Ўзбекистон | 17:15 / 16.03.2020
43398
5 дақиқада ўқилади

Korzinka ва Makro раҳбарлари – коронавирус таъсири, захиралар ва нархлар ҳақида

Ўтган ҳафта охирида Ўзбекистонда коронавирусга чалинган дастлабки беморлар аниқлангач, Тошкент шаҳрида бирламчи товарларга нисбатан талаб ошди: 15 март куни тушдан кейин супермаркетларда одатдагидан кўпроқ харидорлар кузатилди.

Kun.uz мухбирлари аҳолида туғилган саволларга жавоб олиш ва вазиятга аниқлик киритиш учун пойтахтдаги икки энг йирик чакана савдо тармоқлари – Korzinka ва Makro раҳбарлари билан суҳбатлашди.

Зафар Ҳошимов: «Маҳсулотлар етишмовчилиги ёки дўконлар ёпилиб қолишидан хавотир олишга асос йўқ»

«Харидорлар бироз кўпайиб, навбатлар пайдо бўлгани рост. Лекин ҳамма маҳсулотлар етарли. Навбатда турганларнинг кўпи билан гаплашиб, нима сабабдан бунақа кўп маҳсулот оляпсиз, дея сўрадим. Улар кўп одам йиғиладиган жойлар ёпилади, дейилгани учун, бозор ва дўконлар ҳам ёпилади, деб тушунишган.

Одамлар дўкон ва бозорлар ёпилиб қолиши эҳтимолини ўйлаб, узоқ вақт сақласа бўладиган шакар, ун, гуруч, гречка, макарон, ёғ, консерва маҳсулотлари, ҳар хил дезинфекция воситалари, совун кўп харид қилишди», – дейди Зафар Ҳошимов.

Тадбиркорнинг маълум қилишича, у раҳбарлик қилаётган супермаркетлар тармоғи сўнгги ҳафталар давомида маҳсулотлар захирасини бир неча баробарга кўпайтирган.

«Шунинг учун ҳеч қанақа ваҳимага ўрин йўқ. Мамлакатимиз карантинга ёпилган бўлса ҳам, маҳсулотлар келишига ҳеч қандай тўсиқ йўқ. На маҳсулотлар етишмовчилигидан ва на дўконлар ёпилиб қолишидан хавфсирашга ўрин йўқ», – дейди у.

Талабнинг ошгани маҳсулот нархига таъсир этмайдими, деган саволга жавобан Ҳошимов шунга яраша таклиф ҳам етарли эканини айтди.

«Таклиф борасида ҳеч қанақа муаммо йўқ. Талаб етарли даражада қондириляпти. Бугунги кундаги ҳолат ва захираларимиздан келиб чиқиб, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи шу кунларда кескин ошиши имконсиз, деб ҳисоблайман», – деди Зафар Ҳошимов.

Роман Сайфулин: «Яқин орада бирламчи истеъмол товарлари танқислиги юз бериши эҳтимоли йўқ»

«Makro» супермаркетлар тармоғи раҳбари Роман Сайфулин тармоқнинг барча супермаркетлари одатдаги режимда ишлаётганини маълум қилди.

«Иш режимини ўзгартиришга зарурат йўқ. Товарлар барча дўконларимизга сутка давомида етказиб бериляпти.

15 март куни тушдан кейин баъзи маҳсулотлар – ун, ўсимлик ёғи, шакар, гречка, ҳожатхона қоғози, антибактериал совун, санитайзерларга талаб ошди.

Шуни ҳам айтиб ўтишни хоҳлардимки, бизда энг муҳим маҳсулотлар захираси бор. Масалан, ўсимлик ёғи.

Мисол учун, басмати навли гуруч келишида муаммо рўй берган тақдирда ҳам, бизда аланга ёки лазер каби гуруч навлари бор. Мамлакатимиз ўз-ўзини озиқ-овқат маҳсулотлари билан етарли даражада таъминлай олади.

Яқин орада бирламчи истеъмол товарлари етишмовчилиги юз бериши эҳтимоли йўқ. Чунки, масалан, Италиядан келтирилган макаронлар қаторида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг макарон маҳсулотлари ҳам бор.

Таъкидлашим керак, бизда «fresh» ва «ultra fresh» категориясидаги товарларнинг 90 фоизини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар етказиб беради», – деди Роман Сайфулин.

Тадбиркор биз билан суҳбатда маълум қилганидек, 16 мартдан бошлаб Makro тармоғидаги барча супермаркетларда уч қаватли тиббий ниқоблар ва санитайзерлар сотила бошланди.

«Имкониятдан фойдаланиб, шаҳар аҳолисига мурожаат қилмоқчиман. Барча супермаркетларимиз одатий режимда ишлашда давом этяпти. Сотувдаги товарлар номенклатурасида қисқариш бўлгани йўқ. Уйингиздаги музлаткич ва полкаларни ҳаддан ортиқ тўлдириб юборманг, ахир айниб қолиши мумкин», – дея ҳазил аралаш сўзини якунлади Роман Сайфулин.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, коронавирус кириб келиши билан боғлиқ равишда юзага келган ваҳималар асоссиз – бозорлар ва дўконлар ёпилмайди, маҳсулотлар импортига чеклов йўқ, етарлича захира базаси мавжуд.

Мавзуга оид