Ўзбекистон | 00:03 / 18.03.2020
24174
4 дақиқада ўқилади

Депутатлар ҳукуматдан шифокорларнинг ойлигини оширишни сўрашди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Шуҳрат Полвонов ҳамда Гулбаҳор Саидғаниева ҳукуматдан тиббиёт ходимларининг ойлигини оширишни, иш ҳақи миқдорларини қайта кўриб чиқишни сўрашмоқда.

“Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, уларни моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тизимини қайта кўриб чиқиш керак. Тиббиёт ходими бажараётган ишларнинг мураккаблиги, иш ҳажми ҳамда кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатига қараб уларга ойлик тўланиши, қолаверса, иш ҳақи миқдори сезиларли даражада оширилиши зарур.

“Адолат” партияси ўзининг сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳотлар қилиш ва шифокор мақомини оширишга катта ўрин ажратган эди. Биз сайловчиларга берган ваъдамизни бажаришга ҳаракат қиляпмиз.

Тиббиёт соҳасида штатларнинг қисқариб кетиши кимга керак бўлган эди? Қайси сайлов округига борсак, бизга тиббий хизматни яхшилаб беринг, бизга тиббиёт пункти очиб беринг, бизга шифокор етишмаяпти деган мурожаатлар бўлади. Афсуски, бу каби мурожаатларни шу пайтгача ҳеч ким эшитишни истамади.

Шундан келиб чиққан ҳолда тиббиёт ходимларига республика, вилоят, шаҳар-туман даражасида барча шароитлар тенг яратилиши, соҳадаги барча ходимларнинг ойлик маошлари оширилиши зарур деб ҳисоблаймиз. Ҳукумат таклифимизни кўриб чиқиб, ижобий қарор қабул қилади деб ишонамиз”, деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Полвонов Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Шуҳрат Полвонов

Депутатлар айни пайтда дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам кузатилаётган эпимидиологик вазиятга ҳам эътибор қаратишиб, мазкур жараёнда тиббиёт ходимларининг ўрни юқори эканини таъкидлашди. Уларга кўра, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб зиммасидаги бурчини бажараётган шифокорлар меҳнати муносиб қадрланиши керак.

“Коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича ҳукумат томонидан олиб борилаётган ишларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Халқимиз ҳам бу чораларни тўғри тушуниб қабул қилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг аксарият қисми ўз сайлов округларига бирламчи тиббиёт муассасаларига амалий ёрдам бериш учун чиқиб кетишди. Тиббиёт ходимларини нималар қийнаяпти, эпидемия тарқалмаслиги учун 24 соат ишлаши керак бўлаётган тиббиёт ходимлари учун шароитлар тайёрми, биноларнинг аҳволи қандай, дори-дармон воситалари, тиббиёт анжомлари шайми, бюджетдан ажратилган пуллар ўз ўрнига сарф бўлганми, буларни ўрганиш ва жойига қўйиш учун бугун парламент ва депутатлик назорати жуда муҳим.

Юқумли касалликлар билан боғлиқ бўлимларда фаолият олиб борадиган врачлар, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари, беморларга хизмат кўрсатувчи барча касблардаги ходимлар учун янаям алоҳида шартларда ойлик маошлари оширилиши бугунги кун талабидир. мамлакатимиздаги ҳозирги вазиятни ҳисобга олиб, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб эл хизматида бўлаётган шифокор меҳнатини қадрлаш бўйича зудлик билан аниқ тадбирлар амалга оширилиши керак”, дейди қуйи палатанинг инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Гулбаҳор Саидғаниева.

Гулбаҳор Саидғаниева Фото: Daryo

Депутатларнинг эътироф этишича, фақатгина ойлик маошларни ошириш билан муаммо ўз ечимини топиб қолмайди, балки тиббиёт ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, касб даражаси ва малакасини узлуксиз ошириб боришлари учун рағбатлантирувчи тизимни янада такомиллаштириш ҳам жамият олдида турган асосий вазифалар ҳисобланади.

Мавзуга оид