Иқтисодиёт | 22:53 / 19.03.2020
57509
8 дақиқада ўқилади

Нефть «сув текин» бўлмоқда. Худди 1986 йилдаги каби...

18 март куни ўтказилган биржа савдоларида Brent маркали нефть нархи 1 баррель учун 25 доллардан ҳам тушиб кетди. Бу сўнгги 20 йилдаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Бу кетишда нефть нархи 20 доллардан ҳам арзонлашиши мумкин.

Фото: Finance

Brent - жаҳон бозорида сотилаётган икки хил нефть туридан бири. Бу ном Шимолий денгиздаги Broom, Rannoch, Etive, Ness ва Tarbert нефть конларининг номидаги бош ҳарфлардан ташкил топган қисқартма.

WTIжаҳон бозорида сотилаётган нефтнинг иккинчи тури. Бу West Texas Intermediate сўзларидан олинган қисқартма. Номидан кўриниб турибдики, бундай турдаги нефть илк марта АҚШнинг Техас штатида қазиб олинган. WTI туридаги нефть асосан бензин олиш учун ишлатилади.

Келинг, аввало дунёдаги энг катта нефть захирасига эга ва энг кўп нефть экспорт қилувчи давлатлар рўйхатига назар ташлаймиз.

Нефть захираси энг кўп мамлакатлар (2018 йил маълумотларига кўра):

1. Венесуэла – 300,3 миллиард баррель;

2. Саудия Арабистони – 297,7 миллиард баррель;

3. Канада – 167,8 миллиард баррель;

4. Эрон – 155,6 миллиард баррель;

5. Ироқ – 147,2 миллиард баррель;

6. Россия – 106,2 миллиард баррель;

7. Кувайт – 101,5 миллиард баррель;

8. БАА – 97,8 миллиард баррель;

9. АҚШ – 61,2 миллиард баррель;

10. Ливия – 48,4 миллиард баррель;

...

12. Қозоғистон – 30 миллиард баррель;

19. Озарбойжон – 7 миллиард баррель.

Дунё нефть захирасининг минтақалар бўйича тақсими:

1. Форс кўрфази 48.3 фоиз;

2. Марказий ва Жанубий Америка 18.8 фоиз;

3. Шимолий Америка 13.7 фоиз;

4. Россия ва МДҲ давлатлари 8.4 фоиз;

5. Африка 7.2 фоиз;

6. Осиё ва Тинч океани минтақаси 2.8 фоиз;

7. Европа 0.8 фоиз.

Манба: BP Plc, BP Statistical Review of World Energy 2019.

Йиллик энг кўп нефть қазиб оладиган давлатлар рейтинги (2018 йил):

1. АҚШ – 571 миллион тонна;

2. Саудия Арабистони – 561 миллион тонна;

3. Россия 554 – миллион тонна;

4. Канада – 235 миллион тонна;

5. Эрон – 234 миллион тонна;

6. Ироқ – 221 миллион тонна;

7. Хитой – 190 миллион тонна;

8. БАА – 175 миллион тонна;

9. Кувайт – 145 миллион тонна;

10. Венесуэла – 109 миллион тонна.

OPEC

Дунё нефтини ҳеч бир давлат назорат қила олмайди. Табиийки, назорат бўлмаган хомашё нархи кўтарилиб кетаверади. Айнан кутилмаган нарх ўзгаришларининг қайсидир маънода олдини олиш мақсадида OPEC ташкилоти тузилган.

Нефть қазиб олувчи давлатларнинг бир қисми нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти OPEC (The Organization of the Petroleum Exporting Countries)га аъзо. Улар Жазоир, Ангола, Венесуэла, Габон, Ироқ, Эрон, Конго, Кувайт, Ливия, БАА, Нигерия, Саудия Арабистони ва Экваториал Гвинея. МДҲ ҳудудидаги Россия, Қозоғистон ва Озарбойжон гарчи нефть қазиб олувчи давлатлар орасида етакчи ўринларда бўлса ҳам, бу ташкилотга аъзо бўлишни хоҳламаган. Шунингдек, бу ташкилотга икки иқтисодий гигант Хитой ва АҚШ ҳам аъзо эмас. Ташкилот штаб-квартираси Австрия пойтахти Вена шаҳрида жойлашган. Бугун дунё нефть захирасининг учдан икки қисми, уни қазиб олиш ва сотишнинг 33 фоизи айнан OPEC мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади.

OPEC 1960 йил 10-14 сентябрда Боғдодда бўлиб ўтган конференциясида Эрон, Ироқ, Кувайт, Саудия Арабистони ва Венесуэла вакиллари томонидан тузилган. Бошқа аъзолар кейинчалик қўшилган. Ташкилот штаб-квартираси 1965 йилда Швейцариянинг Женева шаҳридан Венага кўчган.

OPEC’га аъзо давлатлар ҳар доим жаҳонда юз берадиган воқеа-ҳодисалар туфайли маслаҳатлашиб нефть қазиб чиқаришни кўпайтириш ёки камайтириш ҳақида қарор қабул қилади. Нефть нархи қимматлашганда қазиб олишни кўпайтиради, арзонлашганда эса аксинча камайтиради. Шу йўл билан нефть нархини маълум даражада назорат қилади.

Айрим вақтларда ташкилотга аъзо давлатлар орасида ҳам нефть қазиб олишни кўпайтириш ёки камайтириш бўйича келишмовчилик бўлиб туради. Шунингдек, OPEC ташкилотга аъзо бўлмаган бошқа давлатлар билан ҳам нефть қазиб олиш ҳажми бўйича музокарага киришади.

