқа соҳа ва тармоқларда ҳам татбиқ этилади.

Дастурий маҳсулотлар узлуксиз ва самарали ишлаши учун инфратузилма зарурлиги қайд этилар экан, барча давлат муассасаларини юқори тезликда маълумот узатиш тармоғига улаш, замонавий компьютер технологиялари билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Аҳоли, айниқса ёшлар орасида рақамли кўникмаларни такомиллаштириш, «Бир миллион дастурчи» лойиҳасини амалга ошириш белгиланган.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 600дан ортиқ соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар юқори тезликдаги интернетга уланган. Аммо ушбу йўналишда қилинаётган ишлар ҳали ҳам етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Телекоммуникация инфратузилмаси «рақамли шаҳар» концепциясининг асоси эканлигини ҳисобга олиб, икки йил мобайнида 1,5 мингдан зиёд ижтимоий объектни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш бўйича топшириқ берилди.

Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳар ҳокимлиги таркибида таълим, тиббиёт, уй-жой коммунал, транспорт, қурилиш, кадастр ва бошқа йўналишлар бўйича алоҳида лойиҳа офислари ташкил этиш зарурлигига эътибор қаратди.

Бундай тузилмаларда дастурчилар ҳар бир соҳа мутахассислари билан биргаликда ўша соҳага мос дастурий таъминот яратади, уларни синовдан ўтказиб, ҳаётга татбиқ этади. Зарур ҳолларда бошқа соҳага тегишли дастур билан боғлиқлигини таъминлайди.

«Рақамли Тошкент» лойиҳасини молиялаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Бу жараёнда давлат-хусусий шериклик асосида бизнес доираларнинг фаол иштироки учун шароит яратиш кераклиги таъкидланди.

«Электрон ҳукумат» тизими орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини ошириш, уларни электрон шаклга ўтказиш ишларини жадаллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди», – дейилади расмий хабарда.

Мавзуга оид