Ҳунар – ҳунардан унар! Ишини гаражда бошлаган ўзбек косиби ҳикояси
Отам ҳунарни ўргатмоқчи бўлганида хоҳламаган вақтларим бўлган. Дангасалик қилиб, у-бу ишларни бажармаганман. Қийинчилик, тушкунликка тушганда биринчи навбатда сабр қилиш керак бўлади. Тушкунликка тушиб, ўзига зиён етказиш иродасиз инсонлар иши, деб ўйлайман. Қийинчиликка дучор бўлган инсон, биринчи навбатда ўз устида ишлашни билиши лозим.
Ота касби — давлат касби, деб бежиз айтилмаган. Ҳунар ортидан обрў-эътибор қозонган, оиласини ҳалолдан боқаётган, турли самараларга эришаётганлар кўп топилади. Бироқ, афсуски, ёшларни ҳунарли қилиш, улар орасида ўз ишининг усталари бўлишга қизиқиш сусайиб бораётгандек.
Kun.uz мухбири Россияга сафар давомида ҳунари ортидан ўз бизнесини гаражда бошлаган ўзбекистонлик билан учрашди.
Миразиз Мирсаидов Eastline Garage фирмасининг ҳаммуассиси ҳисобланади, у бизнес шериги билан Москвада тюнинг ателье очган ва муваффақиятли фаолият кўрсатиб келмоқда. У ўз тажрибаси ва малакаси билан ўртоқлашди.
— Москвага 2008 йилда ўқиш ниятида келганман. Рус мактабида ўқиганим учун олий ўқув юртига кириш мақсадида келдим, биринчи йил кира олмадим. Ўзбекистонга қайтиб кетдим. 2010 йилда қайтиб келдим ва чет тилларига қизиқиш борлиги боис, инглиз тилини ўрганишни бошладим ҳамда Россия давлат Туризм ва сервис университетига киришга тайёргарлик кўра бошладим.
— Миразиз, автотюнинг соҳасига қандай кириб келдингиз? Бу соҳанинг ҳам ўзига хос сир-синоатлари бор.
— Болалигимдан автомобилларнинг ҳар хил турларига қизиқаман. Россиянинг MTV телеканалида «Тачку на прокачку» кўрсатуви бўларди. Унда, машина келади, унинг салонини ўзгартиришарди, техник кўрсаткичларини ўзгартиришади, мотор ва бошқа бутловчи қисмларини ўзгартиришади. Менда ҳам шунга қизиқиш бўлган.
Айнан, автоателье очишга келганимнинг сабаби – бу соҳа, яъни тери, чарм билан ишлаш ота-бобомдан мерос десам ҳам бўлаверади. Бобом Асака шаҳрида пойабзал устаси бўлган, ундан отамга ўтган. Отамдан мен ўрганганман. Мен учинчи-тўртинчи авлод косибман. Дадамнинг пойабзал ишлаб чиқиш цехи бўларди ёшлигимизда. Ҳаммасини кўриб катта бўлдим. Чарм билан ишлашга қизиқишим шундан бошланган десам ҳам бўлади.
2013 йил Москвага ўқишга кириш ниятида қайтиб келдим. Орада шеригим Тимур билан танишиб қолдим. Мен чарм билан қандай ишлаш технологиясини, тикув усулларини биламан. Унда ҳам автоателье очиш ғояси бўлган. Автомобиль салонлари учун материал сотган. Аммо ҳунарманд шериги бўлмагани учун ғоясини амалга ошира олмаган, буюртмаларни эса бошқа ательеларга йўналтиришга мажбур бўлган.
Университетдаги ўртоқларим орқали у билан танишиб қолганман. Иш излаб юрган вақтим эди. Тимурнинг ғояси борлигини эшитиб, унга қўнғироқ қилдим, гаплашиб олдик. У ғоясини билдирган. Пойабзал устаси бўлган чарм косиби бошқа жиҳатларни тушунади, деб ўйлайман.
— Келинг, бу ишни бошламасдан аввал Москвада ўтказган кунларингизга тўхталсак. Қийинчиликлар...
