Жамият | 08:39 / 24.03.2020
14515
3 дақиқада ўқилади

Терговчига пора таклиф қилган шахс ушланди

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда

Фото: Тергов департаменти

2020 йилнинг 18 март куни Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувида бўлган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (ўғирлик) билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тузилган тергов-тезкор гуруҳи ходимлари томонидан Самарқанд вилояти Пахтачи туманида яшовчи бир неча фуқароларни яшаш уйлари ва ёрдамчи хўжаликларида тинтув тергов ҳаракати ўтказилган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, унинг давомида Пахтачи тумани “Зарафшон” маҳалласи, “Истиқлол” кўчасида яшовчи 43 ёшли З.Ж.нинг яшаш уйидан таркибида олтин моддаси бўлиши мумкин бўлган 950 килограмм тошлар борлиги аниқланиб, жиноят иши бўйича тергов гуруҳига жалб қилинган Самарқанд вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ҳузуридаги Тергов гуруҳи катта терговчиси томонидан тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Билдирилишича, шу вақтда фуқаро З.Ж. терговчига ҳолатни расмийлаштирмасликни, бунинг эвазига 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора сифатида беришини таклиф қилган, лекин терговчи унга бу ҳаракати ноқонунийлигини тушунтиришига қарамасдан фуқаро З.Ж. 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни беришини такроран маълум қилган.

Терговчи ўзининг уяли алоқа воситасига З.Ж. билан ўрталарида бўлиб ўтган суҳбатни ёзиб олган ва уни DVD дискка кўчириб, З.Ж.га нисбатан қонуний чора кўришликни сўраб, вилоят ИИБ бошлиғининг номига билдирги билан мурожаат қилган.

Мазкур билдирги асосида 2020 йил 18 март куни тахминан соат 15:00ларда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Самарқанд вилоят бўйича бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро З.Ж. Нарпай туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими ходимларининг хизмат хонасида 7 000 000 сўм миқдоридаги пулларни терговчига пора тариқасида берган вақтда тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Нарпай туман прокуратураси томонидан фуқаро З.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид