Спорт | 18:20 / 15.03.2020
15857
9 дақиқада ўқилади

Янгиланишлар арафасидаги «Бухоро». Бетон устидаги ўйин, ўзбек, қозоқ ва хорват футболидаги маошлар таққоси – Гейнрихнинг дўсти билан суҳбат

​​​​​​​2020 йилги Суперлига иштирокчи жамоаларининг тайёргарлиги, таркибдаги ўзгаришлар, режа ва мақсадлари билан таништиришда давом этамиз.

Kun.uz ва Tribuna.uz сайти мухбирлари бу сафар Бухоро шаҳрида бўлиб, «Бухоро» жамоасининг стадиони ва таркибдаги ўзгаришлари билан танишдик, мураббий ва футболчилар билан суҳбатлашдик.

 Клуб стадиони

Бухоро шаҳри марказидаги «Бухоро» спорт мажмуаси ичидаги стадион 2002 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, арена ўз бағрига 22 700 томошабинни сиғдира олади. Сўнгги йилларда стадион майдонида футболдан ташқари бир қатор спорт турлари бўйича ҳам баҳслар ўтказилгани боис майдон чими аянчли аҳволга келиб қолганди. ПФЛ Суперлига клубларига майдон борасида талабни оширгач, йил бошида «Бухоро» стадиони майдони тўлиқ олиб ташланиб, янгисини парваришлаш бошланган.

Жамоанинг уй стадиони ёзгача тайёр ҳолатга келмаслиги боис, клуб дастлабки икки турни сафарда ўтказди. Биринчи даврадаги уй учрашувлари эса Бухородан 80 километр узоқликда, Муборакдаги «Машъал» клуби стадиони саналмиш Баҳром Вафоев номли ўйингоҳда ўтказилади.

 Таркибда қандай ўзгаришлар қилинди?

Ўтган мавсум якунларига кўра, Суперлигада илиниб қолган «Бухоро» жамоаси таркибида қатор ўзгаришлар кузатилди. Жамоа таркибини Асадбек Собиржонов сингари етакчи футболчиси тарк этиб, «Пахтакор» сафига қайтди. Шунингдек, «Бухоро» Саламат Қутибоев, Муродбек Бобожонов, Раҳимжон Давронов сингари етакчиларини ҳам ўз сафида сақлай олмади.

Натижада бош мураббий Муҳсин Муҳаммадиев таркибга янги легионерларни чақирди. Жумладан, хорватиялик тажрибали ҳужумчи Эдин Юнузович, украиналик Артём Барановскийни таклиф этди, 2019 йилда тўп сурган канадалик Милован Капор ва грузиялик Жаба Липартия билан ҳамкорлик давом эттирилди.

Қолаверса, Зоҳир Пиримов, Жасур Ҳасанов, Жасур Ҳакимов, Азизбек Амонов сингари футболчилар қўшиб олинди.

 «Бухоро»нинг 2020 йил учун янги футболчилари:

Эдин Янузович - 2020, декабрь (Ан-Наср, Уммон)

Артём Барановский - 2020, декабрь (Шахтёр, Қозоғистон)

Азизбек Амонов - 1 йил ижара (Локомотив)

Эргаш Исмоилов - 2020, декабрь (Бунёдкор)

Изатилла Абдуллаев - 2020, декабрь (Сўғдиёна)

Зафар Сафоев - 2020, декабрь (Металлург)

Сардор Қобилжонов - 2020, декабрь (Сурхон)

Суҳроб Неъматов - 2020, декабрь (Сурхон)

Жасур Ҳакимов - 2020, декабрь (АГМК)

Зоҳир Пиримов - 2020, декабрь (АГМК)

Жасур Ҳасанов - 2020, декабрь (Қўқон-1912)

Аброр Хусинов - 2020, декабрь (Андижон)

 Муҳсин Муҳаммадиев: «Бухоро» таркиби 70 фоизга янгиланди»

«Бухоро» стадионининг айни дамдаги ҳолати билан танишгач, биз клуб қароргоҳида бўлиб, бош мураббий ва футболчилар билан суҳбатлашдик. Дастлаб саволларимизга жамоа устози саналмиш тожикистонлик мутахассис Муҳсин Муҳаммадиев жавоб берди.