— Қийинчиликлар бўлган. 2008 йилда илк кез келганимда. 17 ёшда эдим ўшанда. Ўзбекистонда рус синфда ўқиганим фойда берган. Тил бўйича муаммо бўлмаган. Лекин ёт маданият, бегона давлат, яшаш тизими умуман бошқача эди. Биринчи йилдаги мослашув қийин бўлган мен учун, чунки оила аъзоларининг барчаси Ўзбекистонда, мен ўзим Москвада. Бу ердагиларнинг барчаси бегона, Ўзбекистондаги ҳаётга, маҳалла, дўстларга ўрганиб катта бўлганмиз. Ўзбекона илтифотни кўрмаганман. Бу ерда ҳеч ким сизга ёрдам бермайди. Нима қилишингизни аниқ билишингиз керак Москвада. Бу ерга келиб иш топиб оламан, деб ўйлашнинг ўзи нотўғри. Бораман, иш бир гап бўлар, деб келадиганлар ҳам бўлади.
— Мусофир юртда, энг тушкун кайфиятга тушиб қолган пайтларингиз ҳам бўлганми?
— Орада, иш тополмай қолган чоғимда бўлган бўлиши мумкин. Масалан, вақтинча ишда ишлаган вақтларим, таржималар бюросида ишлаган пайтларим бўлган. Ўзим ҳам бу ерда фақат инвестиция қилибгина натижага эришиш мумкин, деган хаёлда бўлганман. Аммо, вақт ўтиб, ўз соҳангизнинг устаси бўлсангиз, барча нарсага эришса бўларкан.
— Асосан, нима иш қиласизлар? Озгина изоҳ берсангиз.
— Бизнинг ателье асосан автомобиль салонларини қайта тикиш билан, русча айтганда «перетяжка» билан шуғулланади. Ишни шундан бошлаганмиз. Салондаги барча нарсалар, торпедо бўладими, ўриндиқлар ёки эшик деталларими, ҳаммасини қайта қоплаймиз. Масалан, мижоз янги автомобиль харид қилган тақдирда ҳам, салони унинг дидига мос келмайди.
Шу боис, улар бизга ўхшаган ательеларга мурожаат қилади. Салон бўйича катта уста ўзимман. Чунки, илк икки йил 3га 6 гаражимиз бўларди. Мен, Тимур ва компьютер бўйича бир шеригимиз бўларди, шу учовимиз ишлаганмиз. Интернетда ўтириб ўргандим, тажриба оширдим. Ҳозирда бу соҳа бўйича барчасини биламан.
Ўзимга ишонч ҳосил бўлгандан сўнг, шогирд олиб ишни кенгайтиришга қарор қилдик. Бугунги кунда жамоамизда 7 киши ишлаяпмиз. 10 кишидан 3 нафари ўз ательеларини очишга муваффақ бўлишди.
У ўз ҳамкорлари Тимур ва Лев билан таништирди.
—Тимур, сиз ҳам айтиб берингчи, барчаси қандай бошланганди?
— Бу ишни бошлаганимизга анча бўлди, барчасини ҳам хотирлай олмайман. Аммо, айта оламанки, дастлаб биз материаллар билан шуғулландик ва алкантра ҳамда чарм сотдик. Кейинчалик ишимизни ривожлантиришни режа қилдик. Шу босқичда Азиз билан танишдик ва ательемизда салонларни тикишни бошладик. Янги-янги марраларни забт эта бошладик.
— Лев сиз нима билан шуғулланасиз?
— Мен мижозларни жалб қилиш билан шуғулланаман. Шу билан бирга, биз Тимур иккимиз бошқалар ишсиз қолмаслиги ҳақида бош қотирамиз. Материаллар ва табиийки, дизайн билан ҳам.
— Мижозларингиз ишларингиздан қониқиш ҳосил қилмоқдами?
— Улар ишимиздан қаноат ҳосил қилаётганларини интернетда қолдирилаётган фикрларидан ҳам билса бўлади. Қолаверса, мижознинг орадан вақт ўтиб, такроран мурожаат қилиши, дўстларига тавсия қилиши бизнинг ишимиз сифатига берилган холис баҳо деб ўйлаймиз.
Азиз билан бирга кўп босқичлардан ўтдик. Ҳар хил ҳолатлар, тортишиб қолган вақтларимиз ҳам бўлди. Аммо, барча масалани биргаликда ҳал қиламиз. Жамоамиз жиддий йигитлардан ташкил топган.
— Ишни гараждан бошлаган экансизлар. Худди Стив Жобс каби. Фаолиятнгизни кенгайтириб, бошқа давлатларда ҳам шохобчаларни ҳам очишни режа қиляпсизларми?
