Жамият | 12:24 / 26.03.2020
35917
2 дақиқада ўқилади

«Асака банк»  собиқ мансабдорларига қарши жиноят иши қўзғатилди

24 март куни АТБ «Асака банк» Андижон филиали бошқарувчиси лавозимида ишлаган Д.Т. ва мазкур филиал кредит бўлими бошлиғи бўлган Х.М.га нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz'га маълум қилди. 

Маълум қилинишича, 1980 йилда туғилган филиал собиқ бошлиғи ҳамда банк кредит бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган шахс томонидан «Ш. ифори» МЧЖга  Андижон шаҳар, Юксалиш кўчасида 5 қаватли турар жой биноси қурилиши учун ажратилган 2 миллиард 960 миллион сўм кредит маблағлари мақсадли сарфланмасдан ўзлаштириб юборилган. Банк собиқ амалдорлари пулларнинг самарасиз сарфланиши ва бу билан банк манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилишига сабабчи бўлганликда айбланмоқда.

Шундан келиб чиқиб, банк филиали собиқ мутасаддиларига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси («Мансабга совуққонлик билан қараш») 1-қисми ва 205-моддаси («Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш») 2-қисми «а» банди билан айб эълон қилинган.

Ўз навбатида «Ш. ифори» МЧЖ раҳбари М.Ш.га ЖКнинг 167-моддаси («Ўзлаштириш») 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид