Ар-Риёд: Тахт учун курашнинг янги пардаси
6 март куни Саудия Арабистонининг уч шаҳзодаси давлатга хиёнатда айбланиб ҳибсга олинди. Сулоладаги энг муҳим шахслар ҳибсга олиниши ва уларга қўйилаётган айбловлар кўриб чиқилса, Саудия Арабистонининг ички сиёсатида жиддий бўҳрон мавжудлиги англашилади. Қуйидаги материал орқали ушбу воқеалар замирига синчиклаб назар ташлаймиз.
Рақибларни cиндириш операциялари
6 март куни эрталаб Саудия Арабистонида сулоланинг муҳим шахслари ва бошқа кўплаб майда амалдорлар ҳибсга олиниши қироллик ички сиёсатини дунё кун тартибига олиб чиқди.
2017 йилда Муҳаммад ибн Салмон тахт вориси этиб тайинланганидан бери юқори даражали кўплаб шаҳзодалар ҳибсга олинганига, шунингдек, бир неча бор «сулоладаги ички рақибларни синдириш» операциялари ўтказилганига гувоҳ бўлдик. Уларга қўйилган айбловлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мазкур операцияларни ҳуқуқий акт сифатида кўрсатиш учун барча эҳтиёткорлик чоралари кўрилган. Масалан, ораларида Волид ибн Талал сингари муҳим шахслар бўлган Саудия Арабистони вазирлари, шаҳзодалар ва ишбилармонлар 2017 йилда коррупцияга қарши кураш фонида қўлга олинган ва бир неча ой давомида Ар-Риёддаги Ritz-Carlton меҳмонхонасида ушлаб турилганди. Ҳибсга олиш учун ордер эса «Коррупцияга қарши кураш комиссияси» томонидан чиқарилганди.
Ички сиёсатдаги бўҳрон
Жума кунги операцияларда қўлга олинган ва айбланган шахслар ким эканига эътибор қаратилса, қиролликнинг ички сиёсатида жиддий бир бўҳрон мавжудлиги англашилади. Ҳибсга олинганлар орасида замонавий Саудия Арабистони асосчиси бўлган Абдулазизнинг ўғли ва ҳозирги подшоҳ Салмон ибн Абдулазизнинг укаси Аҳмад ибн Абдулазиз, шунингдек, олдинги валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Ноифнинг укаси Невваф ҳамда йигирмадан ортиқ юқори мартабали шаҳзодалар мавжудлиги сулола ичида янги «тозалаш» амалиёти ўтказилаётганидан далолат беради. Бу каби амалиётлар мамлакатнинг бугунги кундаги ички сиёсати ва халқаро майдондаги ўзгаришлар билан ўзаро чамбарчас боғлиқдир.
Ақлга келган биринчи хаёл
Жума кунги ҳибсга олишлардан сўнг ақлга келган биринчи хаёл подшоҳ Салмоннинг соғлиги билан боғлиқ хавотир эди. У қариб қолгани ва соғлигидаги муаммолар узоқ вақтдан бери ташвишлар манбайи бўлиб келаётганди. Сўнгги ҳибслар бу хавотирларни янада кучайтириб юборди. ОАВда ҳатто унинг ўлими ҳақида хабарлар тарқала бошлаганди, аммо у кўп ўтмасдан омма учун кўриниш берди.
Салмондан сўнг Саудия тахти жиддий бир кураш майдонига айланиши мумкин. Чунки мамлакат Конституциясининг 5-моддаси Саудия режимининг тузилишини мутлақ монархия сифатида белгилайди ва Абдулазиз ўғилларининг (Муҳаммад ибн Салмон каби набираларининг эмас) Саудия тахтига даъвода устувор ҳуқуқларга эгалигини билдиради. Яъни гарчи Муҳаммад ибн Салмон валиаҳд шаҳзода этиб тайинланган бўлса-да, Абдулазизнинг ўғли – Аҳмад ибн Абдулазизнинг Саудия Арабистони тахтига даъвогарлик қилиши юридик жиҳатдан асосга эга.
Мутлақ монархиями ёки сулолавий демократия?
Сўнгги воқеалар билан боғлиқ иккинчи фикр – сўнгги пайтларда Муҳаммад ибн Салмоннинг Саудия Арабистони ички сиёсатида туб ўзгаришлар бошлаш орқали узоқ йиллик сулола мувозанати остин-устин бўлиши ортидан сулола аъзолари ўртасида реакция юзага келиши эҳтимолидир. Гарчи, Саудия сиёсий тизими «мутлақ монархия» деб таърифланган бўлса-да, бошқарув сулола аъзолари ўртасида ўзаро мувозанатга асосланган. Ушбу сиёсий мувозанатга мувофиқ, барча кучлар подшоҳ қўлида тўпланмаган, яъни сиёсий қарорлар сулоланинг қудратли аъзолари ва подшоҳ ўртасидаги муросага асосланган. Якка одам ҳукмронлигидаги монархиялардан фарқли ўлароқ, Саудия тизимини «сулолавий демократия» деб таърифлаш мумкин.