Бундай музокаралар доим ҳам келишув билан тугамайди. Масалан, жорий йилнинг 6 март куни Венада OPEC ва унга аъзо бўлмаган давлатлар ўртасида нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш бўйича музокаралар ўтказилди. Унда ташкилотга аъзо бўлмаган Россия OPEC вакили Саудия Арабистонининг жаҳон бозорида нефть нархи тушиб кетаётгани сабаб уни қазиб олишни камайтириш ҳақидаги таклифига кўнмади ва музокаралар натижасиз якунланди.

Россия билан келиша олмагач, Саудия Арабистони нефть қазиб олиш ҳажмини 2020 йилга белгиланган режадан 26 фоизга оширди ва бу жаҳон бозорида нефть нархининг кескин пасайишига сабаб бўлди. Ҳозирда Brent туридаги нефтнинг бир баррели 25-26 доллар атрофида баҳоланмоқда. Таққослаш учун, Саудия билан муваффақиятсиз музокаралардан олдин нарх 45-49 доллар атрофида эди.

Нефть нархи тушиб кетишидан ким кўпроқ зарар кўради?

Нефть қазиб олувчи ва уни экспорт қилувчилар қаторига ривожланган, ривожланаётган, ҳатто қолоқ давлатлар ҳам бор. Албатта, нефть нархининг кескин тушиб кетиши ҳаммага таъсир қилади, лекин иқтисодиёти «нефтга қараб қолган» давлатларда зарар сезиларли бўлади. Масалан, нефть нархи арзонлаб кетиши Форс кўрфазидаги давлатлар, АҚШ, Канада каби давлатларга кескин таъсир кўрсатмаса, Россия, Венесуэла, Эрон ва Қозоғистон каби давлатлар иқтисодиёти жиддий зарар кўради.

Сўнгги бир неча ҳафта мобайнида жаҳон бозорида нефть нархи кескин пастлаши Россия ва Қозоғистонда бу миллий валюталар кескин қадрсизланишига, нефть соҳасида фаолият юритадиган компанияларнинг қимматли қоғозлари нархи тушиб кетишига сабаб бўлди. Мисол учун, Россияда 65-67 рубль атрофида тебраниб турган доллар курси нефть арзонлаши фонида 82 рублгача кўтарилди.

Иқтисодчиларнинг тахминича, агар нефть нархи 20 долларга тушиб, шу ҳолатда бироз сақланиб турса, Россияда доллар курси 100 рублдан ошиб кетиши ҳам мумкин. Ён қўшнимиз Қозоғистонда ҳам бу борада аҳвол чатоқ. Бу давлатда йил бошида 1 доллар 360-370 тенге атрофида эди, нефть арзонлаб кетиши ортидан 19 март ҳолатида 1 доллар 446,41 тенгени ташкил этмоқда.

Тарих сўзлаганда: СССРни нефть нархи пасайиши қулатганмиди?

Бугун Россия фойдаланаётган нефть конларидан ўз вақтида дунёнинг иккинчи қутби мақомида бўлган СССР ҳам фойдаланган. Тарихдан маълумки, 1979 йилда СССР Афғонистонга қўшин киритганидан сўнг АҚШ бошлиқ Ғарб давлатлари СССРга қарши иқтисодий санкциялар жорий қилади. Бунинг ортидан СССР Ғарбга нефть сотолмай қолади. Ғарб давлатлари нефтни бошқалардан олгани етмагандай, қазиб олувчи давлатлардан «қора олтин» қазиб олишни кўпайтиришни сўрайди.

Оқибатда 1979-1980 йилларгача 1 баррель нефтнинг нархи 36-40 доллар бўлиб турган ҳолда 1982 йилга келиб аввалига 30 долларга, сўнг ундан ҳам пастга тушади. 1986 йилга келиб Саудия Арабистони OPEC’га аъзо давлатларнинг кунлик нефть қазиб олишни камайтиришни таклиф қилади, аммо қолган давлатлар қазиб олишни кўпайтириш керак деб туриб олишади. Бу қарорга норозилик сифатида Саудия кунлик нефть қазиб олиш ҳажмини кескин оширади ва жаҳон бозорида 1 баррель нефтнинг нархи 10 (!) долларгача тушиб кетади.

Нефть нархининг бундай пастлаб кетиши СССР иқтисодига ҳар куни миллионлаб доллар зарар келтира бошлайди. Оқибатда иқтисодиёт орқага кетади ва аксарият йирик қурилишлар тўхтатилади. Мамлакатда маҳсулот тақчиллиги юзага кела бошлайди. 1987-1991 йиллар оралиғида СССР ўз нефтини 15 доллар атрофидаги нархда сотади. Ўша пайтда мамлакат раҳбари бўлган Михаил Горбачёв «Нефть нархи ҳеч бўлмаса 18 долларга чиқса, мамлакат бир йилда қўшимча миллиардлаб доллар маблағга эга бўлар эди» деганди афсус билан.

Бугун Саудия Арабистони нефть қазиб олишни кўпайтириши ортидан кўпчилик СССРнинг сўнгги кунларини эсламоқда. Ўшанда ҳам ҳаммаси Саудия томонидан нефть қазиб олиш кўпайтирилишидан бошланган эди...

Ғайрат Йўлдош

Мавзуга оид