Мактаб таътили бўйича батафсил изоҳ берилди
16 мартдан Ўзбекистондаги барча умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун таътил эълон қилинди. Бу ҳақда бугун, 15 март куни Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган брифингда Бош вазир Абдулла Арипов маълум қилди.
«Бу бўйича анча олдин иш бошланган. Бу икки хил кўринишда бўлади. Ҳозир таътил. Ҳисоб-китоб қилдик. Ҳар битта синф учун, масалан 5-синф дейлик, ҳар битта мактаб учун 55та электрон кўринишдаги ўқув блоки керак бўларкан.
Ҳозир тайёргарлик бошланган. Рақамли телеканалларимиз кўп. Бундай ўқувлар керак бўлса, телевидениенинг каналлари орқали онлайн режимда амалга оширилади» – дея ҳукумат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Ариповга кўра, ўқув муассасаларидаги таътил 2 ҳафта давом этиши режалаштирилган.
Онлайн дарслар
Халқ таълими вазирлигидан маълум қилишларича, ўқувчилар таътил пайтида билим олишлари учун ЎзМТРК таркибидаги телекомпаниялар билан бирга ўқув дастурларида режалаштирилган дарс машғулотларини телевизион эфирга узатиш учун видеодарслар тасвирга олинади ҳамда эфир вақтлари ажратилади.
Телевизион видеодарс машғулотларини тайёрлаш ва уни тасвирга олиш бўйича соҳа ходимларидан иборат ташкилий-ижодий гуруҳ тузилади.
Видеодарслар Халқ таълими вазирлигининг ижтимоий тармоқларидаги каналлар ва расмий веб-сайтларида, электрон ахборот порталлари (онлайн мактаб) орқали ҳам намойиш этиб борилади.
Шунингдек, комиссиянинг топшириғига кўра, мактабларда тозалик ва дезинфекция тадбирлари кучайтирилади, таълим муассасаларидаги тиббиёт хоналарини зарурий тиббий асбоб-ускуналар, зарарсизлантирувчи воситалар ҳамда дори-дармонлар билан таъминланади.
Ўқитувчилар фаолиятини давом эттиради
ХТВ берган маълумотга кўра, ташкилотлар ва уларнинг ходимлари иш тартибига ҳеч қандай ўзгаришлар киритилмаган.
«Шундан келиб чиқиб, ўқитувчилар ўқувчилар учун эълон қилинган таътил даврида ўз фаолиятларини давом эттирадилар. Бунда ўқитувчилар баҳорги таътил кунларига режалаштирган ишларини амалга ошириб, педагогик юкламалар доирасида фаолият (мисол учун, методологик ва тайёргарлик ишлари) юритишади, ходимларнинг оилавий шароитидан келиб чиқиб, заруриятга кўра педагогик юкламаларини масофавий тарзда бажарилишига имкон берилади.
Эълон қилинган таътил даври учун белгиланган юқоридаги тартиб меҳнатига соатбай ҳақ тўланадиган ходимларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Шу билан бирга, таълим муассасаларининг асосий ходимлари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат қонунчилиги доирасида хоҳиш-истакларига кўра, белгиланган меҳнат таътилининг бир қисмини олишлари мумкин», – деб маълум қилди вазирлик.
Таътилни ўқувчилар қандай ўтказиши керак?
Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази таътилни мазмунли ўтказиш бўйича ота-оналар, ўқувчи ва ўқитувчиларга тавсиялар билан чиқди.
Ўқитувчилар ҳар бир синфда ўтиладиган фанлар бўйича ўзларининг тақвим мавзу режаларини кўриб чиқади ва таътилга қадар ўтилиши керак бўлган янги мавзулар қолган бўлса, уларни ўқувчилар уйларида дарсликлардан мустақил равишда ўрганиб олишлари бўйича тушунтириш берилади.
Ўқувчиларга таътил вақтида:
- математика, физика, кимё каби асосий фанлардан мустақил равишда мисол ва масалалар ечиш;
- ўқиш, одобнома, адабиёт ва тарих фанларидан мавзуларни мустақил равишда ва ота-оналари билан биргаликда ўқиш, мавзулар ҳақида оилада ўзаро суҳбатлашиш ва фикр алмашиш;
- хорижий тиллардан мустақил равишда луғатлар ёдлаш;
- қўшимча равишда бадиий китоблар ўқиш;
- 10-11-синф ўқувчиларига келгусида кирмоқчи бўлган олий ўқув юртининг йўналишига қараб тегишли фанлардан қўшимча тайёрланиш, айниқса барча ОТМларга киришда мажбурий бўлган Ўзбекистон тарихи, математика ва она тили фанларини такрорлаш;
- таълимий электрон ресурслардан (Khan Academy, Edu Market каби ресурслар) кўпроқ ўрганиш тавсия этилади.
Синф раҳбарлари ва фан ўқитувчиларига қўшимча таътил вақтида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан телефон орқали ёки мессенжерлар ёрдамида боғланиш, уларга қўшимча тавсиялар бериб туриш вазифаси юклатилади.
Ўқувчиларни қўшимча таътилга кузатишда уларга доимо соғлом турмуш тарзига ва санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиши, қўлларни тез-тез совунлаб ювиб туриши, имкон даражасида одамлар кўп тўпланган жойларга бормаслик ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилиши тавсия этилади.
Мавзуга оид
15:02 / 25.12.2024
Айрим мактаб ходимларига устамалар тўлаш такомиллаштирилади
12:08 / 21.12.2024
Загребдаги мактабда пичоқли ҳужум: бир бола ҳалок бўлди, яраланганлар бор
19:39 / 19.12.2024
Наманганда мактаб директори хизмат хонасини қиморхонага айлантирди
16:40 / 18.12.2024