Сулоланинг саноғи ўн мингдан ошган аъзолари демократик мамлакатлардаги сиёсий партияларга ўхшаш шаклда ўттиз-қирқ «шох»га ажралиб, Саудия сиёсий тизимида ўз таъсир доираларига эга бўлиш учун курашадилар. Ушбу тизимда сулола аъзолари ўртасидаги ўзаро имтиёзлар ва иттифоқлар туфайли юзага келиши мумкин бўлган инқирозли вазиятни енгиш осон. Уламо Саудия сиёсий тизимида жуда муҳим мавқега эга бўлгани сабабли қарорлар қабул қилинишида у ҳар доим самарали бўлган.
Мувозанатнинг бузилиши
2015 йилда аввалги подшоҳ Абдуллоҳ вафоти ортидан тахтга чиққан Салмон ибн Абдулазизнинг ўғли Муҳаммад ибн Салмоннинг Саудия Арабистони сиёсий тизимида ортиб бораётган кучи Саудия тузумининг энг муҳим икки элементи – сулола аъзолари ва уламо сиёсий доирадан чиқариб ташланган даврни бошлаб берди. Тахт Салмон ибн Абдулазиздан Муҳаммад ибн Салмонга енгилгина ўтишини таъминлаш учун Волид ибн Талал, Мутаб ибн Абдуллоҳ сингари тахт учун кучли даъвогарлар ҳамда уларга дастак берувчи сулола аъзолари тизимли равишда ҳибсга олинди ва улар шу йўл билан синдирилди. Мазкур ҳолат мамлакатда илгари мавжуд бўлган сулола мувозанатини бузиб, ҳокимият Муҳаммад ибн Салмон қўлида тўпланишига олиб келди.
Уч асрлик келишув қандай бузилди?
Назарий жиҳатдан, подшоҳ вафот этган ёки ўз вазифасини бажара олмаган (соғлик билан боғлиқ муаммолар ва бошқа сабабларга кўра) тақдирда янги шоҳни танлаш сулоланинг катта аъзолари иштирокида ташкил этилган Садоқат кенгаши (Биат кенгаши) томонидан амалга оширилади. Маълумки, Аҳмад ибн Абдулазиз Муҳаммад ибн Салмон подшоҳ этиб сайланишига қарши энг муҳим кенгаш аъзосидир.
Муҳаммад ибн Салмон томонидан илгари сурилган «мўътадил ислом» сиёсати Саудия Арабистони сиёсий тизимида ҳам, мамлакатнинг ижтимоий тузилишида ҳам уламо роли пасайишига сабаб бўлди. Шундай қилиб, «мўътадил ислом» сиёсати 1744 йилда Саудия давлатининг асосчиси Муҳаммад ибн Сауд ҳамда Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ўртасида тузилган келишувни бузди ва уч аср давомида мамлакат сиёсатининг энг муҳим элементи бўлган уламони сиёсий бошқарувдан четлаштирди. Саудия Арабистони сиёсий тизимига путур етказилди.
Тарих такрорланадими?
Саудия Арабистонининг ички сиёсатидаги мазкур ўзгаришлар замонавий Саудия асосчиси Абдулазиздан кейинги илк подшоҳ Сауд ибн Абдулазизнинг бошига 1964 йилда нималар келганини ёдга солмоқда.
1960-йиллар Яқин Шарқда Миср президенти Носир бошчилигидаги социалистик араб миллатчилиги Саудия Арабистони бошчилигидаги консерватив араб монархияларига энг жиддий таҳдид солган давр эди. Айниқса, 1962 йилда Ямандаги давлат тўнтариши, Саудиянинг иттифоқдош Яман қироллигини вайрон қилиб, Мисрга ўхшаш республика тузумини ўрнатиш ҳаракатлари натижасида Яманда бошланган фуқаролар уруши, Саудиянинг ички сиёсатидаги сиёсий иштирокчиларнинг Носирнинг инқилобий сиёсатига қарши тура олмагани Сауд ибн Абдулазиздан умид узилиши билан якунланди. Сауд ибн Абдулазизнинг қобилиятсиз сиёсати туфайли социализмнинг юксалишидан безовталаниб, уламоларнинг қўллаб-қувватлашига таянган сулола аъзолари дастлаб подшоҳни сарой тўнтариши билан тахтдан туширдилар. Сўнг унинг ўрнига Файсал Али Абдулазизни қўйдилар. Бундай воқеа Саудия сиёсий тарихида илк марта рўй бераётганди: подшоҳ тўнтариш билан тахтдан ағдарилган ва унинг ўрнига бошқа инсон ўтирганди.