— Келгусида шундай ғоя режалаштирилган. Бироқ, ҳозирча, сир. Музокаралар олиб бормоқдамиз.
Шериклар билан мулоқотимизни тугатгач, Мирзазизнинг ўзини яна суҳбатга тортдик. Ҳаётда айрим инсонларнинг тушкунлик натижасида турли ишларга қўл уриши, ҳунар ўрганишнинг аҳамиятига доир фикрларини сўрадик.
— Сўнгги вақтларда эшитиб қоляпмиз, ёшлар орасида иши юришмаса, тушкунликка тушганидан, умидсиз бўлганидан ўзларига тан жароҳати етказиш ёхуд оғирроқ оқибатларга қасд қилиш ҳоллари учраб турибди. Тушкунликка, тушиб, келажакка йўл ёпиқдек туюлган вақтларда инсон нима қилиши керак, қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?
— Бунақа ҳолатларда инсон ўзининг келажаги ҳақида ўйлаш керак. Ҳам у дунё ҳам бу дунёдаги роҳатни ўйлаш керак. Қийинчиликка дуч келганда тушкунликка тушиш иродасиз инсонларда бўлади. Барчамиз инсонмиз, ҳаммада ҳар хил вазиятлар бўлади. Ҳар қандай миллионер ёки миллиардерлар ҳам шундай туғилмаган.
Тушкунликка тушган инсон ўз устида ишлашни билиши керак. У ҳаётида ўзи хоҳлаган нарсалар бўлмаётганининг сабабини билиши лозим. Масалан, ҳаётдан ўзига керакли нарсани қайтариб олиш учун ўзи бирор нарса беролмаётгандир. Тил бўйича десак, уни етарли ўрганмагандир. Ёки бошқа бирор соҳани эгаллаган бўлса-да, унинг устаси бўлмагандир, етарлича билими ва малакаси йўқдир.
Сабр биринчи ўринда ва ўз устида ишлашдан тўхтамаслик. Аллоҳ таоло ҳам бир тушкунлик ортидан бир яхшилик беради. Қуръон оятларида келган. Тўғри фикрлаб, иродасизлик қилмасдан ҳаракат қилиш даркор.
Инсон ўзининг қизиқишини, ҳунар бўладими, касбми, ҳоббисини топа олиши лозим. Мен учун ушбу ательеда ишлаш ҳобби. Мен ҳеч қачон ишимдан руҳан ёки психологик чарчамайман. Жисмоний чарчоқ бўлади, лекин касбимдан, бир ишни қайта ва қайта қилаётганим учун зерикканим йўқ. Мижоз истаган нарсани қилиб бера олдим, қолган нарса ўзи келди менга.
— Ёшлар орасида ҳунар ўрганишга негадир қизиқиш йўқ. Бирданига дастурчи бўлиб қолгиси, ёки бирор офисда курсини эгаллаб, амалдор бўлиб қолгиси келади. Ёшликда отангиз шу ҳунарни ўргатаётган вақтда ёқмагандир, ҳозир шу ҳунар қўл келди, қандай хулосага келяпсиз?
— Хулосам, албатта, мингдан-минг миннатдорман отамдан шу ҳунарни ўргатганлари учун. Ҳа, ёшлик қилиб, дангасалик билан уни қилмайман, буни қилмайман, деб юрган бўлишим мумкин, аммо йиллар ўтиб, отам ўргатган тажрибаларни Москвада рус шерикларим билан автоателье очиб, қўллаб келмоқдаман.
Нимага ҳунар ўрганиш керак, ўқишдан ташқари? Менимча, диққатни фақат ўқишга қаратиш керак эмас, агар инсон ўзи қизиққан ҳунарни топа олса ва ўрганса, ўқиш берган нарсадан кўпроқ нарсага эга бўлиши мумкин. Ўзимдан мисол келтиришим мумкин, ўқидим ҳам, лекин диплом керак ҳам бўлмади, ҳунар эса, қаерга ёки қайси давлатга боришингиздан қатъи назар сиз билан бирга.
P.S.: Умуман, автоателье салонларни тикишдан ташқари, автомобилларга турли хизматларни кўрсатади. Хусусан, мижоз буюртмасига кўра, кузов ишлари, шу жумладан, полировка, керамика билан ҳимоялаш ишлари бажарилади.