- Муҳсин Муслимович, мавсумга тайёргарлик қандай кечди?

- Янги мавсумга тайёргарликни 17 декабрдан бошладик. Унда легионерлар иштирок этишмади, биз асосан маҳаллий ёшларни синаб кўрдик. Январь якунида эса ўз сафимизга легионерларни қўшиб олдик. Февралдан эса Тошкентда икки босқичли йиғин ташкил этиб, мавсумга ҳозирландик ҳамда чемпионат ўйинларини бошладик. Афсуски дастлабки икки турда сафарда омадимиз келмади.

- Йиғилган таркибдан қай даража қониқдингиз?

- Ҳеч бир мураббий таркибдан қониқмаса керак. Ҳамма ҳам янада яхшироқ футболчини ўз сафида кўришни истайди. Шунга қарамай, ўзим истаган футболчиларни таклиф этдик.

- Таркибимиз 70 фоизга янгиланди. Афсуски ҳозирги футболда таркибнинг бундай кескин ўзгариши оддий ҳол бўлиб қолди. Аксарият клубларни айтмаса, қарийб барча жамоаларда шундай ҳолат кузатилмоқда. Битта Ўзбекистонда эмас, хориж клубларида ҳам бундай аҳволга гувоҳ бўлиш мумкин.

- Бир йилда таркибнинг кескин ўзгариши нима билан боғлиқ?

- Айтайлик, ўтган мавсумдаги қатор футболчилар бизда ижара асосида тўп суришганди. Бу йил уларни қайтариб олишди. Яна бир сабаби бу футболчилар билан кўп йиллик эмас, бир йилга шартнома тузилиши жамоаларнинг барқарор бўла олмаслигига сабаб бўлади.

- Қайсидир футболчини таклиф этишни истаган, аммо уни жамоангизга таклиф эта олмаслик ҳолати ҳам кузатилдими?

- Албатта. Биз бир қатор футболчилар билан музокара олиб бордик. Афсуски, уларни кўндириш қийин бўлди. Ҳамма футболчи ҳам ўзига яхшироқ шарт-шароитни излайди.

- Шундай футболчилардан бири «Манчестер Сити»нинг собиқ футболчиси эканлиги ростми?

- Йўқ, бу шунчаки гап-сўзлар. «Манчестер Сити» футболчиси қандай қилиб бизга келиши мумкин? Улардаги маошлар билан таққослаб бўлмайди ахир. Биз бундай пулларни тўлай олмаймиз.

- Жамоани тарк этганлар билан клуб хайрлашдими ёки ўзлари кетишдими?

- Уларни олиб қолишга интилдик, аммо иложи бўлмади. Айтайлик, дарвозабон Раҳимжон Давроновни олиб қолмоқчи эдик, у ҳам клубда қолиш тарафдори эди. Аммо «Машъал» билан ҳали шартномаси борлиги учун қайтишга мажбур бўлди. Асадбек Собиржоновни ҳам қолдирмоқчи эдик, бироқ «Пахтакор» ижарадаги футболчиси ўзига кераклигини айтди. Саламат Қутибоевни ҳам қолдирмоқчи бўлдик, бироқ у яхшироқ таклифга эга эканлиги учун «Металлург»ни танлади.

- Сизнингча, жамоа мавсумга қай даража тайёр?

- Ўйлайманки, мавсумга ҳали 85 фоизга тайёрмиз. Жамоа чемпионатдаги дастлабки ўйинлардан кейин мавсумга тўлиқ тайёр ҳолга келади.  

 «Бетон устида тўп суришимизга тўғри келди»

Мураббийнинг фикри билан танишгач, жамоанинг етакчи футболчилари фикри билан ҳам қизиқдик.

Зоҳир Пиримов («Бухоро» яримҳимоячиси):

- ОКМК жамоасини тарк этгач, «Бухоро» клуби мураббийлар штаби таклифига кўра жамоанинг Тошкентдаги йиғинига келиб қўшилгандим. Мавсум олди тайёргарликдан кейин клуб билан шартнома имзоладим. Мавсумга яхши тайёргарлик кўрдик деб ўйлайман.

Олмалиқ клубини тарк этишдан аввал бош мураббий Миржалол ака Қосимов билан гаплашдим. Менга кўпроқ ўйин амалиёти зарурлиги учун «Бухоро»га ўтдим. Бу клубда 2017 йилги мавсумда тўп сурганим боис, жамоага киришиб кетишим қийин бўлмади. Яхлит жамоага айлана олсак, яхши натижага эриша оламиз.

Янги мавсум олдидан жамоамиз олдига гранд клубларга қарши муносиб қаршилик кўрсата оладиган рақобатбардош клуб шакллантириш вазифаси қўйилган.

Бош мураббий Муҳсин Муҳаммадиев билан ишлаш мароқли. Яхши мутахассис деб биламан. Ўз вақтида машҳур футболчи бўлгани боис ўйинчилар билан жуда яхши келишади, муомаласи ҳам яхши мураббий. Футболда кўп ютуқларга эриша олган. Билим ва маҳоратини доим улашишга, ёрдам беришга интилади. Инсон сифатида ҳам ҳурматга сазовор шахс.

 Эден Юнузович («Бухоро» ҳужумчиси):

- «Бухоро» жамоасига келиб қўшилганимдан хурсандман. Клубга бош мураббий Муҳсин Муслимович таклиф этди. Бунгача Муҳаммадиев қўл остида у Қозоғистоннинг «Ордабаси» клубини бошқарган пайтда тўп сурган ва тўпурар бўлгандим. Шу боис бу сафар ҳам бирга ишлашга чақиргач, лаббай деб жавоб бериб келдим.

Ўзбекистон Суперлигаси анча қийин ва техникага эътибор бериладиган лига саналади. Ўйлайманки, мавсум давомида биз яхши ўйинларимиз билан мухлисларни хурсанд эта оламиз. Янги мавсум олдидан бош мураббий ва раҳбарият имконқадар яхши шароитларда тайёргарлик кўришимиз учун ҳаракат қилишди. Аммо қишда ёмон аҳволдаги майдонларда тайёргарлик кўрдик. Бир кун сунъий қопламада ўйнаган бўлсак, кейин йўлакчада тайёргарлик кўрдик. Назорат ўйинида ҳам бетон устида тўп суришимизга тўғри келди, дейиш мумкин. Бухорода ҳам машғулот учун қарийб бир соатлик йўлга бориб, тайёргарлик кўряпмиз. Шунга қарамай, клуб раҳбарлари яхши шароитларни яратишга интилишмоқда. Бундай муаммолар ҳам жамоага таъсир қилса-да, тез орада ўз ўйинимизни топишимизга ишонаман.

Ўзбекистонга келмасимдан аввал Чимкентнинг «Ордабаси» клубида ҳамюртингиз, дўстим Александр Гейнрих билан бирга тўп сургандим. Қолаверса, ҳамюртим Ивор Вайцер Бухорода тўп сурган. У ҳам менга маълумот берганди.

Хорватия ва Ўзбекистондаги футболчилар маошларини таққосласак? Хорватиянинг ўртамиёна клублари билан таққосласак ҳам бизда кўпроқ, ўзбек клубларида эса маош пастроқ.

Ўзбекистон Суперлигасидаги маошларни Қозоғистон клуби билан таққосласак? Қозоқ клубларининг бюджети каттароқ, шу боис Ўзбекистоннинг ўртамиёна клубларидан кўра у ерда футболчиларга кўпроқ маош берилади, - дейди «Бухоро»нинг хорватиялик ҳужумчиси Эдин Юнузович.

 Бухородаги сафаримиз давомида шаҳардаги марказий стадион майдони ниҳоят тўлиқ янгиланаётгани, клуб қароргоҳида вилоятнинг эндиликдаги собиқ ҳокими Ўктам Барноев ташаббуси билан улкан ҳажмдаги ишлар қилинганлигига гувоҳ бўлдик. Ўйлаймизки, жамоа ҳам янги мавсумда минглаб мухлислари кутаётган дамларни тақдим эта олади. Бу борада уларга омад тилаб қоламиз.

Усмон Ибодов, Ғайрат Йўлдош,
Тасвирчи Фахриддин Хотамов.

Мавзуга оид