Глобал муаммолар: коронавирус, нефть нархининг қулаши
2020 йил бошидан дунё миқёсида содир бўлаётган баъзи ўзгаришлар мамлакатнинг ички сиёсатида ҳам, минтақавий сиёсатда ҳам Муҳаммад ибн Салмоннинг ҳукмини заифлаштиряпти. Улардан энг муҳими – 2019 йил декабрь ойида Хитойнинг Уҳан шаҳрида пайдо бўлган ва тезда дунёга тарқалган коронавирус таҳдидидир. Дастлаб оддий соғлик муаммоси сифатида қабул қилинган вируснинг тезлик билан тарқалиши ва вафот этганлар сони кун сайин ортиб бориши глобал иқтисодиёт ривожида жиддий ташвишларни келтириб чиқарди.
Айниқса, вируснинг Хитойда, хусусан, дунё иқтисодиёти ва нефтга бўлган талабнинг юраги саналмиш Узоқ Шарқда жуда тез тарқалиши минтақада иқтисодий фаолликнинг сезиларли даражада пасайишига олиб келди. Бу эса ўз навбатида Узоқ Шарқ мамлакатларининг, биринчи навбатда, Хитойнинг нефтга бўлган талабини 20-30 фоизга пасайтириб юборди. Айни пайтда Хитойда нефтга бўлган талаб пасайиши Саудия Арабистонига кўпроқ таъсир кўрсатмоқда, чунки Хитой ўзининг Форс кўрфази минтақаси орқали нефть импортининг ярмини қабул қилади. Устига устак, яқин муддат ичида нефтга бўлган талаб тикланиши ҳам кутилмаяпти.
«Нефть зарбаси» қандай оқибатларга олиб келади?
Минтақадаги иқтисодий пасайиш Саудия Арабистони учун иккита муҳим оқибатларга олиб келди. Нефтга бўлган талабнинг жиддий пасайиши, авваламбор нархлар кескин пасайишига олиб келди. 2020 йил январь ойида тахминан 70 долларни ташкил этган нефть нархи март ойининг биринчи ҳафтасида 60 фоизга тушди ва 30 долларга яқинлашди. Мамлакатнинг даромадининг 90 фоизи нефтга боғлиқлигини ва нефть нархлари 80-90 долларни ташкил этган тақдирдагина мамлакатда иқтисодий барқарорлик таъминланиши мумкинлигини ҳисобга олсак, «нефть зарбаси» мамлакатга чуқур таъсир кўрсатгани ойдинлашади.
Саудия Арабистони жиддий бюджет тақчиллиги билан қийналаётган бир пайтда пайдо бўлган нефть муаммоси мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигига катта таҳдид солмоқда. Масалан, декабрь ойи бошида эълон қилинган бюджет режасига кўра, Саудия Арабистонининг 2020 молиявий йил учун умумий бюджети 1 триллион 20 миллиард риал (272 миллиард доллар) этиб белгиланди. Бу рақам 2019 йил бюджетига нисбатан анча паст, (1 триллион 48 миллиард риал (279,5 миллиард доллар). 2019 йилги мақсадли даромад 917 миллиард риал (244,5 миллиард доллар)ни ташкил этган бўлса, 2020 йил 833 миллиард риал (222,1 миллиард доллар) миқдорида белгиланди. Ушбу рақамларга диққат билан назар ташласак, 2019 йилда Саудия бюджети тақчиллиги 35 миллиард долларни, 2020 йилда эса 50 миллиард долларни ташкил қилган (тахминан 50 фоиз ортиш). Нефть нархлари кескин пасайганини ҳисобга олсак, бюджет тақчиллиги ушбу прогноз қилинган кўрсаткичдан ошиб кетиши кутилмоқда.
Бир қозонда учта калла?!
Иккинчидан, сўнгги воқеалар аввалги пайтларда Саудия Арабистони энг катта фигура бўлган глобал энергия бозорида энди унинг таъсири қолмаганини кўрсатмоқда. Дарҳақиқат, ўтган йили Қатарнинг Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (ОПЕК)дан чиқиши, асосан саудлар назорати остида бўлган ушбу институт кучини зиддиятли ҳолга келтириб қўйди. Айниқса, нефть нархи кескин пасайишига йўл қўймаслик учун ишлаб чиқаришни қисқартириш таклифига Россиянинг қаршилиги саудияликлар сиёсатнинг энг муҳим воситаси бўлган энергия карталарини қўлдан бой берганини англатмоқда. Ҳолбуки, улар ўтмишда нефть нархини истаганча кўтариш, пасайтириш қудратига эга монополларга айланишганди.
Айни дамда АҚШ ва Россия каби йирик ишлаб чиқарувчиларнинг глобал бозордаги мавқейи қиролликнинг ташқи сиёсатда нефть даромадларини камайтириш ва ишлаб чиқариш қисқартирилишини таъминлаш позициясини йўққа чиқармоқда. Ҳозирги глобал энергия бозори тузилмасини диққат билан кўриб чиқиш шуни кўрсатадики, Саудиянинг ишлаб чиқаришни қисқартириш режаси АҚШ ва Россия каби гигантлар томонидан унинг бозордаги улуши қўлга киритилиши билан якунланиши мумкин. Шу боис, ҳафта якунида Россиянинг ОПЕКдан келган ишлаб чиқаришни қисқартириш ҳақидаги талабга рад жавобини бериши ортидан Ар-Риёд маъмурияти нефть қазиб олишни янада кўпайтиришга қарор қилди ва жаҳон нефть бозорида кучли рақобатчиларини йўқ қилиш сиёсатини танлади.
Ҳаж ва Умра туризмининг заифлашуви
Учинчидан, вируслар таҳдиди билан Умра зиёратининг тўхтатилиши ва Масжид ал-Ҳаром ва Масжид-и Набавийнинг эҳтиёткорлик мақсадида вақтинча ёпилиши иқтисодий аҳволни хавф остига қўйиб, қиролликни Ҳаж ва Умра зиёратлари туфайли келадиган йиллик 25-40 миллиард долларлик даромаддан маҳрум қилмоқда. Бу ҳам иқтисодий инқирозни чуқурлаштирувчи таъсирга эга. Ҳаж ва Умра туризми заифлашувининг яна бир сабаби узоқ йиллар давомида Саудия Арабистони подшоҳларининг сиёсий қонунийлик ва раҳбарлик даъвосига асос бўлган «Ҳодимул Ҳаромайн-уш-Шарифайн» (икки муқаддас масжид хизматкори) сифатининг пасайишидир. Бу ҳолат Саудия Арабистонининг ислом дунёсидаги обрўсини пасайтириши мумкин.
Ҳамма-ҳаммаси бир бўлиб...
Муҳаммад бин Салмоннинг ташаббуси билан бошланган Яман урушида пайдо бўлган ботқоқлик, Жамол Қошиқчи жиноятидан сўнг саудияликларнинг халқаро обрўсига етган путур, глобал энергия бозорида рўй бераётган воқеаларнинг иқтисодга етказган зарари, «мўътадил ислом» ва кўнгилочар секторни жонлантириш ғояси билан Саудия уламосининг ҳокимиятга яқинлаштирилмагани, кучли марказий давлатни ўрнатиш фонида қудратли сулола аъзолари сиёсий тизимдан улоқтириб ташланиши – ҳамма-ҳаммаси бир бўлиб Ар-Риёдда оммавий норозилик етилишига сабаб бўлиши мумкин.
Муҳаммад ибн Салмон маъмуриятининг муваффақиятсизликлари эса ушбу норозиликнинг ҳаракатга эврилишини янада осонлаштиради. Сўнгги кунлардаги воқеалар ривожи Муҳаммад ибн Салмоннинг сиёсий доираларнинг кучайиб бораётган норозилигини ва ҳукуматга қарши ҳаракатларини чуқур ҳис қилганини кўрсатмоқда. Зотан, бусиз Саудия давлатининг асосчиси Абдулазизнинг ўғли, сулоланинг энг муҳим фигураси – Аҳмад ибн Абдулазизнинг ҳибсга олинишини тушунтириш мумкин эмас.
Отабек Тиллаев тайёрлади
Мавзуга оид
18:07 / 24.12.2024
Саудия Арабистонидаги кўзгусимон мегашаҳарни роботлар қуради
15:04 / 22.12.2024
Магдебургдаги ярмаркага ҳужум. Ҳозиргача нималар маълум?
23:55 / 03.12.2024
Саудия Арабистони машинистсиз бошқариладиган дунёдаги энг узун метрони ишга туширди
15:20 / 03.12.2024